Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

«Туронбанк» ходимлари учун навбатдаги ўқув семинари Самарқандда ўтказилди

«Туронбанк» ходимлари учун навбатдаги ўқув семинари Самарқандда ўтказилди
20 Feb 2018
«Туронбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан ходимларнинг ҳуқуқий онгини, маънавий-маърифий савиясини ошириш ва қайта тайёрлаш мақсадида турли мавзуларда ўқув семинарлари ташкил этиб келинмоқда. Навбатдаги ана шундай тадбир ноодатий тарзда ташкил этилиб, банкнинг бош идораси, Тошкент шаҳри ва вилоят филиалларининг юздан ортиқ ходимлари ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида учрашдилар.

Мазкур семинар турли соҳаларнинг етакчи мутахассислари, шунингдек университетлардан профессорлар иштирокида тижорат банклари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, банк операцияларини тартибга солишда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни қўллаш ҳамда банк тизимида бухгалтерия ҳисоби ва солиқ қонунчилигига оид янгиликлар муҳокама этилди.

Тадбир давомида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, банк-молия соҳасини янада ислоҳ қилишга доир Президентимизнинг фармон ва қарорлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятига эътибор қаратилди. Бундан ташқари, «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури ижросини таъминлашда банк тизими олдида турган устувор вазифаларнинг бажарилиши юзасидан амалий таклифлар билдирилди.

Семинарнинг ўқув қисми якунлангандан сўнг «Туронбанк» АТБ ходимлари ишлаб чиқариш жараёни билан танишиш учун банк томонидан молиялаштирилган Самарқанд вилояти Булунғур туманида жойлашган мева-сабзавотларни қайта ишлашга мўлжалланган «SAMARKAND GARDEN PLAST» МЧЖ ва Самарқанд шаҳрида жойлашган Корея технологиялари асосида ташкил этилган иссиқхона «SAM CHEVAR ASADBEK» МЧЖга ташриф буюрдилар. Таъкидланганидек, шу тариқа, банк янги замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, мавжуд корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, бунинг ҳисобига эса янги иш ўринларини яратишни кўзда тутмоқда.
«Туронбанк» акциядорлик тижорат банки ички туризмни ривожлантириш, ходимларни туристик саёҳатларга жалб қилишга алоҳида эътибор қаратиб келаётган биринчи маҳаллий банк ҳисобланади. Шундай қилиб, семинарнинг иккинчи куни банк ходимлари Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятида жойлашган тарихий қадамжоларга зиёрат-туризмини амалга оширдилар.

Аввалига Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг мемориал мажмуаси зиёрат қилиниб, унинг ҳақига қуръон тиловат қилинди. Шундан сўнг саёҳат давомида «Шохи Зинда» мавзолейи, «Улуғбек расадхонаси», «Хазрати Дониёр», «Имом ал-Бухорий» зиёратгоҳлари, «Бибихоним мадрасаси» ва «Регистон» майдонига зиёратлар уюштирилди.

Шунингдек, банк ходимлари саёҳат давомида Самарқанд шаҳрининг қадимий обидалари, гўзал архитектураси ҳамда ушбу заминнинг ўзига хос миллий анъаналари билан яқиндан танишиб, бу ерда ҳам олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари тўғрисида қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар.

Ўқув семинари ва туристик саёҳатда иштирок этган ходимлар катта таассуротлар билан ўзлари фаолият юритаётган ҳудудларга қайтдилар. Банк томонидан бу каби саёҳатларни мунтазам равишда мамлакатимизнинг бошқа тарихий қадамжолари ва сўлим масканларига ҳам уюштириш режалаштирилган.
/ Манба: gazeta.uz / Кўришлар: 143
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech