Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

2019 йилни Туронбанк ижобий ўзгаришлар билан якунлади

Янгиланган сана:  18 Феврал 2020, 17:52
3 Feb 2020

Йиллар давомида тобланган тажриба ўз сўзини айтди

Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори банк-молия тизими ҳам жадаллик билан равнақ топиб бормоқда. Ушбу соҳа вакиллари халқ ичига кириб, уларнинг орзу-ҳаваслари, яшаш тарзи билан яқиндан танишмоқда. Энг муҳими, уларга имтиёзли кредитлар ҳамда бошқа молиявий хизматлар таклиф этилмоқда. Бундан руҳланган юртдошларимиз ўзларининг тадбиркорлик фаолиятларини бошлаб, халқимиз фаровонлиги ва юртимиз тараққиёти йўлида меҳнат қилиб келмоқда. Ушбу жараёнларда “Туронбанк” АТБнинг ўрни ва салоҳияти ҳам кундан кун юксалиб, ишбилармон юртдошларимизнинг энг яқин кўмакчиси ва суянчига айланиб бормоқда. 

photo_2020-01-31_17-06-01.jpg

Вақт давомида синалган ишонч!

Сўнгги йилларда банк-молия тизимини янада ислоҳ қилиш, аҳолига ҳар жиҳатдан замонавий хизмат кўрсатиш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Хусусан, соҳага ҳозирги замонда бозор механизмларини кенг татбиқ этиш, хусусий ва хорижий капитал ҳисобидан давлат банклари улушини босқичма-босқич камайтириш, кредитлаш сифати ва маданиятини ҳар томонлама юксалтириш, янги молиявий инструментларни ишга тушириш ва илғор ахборот технологиялари асосида банк тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, мамлакатимиз молия бозорида ўз ўрнини тобора мустаҳкамлаб бораётган “Туронбанк” АТБ ҳам 2019 йилни кутилгандан-да ижобий натижалар билан якунлади. Яъни банк устав капиталини ошириш, ресурс базани мустаҳкамлаш, активлар сифатини яхшилаш, жалб қилинган маблағларни инвестиция мақсадларига, биринчи навбатда иқтисодиётнинг реал секторига йўналтиришга қаратилган самарали ишлар бажарилди.

photo_2020-01-31_17-06-12.jpg

Молия муассасасининг жами капитали 2020 йил 1 январь ҳолатига 1,1 триллион сўмни ташкил этди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 198,4 миллиард сўмга ёки 22,2 фоизга ошганидан далолат беради. Шунингдек, банк активлари қарийб 6 триллион сўмга етганини катта мамнуният билан айтиш мумкин.

“Туронбанк” АТБ кредити янги брендларга асос солмоқда

Банкнинг 2019 йил давомидаги кредитлашга оид фаолияти иқтисодиётнинг устувор йўналишларини молиялаштиришга қаратилди. Хусусан, жорий йилнинг 1 январь ҳолатига банкнинг жами кредит қуйилмалари 4,26 триллион сўмни ташкил қилиб, шундан 365,03 миллиард сўми қисқа муддатли кредитлардан ва 3,9 триллион сўми узоқ муддатли кредитлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

photo_2020-01-31_17-08-42.jpg

Жами кредитлар қолдиғининг 3,8 триллион сўми (90,6 %) юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик субъектларига ва 402,2 миллиард сўми (9,4%) жисмоний шахсларга тўғри келмоқда. Юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредит қўйилмалари қолдиғининг 1,6 триллион сўми (37,1%) саноатга, 598,4  миллиард сўми (14,1%) қишлоқ хўжалигига, 198,1  миллиард сўми (4,6%) транспорт ва коммуникация соҳасига, 525,7 миллиард сўми (12,3%) қурилиш соҳасига, 390,6 миллиард сўми (9,2%) савдо соҳасига, 39,3 миллиард сўми (0,9%) уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш соҳасига ҳамда 529,7 миллиард сўми (12,4%) иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига ажратилган.

photo_2020-01-31_17-07-28.jpg

Шу ўринда кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилган ишларни ҳам келтириб ўтиш жоиз. Таҳлилларга кўра, “Туронбанк” АТБ томонидан ўтган 2019 йил давомида ишбилармонларга 1,9 триллион сўм кредит ажратилди. Ушбу жараёнда микрокредитлар ажратишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида жами ажратилган молиявий кўмакларнинг 230,2 миллиард сўми микрокредитлардан иборат бўлди.

photo_2020-01-31_17-08-07.jpg

Бундан ташқари, ўтган йилда иқтисодиётнинг реал секторини қўллаб-қувватлаш мақсадида технологик ускуна, хом ашё ва материаллар сотиб олиш учун ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга 435,6 миллиард сўм, ноозиқ овқат маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларга эса 314,4 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Қолаверса, кўрилаётган даврда аёллар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 147,1 миллиард сўм, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга 64,0 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди.

Инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш — устувор мақсад

“Туронбанк” АТБ мижозларга янада каттароқ ҳажмдаги молиявий амалиётларни кўрсатиш стратегиясини ишлаб чиқди ва бу орқали рентабелликнинг барқарор даражасига эришиб, хатарларни бошқариш тизимини оптималлаштирди. Натижада янги имиж яратишга эришган банк иқтисодиётнинг реал секторларини молиялаштириш ҳажмларини кенгайтириб, мижозлар сонини янада оширди.

photo_2020-01-31_17-08-45.jpg

2019 йилда 202,0 миллион доллар миқдорида хорижий кредит линиялари маблағлари жалб қилинган бўлиб, шундан ҳукумат кафолати остида 130,5 миллион доллар, тўғридан-тўғри музокаралар натижасида эса 51,5 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилди. Уларнинг манбалари эса Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Хитойнинг Эксимбанки, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, “Газпромбанк”, Хусусий секторни ривожлантириш ва Халқаро ислом савдони молиялаштириш корпорациясидир.

photo_2020-01-31_17-08-32.jpg

Шу билан бирга, банк томонидан ҳукумат кафолати асосида Хитойнинг Экспорт-импорт банкидан 209,9 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари жалб қилинган бўлиб, мазкур лойиҳа доирасида маблағлар “Ўзбекгидроэнерго” АЖ таркибидаги 14 та ГЭСларни модернизация қилиш, янги кичик ГЭСларни қуриш мақсадлари учун 94,4 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилди. Бир сўз билан айтганда, “Туронбанк” АТБ томонидан 2019 йилда жами 1,9 триллион сўм миқдорида инвестицион кредитлар ажратилди. 

photo_2020-01-31_17-08-20.jpg

Бугунги кунда, банк томонидан 174 га ер майдонида лимон етиштиришга мўлжалланган замонавий иссиқхоналар ташкил этиш бўйича 60 та лойиҳага хорижий кредит линия маблағлари ҳисобидан 43,4 миллион доллари миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларга ташрифи ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнига мувофиқ юклатилган топшириқларга асосан ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 2019 йилда жами 226 та лойиҳани молиялаштириш учун   656,6 миллиард сўм миқдорида банк кредити ажратилган.

photo_2020-01-31_17-06-18.jpg

Ҳар бир оиланинг тадбиркорлигига қўшилган ҳисса

“Туронбанк” АТБ аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширган ишлари ҳақиқатан ҳам эътирофга лойиқ. Боиси “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида ўтган йил давомида аҳоли ва кичик бизнес субъектларига жами 157,1 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. Шундан, 312 нафар тадбиркорга 43,6 миллиард сўм, 7 116 нафар жисмоний шахсларга 113,5 миллиард сўмлик кредитлар берилди.

Ушбу 157,1 миллиард сўмлик имтиёзли кредитларнинг 1,3 миллиард сўми балиқчиликка, 23,4 миллиард сўми иссиқхона ташкил қилиш учун, 2,3 миллиард сўми қуёнчилик соҳасига, 17,9 миллиард сўми қуйчиликни ривожлантиришга, 13,8 миллиард сўми паррандачиликни ташкил қилишга, 16,4 миллиард сўми тикувчиликка, 1,6 миллиард сўми боғдорчилик соҳаси учун, 37,0 миллиард сўми ишлаб чиқаришни тараққий эттиришга, 5,3 миллиард сўми асаларичиликка, 36,9 миллиард сўми қорамолчилик соҳасига, 1,1 миллиард сўми эса бошқа йўналишларга йўналтирилди. Биргина бу эмас. Тадбиркорга маблағ ажратилгач, уларнинг ишлари токи ривож топгунича банкнинг диққат марказида бўлди. Ёйинки, тадбиркор етиштирган ҳамда ишлаб чиқарган маҳсулотларига юртимиз ва хориж борзорларидан харидор, бозор топишга кўмаклашди. Яна шуки, тадбиркор даромадга кирмагунча уларга кредит сўндиришнинг имтиёзли даври белгилаб берилди.

Ипотека, истеъмол ва аҳоли тадбиркорлиги йўлида эҳтиёжлар қондирилмоқда

Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга амалга ошираётган ташрифлари чоғида берилаётган вазифалар ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига асосан “Туронбанк” АТБ аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш йўлида изчил ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, ўтган йил давомида фуқароларга уй-жой сотиб олиш учун жами 75,0 миллиард сўм миқдорида молиявий кўмак берилди. Шундан 3,8 миллиард сўми “Ёш оила”лар ҳиссасига тўғри келади.

Шунингдек, юртдошларимизнинг эҳтиёжларини қондириш мақсадида тақдим этилган истеъмол кредитлари ҳам юқоридаги фикримизнинг мантиқий давомидир. 2019 йил якуни бўйича шу турдаги кредитни расмийлаштирган 3 719 нафар мижозга банк томонидан 74,5 миллиард сўмлик маблағлар ажратилди. Автотранспорт воситаларини харид қилиш истагида бўлганларга ҳам банк томонидан яқиндан кўмак кўрсатилиб, 553 нафар фуқаронинг орзусини рўёбга чиқарди. Уларга умумий миқдорда 32,7 миллиард сўмлик автокредитлар тақдим этилди.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, аҳолига кўрсатиладиган хизмат турларини кенгайтириш мақсадида, 2019 йил давомида 4 341 нафар мижозга 25,6 миллиард сўм миқдорида (шундан 1 117 та мижозга жами 960,8 миллион сўм мобиль илова орқали онлайн тарзда) микроқарз ажратилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиётган 871 нафар талабалар учун 5,1 миллиард сўм таълим кредитлари ажратилди. 2019 йил 30 декабрь ҳолатига кўра, таълим кредитлари қолдиғи 7,8 миллиард сўмни ташкил қилиб, йил бошига нисбатан 2,9 миллиард сўмга ошди.

Чакана хизматларни ривожлантириш халқ розилигини олишнинг асосий омили

Мамлакатимизда банклараро рақобат шароитида аҳолига замонавий банк хизматларини кўрсатиш “Туронбанк” АТБнинг муҳим вазифаси ҳисобланади. Бу борада банк молия бозорининг энг жадал ривожланаётган сегменти, яъни чакана хизматларнинг сифати ва кўламини ошириш мақсадида, мижозларга тезкор ва қулай хизмат турларини таклиф этиб келмоқда. 2019 йил якуни бўйича бу йўналишда ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилди.

photo_2020-01-31_17-07-18.jpg

2020 йил 1 январ ҳолатига кўра, банк тизимида 38 та халқаро пул ўтказмалари шаҳобчаси фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар орқали ўтган 12 ой давомида жами 237,3 миллион доллар миқдорида пул айланмаси бажарилди. 19 та конверсион бўлим ҳамда 26 та валюта айирбошлаш шаҳобчаси томонидан эса аҳолидан 89,8 миллион доллари қабул қилиниб, конверсиядан 5,4 миллион АҚШ доллари сотилди. Шунингдек, “Turonmobile” иловаси орқали ҳам 2019 йил давомида мижозларга 9,8 миллион долларлик конверсия амалиётлари бажарилди.

Нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш самарадорликни оширади

Нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш ва пластик карточкалар эмиссиясини кўпайтириш борасида ҳам Туронбанк томонидан қатор амалий чоралар кўрилди. Хусусан, 2019 йилда банк томонидан муомалага чиқарилган миллий валютадаги пластик карточкалар сони     603 081 донани ташкил этди. Шундан 7 550 таси юридик шахсларнинг корпоратив пластик карточкалари ва 5 687 донаси якка тартибдаги тадбиркорларга тегишли пластик карточкалардир. Қолаверса, ҳисобот даврида жисмоний шахслар учун муомалага чиқарилган пластик карточкаларнинг 55 039 донаси Humo тизимида ишловчи банк карталарини ташкил этмоқда.

photo_2020-01-31_17-08-29.jpg

Бундан ташқари, 2020 йил 1 январь ҳолатига Туронбанк тизимида VISA ва MasterCard халқаро пластик карточкалар тизимида 14 442 та пластик карточкалар эмиссия қилинган бўлиб, шундан, 6610 донаси VISA ва 7832 донаси MasterCard халқаро пластик карточкалари ҳисобланади. Улар орқали 14,89 миллион доллар миқдоридаги пул маблағлари конверсия орқали ҳамда 1,46 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий валютадаги пластик карталарга кирим қилинган.

Бундан ташқари, “Туронбанк” АТБ томонидан MasterCard халқаро пластик карточкалари йўлга қўйилганлиги муносабати билан, ушбу карталарни очишга мижозларни жалб қилиш ҳамда уларни рағбатлантириш мақсадида, ўзига хос акция ўтказилган бўлиб, мазкур акция натижаси бўйича турли хилдаги совғалар, жумладан, Нексия-3 русумидаги автомобиль ҳам ўз эгаларига топширилди. Шунингдек, 2019 йилнинг 15 августидан 1 декабрига қадар “Mastercard халқаро пластик картасидан фойдаланинг ва янги йил таътилини жанубий шарқий осиёнинг илиқ денгиз соҳилларида Туронбанк билан ўтказинг” номли акция ўтказилди ва 2 кишилик йўлланма ўз эгасини топди.

Замонавий банкомат ва инфокиосклар тезкор хизмат гарови

Яна шуни қўшимча қилиш керакки, банк раҳбарияти нақд пул массасини қисқартириш мақсадида, бутун Республика миқёсида тўловларни қабул қилиш имконини берувчи 202 та 7/24 режимида ишловчи ўз-ўзига хизмат кўрсатиш инфокиоскасини жойлаштирди. Улар орқали коммунал тўловлар, уяли алоқа ва бошқа хизматлар учун ҳисоб-китобларни амалга ошириш мумкин. Бевосита пластик карточкаларга хизмат кўрсатиш бўйича эса 63 та Uzcard ҳамда 57 дона Humo банкоматлари ўрнатилди. Ҳозирги кунда, “Туронбанк” АТБ тизимида 28 та махсус валюта айирбошлаш функциясига эга бўлган банкоматлар ишлаб турган бўлиб, яна 35 таси харид қилинди ва жойларда аҳоли хизмати учун тақдим этилмоқда.

photo_2020-01-31_17-08-02.jpg

Аҳоли бўш пул маблағларини жалб қилиш бўйича фаоллик

Ҳисобот даврида аҳолини бўш пул маблағларини банк кассаларига жалб қилиш ишлари ҳам жадаллаштирилди. 2020 йил 1 январь ҳолатига аҳоли омонатлари қолдиғи 522.7,6 миллиард сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 263 миллиард сўмга ёки 2 баробарга ўсди. Банк томонидан аҳолига қулай ва манфаатли бўлган миллий валютада “Мобил омонат”, “Онлайн омонат”, “Эксклюзив”, “Орзу онлайн”, “Хазина онлайн”, “Баҳор онлайн”, “Келажак”, “Имконият”, “Баҳор”, “Хазина”, “Орзу” ва “Барака” ҳамда хорижий валютада “Оптимал”, “Сармоя”, “Хамён”, “Мерос”, “Профит онлайн”, “Хамён онлайн” ва “Оптимал онлайн” омонатлари амалиётга жорий қилинган. 

Яна бир жиҳатни қўшимча қилмай иложимиз йўқ, Туронбанкнинг энг асосий мақсадларида кичик, ўрта ва чакана бизнесни тараққий эттириш ва хизматлар сифатини янада такомиллаштириш энг устуворларидандир. Шунинг учун ҳам ўтган вақт давомида ҳудудларда замонавий, ихчам, қулай кўринишдаги 20 та “банк хизматлари офис”лари ташкил этилди. Насиб этса, жорий йилда уларнинг сонини 100 тага етказиш режалаштирилган. Уларда эса аҳолига тезкор хизмат кўрсатиш билан бирга 24/7 тизимида ишловчи автоматлаштирилган миллий ва хорижий валютадаги банкомат ва инфокиоскларни ҳам ўрни аҳамиятлидир.

Масофавий хизматларни кўрсатишда янги ноу-хаулар

Илғор ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда яратилган «Корпоратив интернет-банкинг», «Мобиль банкнинг» ва жисмоний шахслар учун мўжалланган «My Turon» мобиль иловалари фойдаланувчиларга тақдим этилган. Ушбу тизимлар 2019 йил давомида мижозларнинг талаб ва истаклари асосида янги функционал имкониятлар билан бойитиб борилди. Юридик шахслар учун мўлжалланган «Корпоратив интернет-банкинг» иловаси орқали конвертацияга буюрма бериш, конверсия амалиётларини ўтказиш мумкин.

Шунингдек, жисмоний шахсларга «My Turon» мобиль иловаси орқали Visa ва Master Card халқаро тўлов карталарини очган ҳолда “онлайн” режимда исталган вақтда конверсия амалиётларини ўтказиш, банк депозитларига маблағлар киритиш, кредитларни сўндириш, коммунал, бюджет, солиқ, алоқа, интернет ва бошқа кўплаб хизматлар учун тўловларни ўтказиш имкониятлари яратилган. Қолаверса, Master Card халқаро тўлов карталаридан ҳам конверсия ва қайта конверсия қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Ҳисобот даврида шунингдек ушбу мобил иловага HUMO пластик карталари орқали картадан картага, шу жумладан Uzkard тизими карталарига пул маблағларини ўтказиш ҳамда тўловларни амалга ошириш функциялари қўшилди.

«My Turon» мобиль иловасини Марказий банки қошида ташкил этилган QR-Online тизими билан боғлаш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, «My Turon» мобиль иловасининг Web талқини (версия) яратилиб, ишга туширилди. Жисмоний шахсларга «My Turon» мобиль иловасига киритилган янги «Optimal-online», «Profit-online» ва «Оnline ҳамён» каби омонатларга маблағларни қўйиш имкониятлари яратилди.

Амалга оширилган ишлар натижаси мижозлар сонининг ошишига олиб келди

2020 йил 1 январь ҳолатига жами юридик шахслар сони 23 973 нафарни ташкил этди. Бундан ташқари, тизимда жами 720 316 нафар жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиб келинаётган бўлиб, шундан омонатчилар 156 801 нафарга, пластик карточка эгалари эса 563 515 нафарга етди. Қолаверса, ҳисобот даврида 6 095 тадан ортиқ юридик шахслар ўз ҳисобрақамларини очган бўлиб, бундан 384 таси юқори пул айланмасига эга бўлган корпоратив мижозлар ҳисобланади.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, келтирилган рақамларнинг ижроси ўзи билан бирга яъни халқимизнинг ҳаётида ўз аксини топмоқда. Кимдир ўз томорқасидан фойда олишни бошлаган бўлса, яна кимдир фермер хўжалигини кенгайтирди, бошқалар эса кичик заводини катта бир кластерга айлантириб, қўшни давлатларга маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилишни бошлаб юборган. Бу эса Туронбанк иқтисодиётимизни мутлақо янги асосда ташкил этиш ва янада эркинлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш жараёнларида фаол иштирок этаётганидан далолат беради.

Бир сўз билан айтганда, Туронбанк халқимизни тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатиш билан бирга уларнинг ишончли молиявий ҳамроҳига ҳам айланиб улгурди. Президентимиз таъбири билан айтганда, тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади.

Банк ахборот хизмати.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 143
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech