Республикада лимон кўчатларини етиштириш ва лимон етиштирувчи иссиқхона хўжаликларини ташкил этишни жадал ривожлантириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш ҳамда аҳоли бандлиги ва даромадлари даражасини ошириш, айниқса, қишлоқ жойларда янги иш ўринлари яратиш механизмини таъминлайдиган ягона ташкилий тизимни барпо этиш ҳамда инновацион технологиялар асосида лимон етиштиришни комплекс ривожлантириш мақсадида 2018 йил 6 мартда Юртбошимизнинг “Ўзбекистон Республикасида лимончилик соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди.

Шу асосда мамлакатимизда лимон етиштиришни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, Лимон етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ташкил этилганди.

Бу борада, яъни юртимизда қишлоқ хўжалигини маҳсулотларини етиштириш ва уларни экспортга йўналтириш борасида тижорат банклари томонидан ҳам амалий чора-тадбирлар кўраётганини алоҳида қайд этиш даркор. Айниқса, банкларнинг иссиқхона ташкил этишга ажратаётган сармоялари қисқа фурсатда самара бериб, экспортбоп озуқа маҳсулотлари сони ва ҳажмининг ортишига замин яратмоқда.

Бу борада «Туронбанк» АТБ ҳам бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, яқинда Туронбанк томонидан Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида лимончиликни ривожлантириш бўйича амалий семинар ташкил этилди. Унда «Туронбанк» АТБ Бошқаруви раиси Ч.С.Мирзаев, Лимон етиштириш ва экспорт қилувчилар уюшмаси раҳбарияти, Тошкент аграр университети профессор-ўқитувчилари, Жарқўрғон туман ҳокими З.Давлатов ҳамда лимон етиштирувчилар ва соҳага қизиққан ташаббускорлар иштирок этди.

Семинарда бугун юртимизда лимончилик соҳасига қаратилаётган эътибор ва тақдим этилаётган имтиёзлар хусусида сўз юритилди. Хусусан, “Туронбанк” АТБ Бошқаруви раиси Ч.С.Мирзаев тадбир қатнашчиларига лимончилик соҳасига банк томонидан ажратилаётган имтиёзли кредитлар ҳамда бу тармоқнинг истиқболли ва сердаромад экани ҳақида таъкидлаб, тадбиркорларнинг кўплаб саволларига батафсил жавоб қайтарди.

Шунингдек, семинар давомида Лимон етиштириш ва экспорт қилувчилар уюшмаси ҳамда Тошкент аграр университети вакилларининг иссиқхона ташкил этиш, лимонни қайта ишлаш ҳамда лимон етиштириш бўйича тавсия ва маърузалари тингланди.

Бундай сермазмун учрашув шу куни Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида “UZAGRO LIDER” МЧЖ ҳудудида ҳам ташкил этилди. Шуниси эътиборлики, мазкур семинарларда вилоятнинг ўндан ортиқ туманидан 300 яқин лимончиликка қизиққан ташаббускорлар иштирок этди. Уларнинг 20 яқини лимончилик бўйича кредит маблағи олиш истагини билдирди. Семинарда ушбу фуқароларга кредит олиш учун зарур бўлган. Ҳужжатлар бўйича тушунтириш ҳамда кўрсатмалар берилиб, уларнинг ташаббуси Туронбанк томонидан астойдил қўллаб-қувватланиши таъкидланди.