Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Чакана хизматлар ривожи – халқ розилигининг асосидир

14 Nov 2019

Бугун ривожланишнинг янги босқичини бошдан кечириб, трансформация жараёнларига тайёргарлик кўраётган мамлакатимизда молия муассасалари тизимида хизматлар кўрсатишнинг бозор механизмлари жорий этилиб, уларнинг турлари кенгаймоқда, тадбиркорлар ва аҳоли учун молиявий очиқлик ошиб боряпти. Бу айниқса, банклар тармоғида жадал ривожланаётган сегмент, яъни чакана хизматлар йўналишида янада сезиларли аҳамиятга эга бўлиб бораётир.

Хусусан, кредитларни ажратиш бўйича қарорлар қабул қилишдаги тўсиқ­ларнинг олиб ташланиши, микроқарзлар ажратилишининг соддалаштирилиши, банк карталари асосида нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишдаги қулайликлар каби жиҳатлар шулар жумласидандир. Молия бозорида қарийб ўттиз йиллик тажрибага эга “Туронбанк” АТБ бу борада фаол, энг асосийси, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ўрганган ҳолда иш юритмоқда.

Бунинг яққол мисолини 9-10 ноябрь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган “Чакана банк хизматларининг молия муассасалари тизимидаги ўрни” мавзуидаги семинардан билиб олиш мумкин. Унда банкнинг республика миқёсидаги барча филиалларида “Чакана хизматлар кўрсатиш” департаменти ҳамда касса амалиётлари бўлимларида иш олиб бораётган икки юзга яқин ходимлар иштирок этди. Тадбирдан асосий мақсад эса, фаолиятни сарҳисоб қилиб, чакана банк хизматлари кўрсатиш бозоридаги янги ноу-хауларни ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашиш бўлди.

Семинарни “Туронбанк” АТБ Бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Азиз Тошев очиб берди. Шундан сўнг Марказий банк мутахассиси Шуҳрат Рўзимуродов “Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш борасидаги янгилик­лар” мавзусида маъруза қилди. У ўз сўзида банк тизимига оид қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар ҳамда уларда банклар фаолиятини янада эркинлаштириш мақсадида яратилган янги имкониятлар ҳақида маълумот бериб, иштирокчиларнинг мавзу юзасидан берилган барча саволларига батафсил жавоб қайтарди.

Шунингдек, семинар давомида “Чакана амалиётлар кассалари томонидан аҳолига универсал касса хизматларини кўрсатиш ҳамда бунда операцияларни амалга ошириш тартиби”, “Туронбанк тизимида халқаро пластик карточкалар тизимида амалга оширилаётган ишлар”, “Миллий пластик карточкалар билан ҳисоб китобларни ривожлантириш”, “Халқаро пул ўтказмалари тизимларида операция бажариш ва уларни автоматлаштириш”, “Онлайн омонатларга пул маблағларини кирим қилиш тартиби” сингари қатор масалалар муҳокама қилинди.

Айтиш керак, бугунги кунда “Туронбанк” АТБ 20 та филиали, 37 та минибанки, 7 та банк хизматлари маркази, 23 та валюта айирбошлаш ва 35 та халқаро пул ўтказмалари шохобчаси ва 29 та коммунал ва махсус кассалар орқали ҳам юридик ҳам жисмоний шахсларга кенг кўламли банк хизматларини кўрсатиб келмоқда.

Хусусан, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш ва пластик карточкалар эмиссиясини кўпайтириш борасида қатор амалий чоралар кўрилиши натижасида жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига банк томонидан муомалага чиқарилган пластик карточкалар сони 552 650 донани ташкил этди (шундан, 18 276 та “Humo” пластик карточкалари).

Бундан ташқари, банк томонидан жорий йилнинг 9 ойи мобайнида жами 9,3 млн. АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари конверсия орқали ҳамда 1,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар тўғридан-тўғри хорижий валютадаги пластик карталарга кирим қилинган.

Шунингдек, “Туронбанк” АТБ инновацион хизмат турларидан фойдаланган ҳолда ўз-ўзига хизмат кўрсатишни янада оммалаштириш мақсадида республиканинг барча ҳудудларида 24/7 ёки 365 тизимида фаолият юритувчи “Автоматлаштирилган тўлов марказ”ларини жорий этган. Уларда 63 та миллий валютада, 28 та хорижий валютада ва 33 та “Humo” карталарига хизмат кўрсатувчи банкомат ва 207 та ўз – ўзига хизмат кўрсатувчи инфокиос­ка ўрнатилди.

Молия муассасаси масофадан хизмат кўрсатиш хизматларини ҳам ривожлантирмоқда. Хусусан, “MyTuron” мобил иловаси орқали коммунал ва бюджет тўловларини амалга ошириш, онлайн тарзда пул маблағларини муддатли омонатларга ўтказиш, онлайн конверсия амалиётларини амалга ошириш каби хизматларни бажариш мумкин. Йил бошидан мобил илова орқали банк мижозларига 9 млн. 537,8 минг АҚШ доллари сотилди.Семинар давомида иштирокчилар эришилган ютуқлар билан бирга, фаолиятга жорий қилиш керак бўлган янгиликлар ҳақида ҳам ўзаро фикр алмашишди ҳамда қизғин баҳс-мунозарага киришишди. Шу билан бирга, янги ташаббуслар илгари сурилди.

Унинг якуни бўйича эса, “Туронбанк” АТБнинг Республика миқёсидаги барча филиалларда “Чакана хизматлар кўрсатиш” департаменти ҳамда касса амалиётлари бўлимларида фаол иш олиб бораётган ходимлар “Энг кўп мижозга хизмат кўрсатган ходим”, “Халқаро пул ўтказмалари бўйича энг намунали ходим”, “Касса ичида самарали меҳнат фаолияти учун”, “Тўлов тизимларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” каби ўндан ортиқ номинациялар бўйича тақдирланишди.

Бир сўз билан айтганда, тадбир мижозлар эҳтиёжларига мос хизматлар кўламини кенгайтириб бориш "Туронбанк"нинг чакана хизматлари ривожланишининг асосий мезонига айланаётганининг яна бир карра исботи бўлди.

Қолаверса, семинарнинг иккинчи кунида тадбир иштирокчилари пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилишди. Жумладан, банк ходимлари яқинда бун­ёд этилган замонавийлик ва муҳташамлик маркази бўлган – “Тошкент Сити”ги ташриф буюриб, у ердаги бунёдкорлик ишларининг гувоҳи бўлишиб, бир олам таассурот олиши баробарида ички туризм ривожига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшишди.

/ Манба: finance.uz / Кўришлар: 22
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech