Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Туронбанк бўлажак банкирларни ҳозирдан тарбияламоқда

Янгиланган сана:  14 Феврал 2024, 17:58
1 Nov 2019

Ҳар биримиз ҳаётимиз давомида ортирган маблағларимизни жамғариб, эҳтиёжимизни қондиришга сарфлаймиз. Кимдир бунинг учун шахсий сейфлардан фойдаланса, яна кимдир сердаромад бизнеснинг айланма пулларини кўпайтириш ва шу орқали мўмайгина улушга эга чиқишга интилади. Аммо ҳар икки ҳолатда ҳам маълум бир хавф мавжуд. Бу борада эса энг тўғри ва ишончли ечим банк омонатларидан фойдаланишдир. Хўш, айни шу йўналишда аҳоли, айниқса, ёшларнинг саводхонлиги қандай? мамлакатимиз молия муассасалари таклиф этаётган ушбу хизматдан улар қанчалик фойдаланишмоқда?

Шу каби саволларга жавоб олиш ва ўғил – қизларга янада кўпроқ маълумот бериш мақсадида “Туронбанк” АТБ Республика миқёсидаги филиаллари орқали барча ҳудудлардаги умумтаълим мактабларида 31 октябрь “Бутунжаҳон жамғариш куни” муносабати билан бир қатор тадбирларни ўтказди.

Хусусан, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 241 – сонли таълим муассасасининг 3 ва 9 синф ўқувчилари ўртасида “Омонат ўзи нима ва нима учун керак?”, “Нақдсиз ҳисоб – китобларнинг афзаллиги нимада” мазмунидаги очиқ дарслар ва “Нима учун тежаймиз?” ҳамда “Молиявий дунё болалар нигоҳида” мавзуларида иншо ёзиб, расмлар чизиш ижодий танловлари ўтказилди.

Мактабниг 9 “А” синфи ўқувчилар билан бўлган мулоқотда “Туронбанк” АТБнинг Мирзо Улуғбек филиали бошқарувчи ўринбосари Ровшан Маюсупов “Бутунжаҳон жамғарма куни”нинг келиб чиқиш тарихи, унинг аҳамияти ва мақсадлари ҳақида тўлиқ маълумот берди. Таъкидланишича, ушбу сана 1989 йил октябрь ойининг охирги кунида италиялик профессор Раввица томонидан расман эълон қилинган. У нафақат маблағларни балки, кенг маънода вақтни, энергия манбаларини, минералларни ва табиий бойликни тежашни ҳам ўз ичига олади.

Бундан ташқари, “очиқ дарс” давомида айни пайт банклар томонидан шу йўналишда кўрсатилаётган омонат хизматлари, уларнинг тури ва афзалликлари бўйича сўз юритилди. Ўқувчилар неча ёшдан маблағларни банкка жойлаштириш мумкинлиги, уларнинг кўпайиш муддати каби қатор саволларга жавоб олишди. Шундан сўнг улар “Омонат нима учун зарур” деган мавзу остида ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини қоғозга туширишди.

20 дақиқа вақт берилган иншо якунлари бўйича Нафосат Насриддинова биринчи, Жасмина Нажмиддинова иккинчи ва Муҳаммаджон Самандаров учинчи ўринларни эгаллашди. Уларга “Туронбанк” АТБ раҳбарияти томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Мен олдиндан ота – онам берган маблағларини тежаб, уларни ўзимнинг жамғарма қутичамда сақлайман. Ҳар сафар уни очганимда эса нимага сарф қилишни билмай, иккиланиб қоламан. Банкирлар билан бўлган мулоқотдан сўнг маблағларимни молия муассасасига жойлаштириш истаги пайдо бўлди. Бу жуда ҳам қулай ва осон экан. Шунингдек, жамғариш деганда, ер юзидаги ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш ҳам тушунилишини билиб олдик. Очиқ дарсимиз якунида ўтказилган иншолар танловида менинг фикрларим энг яхшиларидан бири дея топилди ва эсдалик совғалари топширилди. Мен бундан жуда ҳам хурсандман деди ўқувчи Жасмина Нажмиддинова.

Катта ёшдаги ўқувчилар билан муваффақиятли ўтган тадбирдан сўнг, жажжи билимдонлардан ташкил топган 3 “Б” синфи ўғил – қизларининг ҳам бу борадаги тасаввурлари ўрганилди. Яъни улар “Жамғармани нимага сарфлайман”, “Менинг орзуимдаги банк” мавзуларидаги расмлар танловида иштирок этишди. Белгиланган вақт давомда болажонлар хоҳиш ва истакларидан келиб чиққан ҳолда қаҳрамонларини гавдалантиришди.

Кимдир банкни маблағ тўла қопга қиёсласа, яна кимдир янги номдаги молия муассасасини ташкил этиш ғоясини илгари сурди. Натижаларга кўра эса Мадина Ҳасанова биринчи, Робия Маманазарова иккинчи ва Аббос Мусаев учинчи ўринларни эгаллашди. Уларга ҳам “Туронбанк” АТБ раҳбарияти томонидан тайёрланган турли хилдаги совғалар топширилди.

“Бутунжаҳон жамғариш куни” муносабати билан ташкил этилган тадбирларимиз кутилгандан-да самарали ўтди. Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга биздан жавоб олиб, кўплаб янгиликлардан бохабар бўлишди. Тўғриси, айрим саволлар бизни ҳам бироз ўйлантириб қўйди. 50 нафарга яқин ёшлар билан мулоқот қилган бўлсак, уларнинг ярмидан кўпи банкир бўлишга ва ўз маблағларини омонатга қўйишга қизиқиш билдиришди. Бу эса биз ўз мақсадимизга етганимиздан далолатдир. Аҳамиятли жиҳати, бу каби “очиқ дарс” тадбирлари мунтазамлик касб этаяпти. Биз доим турли хил мавзулар билан уларга янги – янги маълумотларни бериб боряпмиз деди “Туронбанк” АТБ Мирзо Улуғбек филиали бошқарувчи ўринбосари Ровшан Маюсупов.

Бир сўз билан айтганда, 1036 нафар ўқувчини ўз бағрига сиғдирган ушбу таълим маскани билан “Туронбанк” АТБ Мирзо Улуғбек филиали ходимлари ўртасида яхши ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Ҳафтанинг маълум бир куни банкирлар “Иқтисод”, “Тадбиркорлик асослари” каби мавзуларда очиқ дарсларни ўтказишади.

Шунингдек, “Бутунжаҳон жамғариш куни” муносабати билан “Туронбанк” АТБнинг барча бўлинмаларида бўлгани каби Юнусобод филиалида ҳам тумандаги 9 – умумтаълим мактабининг 6 - синф ўқувчилари учун “очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди. Унда ўғил - қизлар молия муассасасининг иш фаолияти, таклиф этаётган хизматлари айниқса, турли хилдаги омонатлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишди.

Қолаверса, тадбир давомида болажонлар учун кўнгилочар дастур ҳам ташкил этилиб, унда қатор танлов ва викториналар ўтказилди.

Берилган саволларга тўғри жавоб берганларга банк раҳбарияти томонидан тайёрланган қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Махсус таклиф этилган кўзбойлағичнинг қизиқарли чиқишлари эса ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.

Шу ўринда қўшимча қилиш керак, “Туронбанк” АТБ “Бутунжаҳон жамғариш куни” муносабати билан Республика миқёсидаги филиаллари орқали 12 та мактабда очиқ дарслар ва расмлар танловини ўтказиб, яна 4 та таълим муассасасида очиқ эшиклар куни тадбирларини ташкил этди. Натижада юзлаб ўқувчиларнинг бу борадаги саводхонлиги ошиб, молиявий билимлари янада мустаҳкамланди.

/ Манба: finance.uz / Кўришлар: 2012
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech