Мамлакатимизда аҳолининг иш билан банлигини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада ҳар йили ҳукуматимиз томонидан махсус дастурлар ишлаб чиқилаётганлиги муҳим аҳамият касб этади. Республика тижорат банкларининг ажратаётган кредитлари иқтисодиётнинг турли тармоқларини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда ҳамда бу орқали янги бўш иш ўринлари яратилиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги ортиб бормоқда.
Хусусан, «Туронбанк» АТБ ҳам ўз молиявий маблағлари билан мазкур жараёнларда фаол иштирок этаётгани аҳамиятлидир. Банк ўз кредит сиёсатида аҳолини, айниқса ёшларни иш билан таъминлашга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириштиришни банкнинг асосий вазифаларидан бир этиб белгилаб олган. Пировардида банк филиаллари орқали кредит маблағларини ажратишда янги иш ўринлари яратилишини таъминловчи лойиҳаларга устувор равишда аҳамият қаратмоқда.
Жумладан, банк томонидан ихчам лойиҳаларга кам суммада ажратилаётган микрокредитлар банк манфаати учун йирик кредитларга нисбатан хатар даражасини камайтираётган бўлса, жамият манфаати учун мамлакатда кўплаб янги иш ўринлари ташкил қилинишига ҳисса қўшмоқда.
«Туронбанк» АТБ томонидан 2015 йил мобайнида жами 23,2 млрд. сўм миқдорида маблағ ёки 2014 йилга нисбатан қарйиб 1,8 баробарга кўп микрокредитлар ажратилганлиги банк ўз режалари амалиётини юқори бажараётганидан далолатдир. Шунингдек, банк ўз ишини жорий йилда ҳам самарали давом эттириб келмоқда. Хусусан, 2016 йилнинг дастлабки чорагида 10,8 млрд. сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,9 баробарга кўп микрокредитлар ажратилди.
Микрокредитлар ажратишда банк касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш, шахсий ёрдамчи хўжаликларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, оилавий тадбиркорлик ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратмоқда.
Мамлакатда аҳолини иш билан таъминлаш дастурини муваффақиятли амалга оширишда «Туронбанк» АТБ томонидан кўрилаётган бу каби чора-тадбирлар молия муассасасининг мавқеини янада оширмоқда.
Буни жорий йилда IX маротаба ташкил этилган «BankExpo-2016» банк хизматлари, ускуналари ва технологиялари миллий кўргазмасида «Туронбанк» АТБ «Янги иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватловчи энг яхши банк» номинациясида ғолиб деб эътироф этилганидан ҳам кўришимиз мумкин. Банк ҳамиша фаолиятини Мижоз банк учун эмас – банк мижоз учун тамойилига амал қилган ҳолда давом эттиради.