«Туронбанк»: валюта бўйича ҳеч қандай чеклов ёки тўсиқлар ўрнатилмаган

Фото: Туронбанк

Шу йил 16 апрел куни Kun.uz сайтида «Кўпи билан 200 доллар!» – Қатор банклар хорижий валюта сотишда чекловлар ўрнатишмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинган, унда валюта олди-сотдиси билан боғлиқ ҳолатга оид маълумотлар келтирилганди. Ушбу мақола бўйича «Туронбанк» АТБ матбуот хизмати муносабат билдирди.

“Kun.uz сайтида эълон қилинган мақоладаги фактларда жон бор, валюта савдоси бўйича қисман чекловлар ўрнатилгани рост.

Лекин бу қуйидаги сабабларга кўра вақтинча юзага келган вазият:

1. Ҳар қандай маҳсулот (бу ўринда валютага ҳам бир маҳсулот сифатида қараш мумкин) эркин савдосида нархлар талаб ва таклиф асосида шаклланади. Сўнгги кунларда АҚШ доллари курсида кескин ўсиш кузатилди. Бунинг сабаблари ҳақида Марказий банк раиси батафсил тўхталиб ўтди. Ҳолатни ҳар қандай банкнинг бирор шохобчаси мисолида ҳам таҳлил қилишимиз мумкин. Дейлик, эрталаб шу шохобча 10 минг доллар ва 100 млн сўм билан савдони бошлайди. Кун давомида долларга харидор кўпайиши валюта ҳажмини камайтиради ва кейинги харидорларга етмай қолиши мумкин. Сотув фақат келган валютага қараб қолади. Мақолада тилга олинган ҳолат айнан шундай вазиятни назарда тутган ва Kun.uz мухбири ҳам буни тан олиб ўтган;

2. Биринчи вазиятда банкнинг бош идораси зудлик билан қайсидир шохобчани валюта билан таъминлашга ҳаракат қилади. Аммо карантин шароитида, кўпчилик ходимлар масовий ишлашга ўтган, автомобиллар ҳаракати чекланган бир пайтда буни тезкорлик билан амалга ошириш имконияти бўлмай қолиши мумкин;

3. Энг муҳими – тижорат банклари валюта чоп қилмайди ва уларнинг захираси ҳам чекланган. Таклифга нисбатан талаб бир неча карра ошган бир пайтда ҳамиша шундай вақтинчалик саросима ҳолатлари юз беради ва кўпчилик қадри ошиб бораётган валютани сотмасликка ҳаракат қилади. Лекин тез орада бозор ўзи ҳаммасини мўътадиллаштириб қўяди.

Албатта, объектив сабаблар бўлишига қарамай мақолада назарда тутилган ҳолатлар мижозларга ноқулайлик туғдиргани туфайли «Туронбанк» АТБ зарур чораларни кўради. Жумладан, барча шохобчаларда хорижий валюта миқдорда бўлишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Бу масала бўйича сусткашликка йўл қўйган ходимларга интизомий жазолар қўлланилди.

Мазкур вазиятга Туронбанк раҳбарияти тезкор муносабат билдирганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

“Мижозларни ишонтириб айтамизки вақтинчалик бу ҳолатлар бартараф қилинмоқда ва тез орада ҳаммаси изига тушади” деди “Туронбанк” АТБ Бошқарув Раисининг биринчи ўринбосари Азиз Тошев.

Яна бир жиҳатни эсга олиш лозим – халқимиз анъаналарга кўра нақд валютани хуш кўради. Ҳолбуки «Туронбанк» АТБда пластик карточкалар орқали барча амалиётларни бажариш мумкин ва бу нақд пуллар муомаласига нисбатан анча қулай ҳам.

Хусусан, MyTuron мобил иловасида онлайн-конверсия мавжуд ва валюта баҳоси нисбатан арзон ҳам. Амалиётни амалга ошириш учун Туронбанкнинг “Visa” ёки “Mastercard”  карталари керак бўлади.

Шунингдек, банкнинг расмий сайти turonbank.uz, Facebook, Instagram ва Telegram'даги саҳифалари ҳамда MyTuron мобил иловасига аъзо бўлиб, валюта курслари (шу жумладан онлайн-конверсия ҳақида ҳам) ўзгаришлари ҳақида маълумотларни биринчилардан билиб бориш мумкин.

2020 йил 17 апрель ҳолатига Туронбанкда онлайн-конверсия курси сотиб олиш - 10 100 сўм ва сотиш 10 120 сўмни, айирбошлаш шаҳобчаларида эса сотиб олиш - 10 100 сўм ва сотиш эса 10 150 сўмни ташкил этмоқда.

Сиз яқинларингиз даврасида карантинни бехавотир ўтказинг, биз эса барча молиявий юмушларингизни бажаришга кўмаклашамиз, дейилади «Туронбанк» АТБ матбуот хизматининг Kun.uz’га йўллаган муносабатида.