Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Аҳоли тадбиркорликка кенг жалб этилмоқда

Янгиланган сана:  9 Феврал 2019, 16:32
24 Feb 2017

Мамлакатимизда хусусий тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, аҳолининг банкларга бўлган ишончини ошириш ҳамда янги иш ўринлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирларга мувофиқ «Туронбанк» акциядорлик тижорат банки ҳам «Оддий аҳолини тадбиркор қилиш» шиори остида юртдошларимизни тадбиркорликка янада кенгроқ жалб қилиш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш, ташкилий ҳамда молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида самарали ишларни амалга оширмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилиниши мамлакатимизда фаолият юритаётган барча давлат ва жамоат ташкилотлари, шунингдек, тижорат банклари зиммасига аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда янги иш ўринлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш каби вазифаларни амалга оширишни белгилаб берди. Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида ҳам ушбу масалага алоҳида тўхталиб, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, айниқса, йирик тижорат банклари ўз иш услубларини тубдан ўзгартириб, фуқароларимиз ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ишончини қозониши, уларга кўмакдош бўлиши кераклигини таъкидлаган эди.

Шундан келиб чиқиб, «Туронбанк» АТБ «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да бажарилиши лозим бўлган бир қатор устувор вазифаларни белгилаб олди. Тасдиқланган истиқболли режаларни амалиётга тўла татбиқ этиш мақсадида қисқа муддатда банкнинг мавжуд
18 та филиали томонидан аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш ва микрокредитлар бериш ишлари бошлаб юборилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашуви давомида қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастурга мувофиқ, вилоятнинг Бекобод туманида аҳолига кредит бериш ва хонадонларда паррандачиликни йўлга қўйиш бўйича туман хокимлиги ҳамда «Туронбанк» АТБнинг етакчи мутахассислари иштирокида халқ билан мулоқотлар ташкил этилиб, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолига банк томонидан таклиф этилган кредит турлари ва шартлари ҳақида тушунчалар берилмоқда.

Банкимиз томонидан белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Бекобод тумани аҳолисига парранда сотиб олиш учун имтиёзли кредит маблағларини ажратиш режалаштирилган, дейди – «Туронбанк» АТБнинг Зангиота филиали раҳбари Алишер Асатуллаев. Қолаверса, мутахассисларимиз уйма-уй юриб, аҳолининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун мавжуд имконият ва шароитларини атрофлича ўрганишяпти. Шу аснода махсус сўровлар ҳам ўтказилиб, аҳолининг тадбиркорликка бўлган қизиқишини кучайтириш мақсадида бизнес режа ва таъминот ҳужжатларини тайёрлаш борасида батафсил маълумотлар берилиб, кредит ажратиш жараёни эса кунлик мониторинг қилиб борилмоқда.

«Туронбанк» АТБнинг бундай саъй-ҳаракатлари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ва кредитга талаби бўлган кўпчилик фуқароларга маъқул келмоқда. Банк томонидан ажратилган кредитлар ҳисобига туман аҳолисига боқиладиган паррандаларни етказиб бериш, хонадон эгалари томонидан уларни парвариш қилиниши ва ажратилган кредит маблағларининг ўз муддатида қайтарилишини таъминлаш юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Шунингдек, банк ходимлари тумандаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган бир нечта хонадонга ўз бизнесини бошлаш учун бошланғич бадалсиз ажратилган имтиёзли кредитлар ҳисобига паррандаларни етказиб бераётганлигини ҳам айтиш ўринли. Хусусан, молия муассасаси томонидан тумандаги 461 та хонадон бўйича 16 мингдан ортиқ товуқ сотиб олиш юзасидан кредит шартномалари имзоланди ва шу кунга қадар 280 дан ортиқ хонадонга 10 минг бош парранда етказиб берилди.

Айтиш мумкинки, «Туронбанк» АТБ юртдошларимизнинг ишбилармонлик фаоллигини оширишда ҳар бир ҳудуд имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган молиявий кўмак ва мадад беришнинг ўзига хос усулларини жорий этиш орқали ўз фаолиятини янги жабҳаларда кенгайтирмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида аҳолининг тадбиркорликка бўлган қизиқиши янада ортмоқда. Зеро, бундан кейин ҳам молия муассасаси фуқароларимиз ва тадбиркорларнинг ишончини қозониш ва уларга ҳақиқий кўмакдош бўлиш йўлида собитқадам бўлиб қолаверади.

Тошкент вилояти Бекобод тумани «Хос» МФЙ раиси Г.Холиқулов:

– «Туронбанк» АТБ томонидан туманимиз аҳолиси учун ажратилаётган имтиёзли кредитлар ўз бизнесини бошламоқчи бўлган кўпчиликка манзур бўлмоқда. Банк ходимлари томонидан туманимизнинг ҳар бир маҳалласига уйма уй юриб, мулоқотлар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида туманимиз, қолаверса, маҳалламизда истиқомат қилувчи оилаларнинг даромадлари ошиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг сони камайиб бормоқда. Биргина мисол, яқинда «Туронбанк» АТБнинг Чилонзор филиали мутахассислари маҳалламиздаги кам таъминланган оилаларга 40-80 тадан товуқ тарқатишди. Ушбу эзгу мақсадларга йўғрилган истиқболли саъй-ҳаракатлари учун уларга чуқур миннатдорчилик билдирамиз. Банкнинг бу каби хайрли ишлари кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиниши, шунингдек, бандликка кўмаклашиш, тадбиркорликни ривожлантириш каби устувор мақсадларни амалга оширилиши йўлидаги вазифаларнинг амалдаги исботидир. 

Тошкент вилояти Бекобод тумани «Зиёли» МФЙ истиқомад қилувчи Абдуфаттох Каримов:

– Аҳолининг иш бандлиги ва ижтимоий ҳимоя масалалари давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилаётган айни кунларда «Туронбанк» АТБ томонидан туманимиз аҳолисига кўрсатилаётган молиявий мадад Бекобод туманини иқтисодий жиҳатдан ривожланишига муҳим омил бўлмоқда. Банк томонидан тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли ҳамда кам даромадли оилаларга кўрсатилаётган ҳомийлик ёрдами туфайли бекободлик тадбиркорларнинг сони кундан кунга ортиб бормоқда. «Туронбанк» АТБнинг ушбу эзгу мақсадларга йўғрилган истиқболли саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирган ҳолда, молия муассасасининг келгусидаги фаолиятига янада шижоат тилаб қоламиз.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 731
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech