Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этаётган “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки барча кўрсаткичларнинг барқарор ўсишига ҳам эришмоқда. Бу эса халқаро ва миллий рейтинг агентликлари томонидан эътироф этиб келинмоқда. Жумладан, ўтган йили “Standard&Poor’s” халқаро рейтинг агентлиги томонидан молиявий муассасанинг ривожланиш истиқболлари бир поғонага кўтарилиб, “В/В” “барқарор” даражасида тасдиқланди.

Жорий йилда ҳам бир қатор муҳим вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Хусусан, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида қайд этилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида турли тадбирларни амалга ошириш давом эттирилмоқда.

Республика молия бозорида ўз ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида “Туронбанк”да 2019-2021 йилларга мўлжалланган стратегик ривожланиш режаси ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур стратегия асосида барқарорликни таъминлаш учун барча имкониятлардан фойдаланиляпти. Молиявий муассасанинг бугунги кунда 20 та филиали, 37 та минибанки, 36 та халқаро пул ўтказиш, 23 та валюта айирбошлаш шохобчаси ва 43 та коммунал, жамғарма ва махсус кассаси орқали 22 мингдан зиёд юридик ҳамда 600 минг нафардан ортиқ жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Замонавий менежмент услубида ва белгиланган стратегия асосида иш юритишга алоҳида эътибор қаратилаётгани боис салмоқли натижаларга эришилмоқда.

Пировардида 2019 йилнинг биринчи чорагида банк активлари 3,5 трлн. сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 трлн. сўмга ёки 161 фоиз кўпайишига эришилди. Активларнинг кўпайиши, асосан, кредит қўйилмаларининг 1,5 трлн. сўм ва жами банк капитали 50,2 млрд. сўмга ортганлиги ҳиссасига тўғри келади. Банкнинг ликвидлилик, ишончлилик, тўловга қобилиятлилик каби асосий кўрсаткичлари барқарорлиги таъминланиб, жами капитали 106 фоиз ўсиб, 924 млрд. сўмни ташкил этди.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун 314,4 млрд.сўм, микрокредитларга 21 млрд. сўм, аёллар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлашга 34,7 млрд. сўм, оилавий тадбиркорлик ва хунармандчиликни ривожлантиришга 24 млрд. сўм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришга 110 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилгани бу борадаги ишларнинг амалий самарасидир.

Шунингдек, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ҳамда давлатимиз раҳбарининг “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш ва уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 47,4 млрд. сўм миқдорида микрокредитлар йўналтирилди. Пировардида кўплаб иш ўринлари яратилди, айниқса, ёшларнинг бандлиги таъминланди.

Энг асосийси, республикамиз Президентининг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, кўрсатиладиган хизмат турларини кенгайтириш мақсадида аҳолининг шахсий эҳтиёжларини қондиришни молиялаштириш учун ўтган йилдан бош­лаб “Микроқарз”, яъни My Turon мобил иловаси жорий этилиб, онлайн тарзда кредитлар ажратиш йўлга қўйилди. Жами 7,7 млрд.сўм миқдорида, шундан 52 млн. сўми мобил илова орқали онлайн тарзда микроқарз берилди.

Инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида 841,2 млрд. сўм миқдоридаги инвестицион кредитлар йўналтирилди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги учун 185,6 млрд. сўм, янги объектларни қуриш ва модернизациялаш йўналишига 248,3 млрд. сўм, саноатга 195,7 млрд. сўм, хўжалик юритувчи субъектларнинг моддий-техник базасини таъминлаш ва маиший хизмат кўрсатишга 64,5 млрд. сўм, транспорт ва коммуникация тармоғига 42,4 млрд. сўм ва бош­қа мақсадларга 104,7 млрд. сўм миқдорида инвестицион кредитлар ажратилди. Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифлари давомидаги топшириқларини бажариш учун 175 та лойиҳани молиялаштиришга 313,8 млрд. сўм кредит маблағи берилиб, лойиҳаларнинг тўлиқ ишга туширилиши натижасида 1 000 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Бундан ташқари, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида мева-сабзавотчиликни ривожлантириш бўйи­ча 25 млн. АҚШ доллари ва Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида чорвачиликни ривожлантиришга 10 млн. АҚШ доллари ҳамда Осиё тараққиёт банки иштирокида мева-сабзавотчилик тармоғи учун 40 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағлар жалб этилган.

Шунингдек, мамлакатимиздаги мавжуд ГЭСларни модернизация қилиш, янги кичик ГЭСларни қуриш учун бугунги кунда Хитой Экспорт-импорт банкининг 58,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларини жалб қилиш юзасидан келишув имзоланган бўлиб, лойиҳалар молиялаштирилмоқда. Айни пайтда мазкур йўналиш бўйи­ча Хитой Экспорт-импорт банки билан яна қўшимча 85,8 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит маблағларини жалб қилиш юзасидан келишувга эришилиб, 4 та ГЭСни модернизация қилиш ва 5 та кичик ГЭСни қуриш ишларини молиялаштириш бошлаб юборилган.

Яқинда пойтахтимизда “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида юқоридагилар хусусида сўз юритилиб, мутасаддиларнинг амалга оширилган ишлар юзасидан ахборотлари эшитилди.