Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

БАНК КРЕДИТЛАРИ КИЧИК БИЗНЕС РИВОЖИГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

Янгиланган сана:  9 Феврал 2019, 16:32
8 Sep 2016

Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Банклар томонидан ажратилаётган кредитлар соҳа вакилларига янги технологияларни келтириш ва фаолиятини кенгайтиришларида жуда катта молиявий манба вазифасини ўтамоқда.

“Туронбанк” АТБ ва унинг филиаллари ана шундай банклардан биридир. Бугунги кунда мазкур банк томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига, жумладан, ёш оилалар, тадбиркор аёллар, касб-ҳунар коллежи битирувчиларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун қулай имконият ва афзалликларга эга бўлган кредит маблағлари ажратиб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ҳозирги кунига қадар оилавий тадбиркорликка 5,2 миллиард, коллеж битирувчиларига эса 5,4 миллиард сўм кредитлар ажратилди.

Бунда, айниқса, оилавий тадбиркорлик ривожига берилаётган эътибор минглаб оилаларнинг ўз оилавий бизнесини йўлга қўйишида катта кўмак бўлмоқда. Шунингдек, янги маҳсулотлар ва хизматлар турининг кўпайиши ҳамда бўш иш ўринларини яратилишида муҳим омил бўлмоқда.

– Пухта бизнес-режа тадбиркорликнинг муҳим шарти бўлса, сармоя уни ҳаракатлантирувчи кучдир, дейди “ETALON MEBEL” Оилавий корхонаси раҳбари Ахрор Исмоилов – Бу борада мамлакатимизда оилавий бизнесни юритиш учун кенг кўламли имтиёз ва имкониятлар яратилган. Истиқболли лойиҳаларимиз молия муассасалари томонидан доимо қўллаб-қувватланмоқда. Корхонамизда мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Корхонамнинг фаолиятини ҳам банкнинг сармояси ҳисобига ривожлантирганман. Шу кунга қадар банкнинг Яшнобод филиалидан 4 маротаба кредит олиб, турли хилдаги мебел маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйганман. Ишлаб чиқараётган мебел жиҳозларимизни харидорларга етказиб бериш мақсадида корхонамиз фаолияти учун зарур бўлган юк машинаси сотиб олиш учун 77,3 млн. сўм кредит олиш мақсадида “Туронбанк” АТБнинг Яшнобод филиалига мурожат қилган эдик. Мурожаатимиз қисқа муддатда кўриб чиқилиб, кредит маблағлари ажратилди. Ушбу кредит ҳисобига сотиб олинган юк автомобили корхонамизнинг фаолиятида жуда асқотмоқда. Тўртта янги иш ўрни ҳам яратилди.

Якка тартибдаги тадбиркор Шухратилла Фарходов ҳам “Туронбанк” АТБнинг Миробод филиалидан кредит олиб ўз бизнес фаолиятини йўлга қўйди.

– Тошкент Темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежини тамомлагач тадбиркорлик билан шуғулланишга қарор қилдим, – дейди Шухратилла. – АТБ “Туронбанк”нинг Миробод филиалидан 20 миллион сўм кредит олиб ноозиқ-овқатлар чакана савдоси билан шуғуллана бошладим. Ўзим билан бирга яна бир киши иш ўрнига эга бўлди. Ҳозирги кунда ишларимиз яхши. Ёш тадбиркорларга яратилган қулайликлардан фойдаланган ҳолда фаолиятимизни ривожлантириб бормоқдамиз.

Шунингдек, банк томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг бошқа йўналишларини ривожлантиришга, хусусан, тадбиркор аёлларни молиявий қўллаб қувватлаш масаласига ҳам доимий эътибор қаратиб келиниб, кредитлар ажратилмоқда. Ушбу маблағлар асосан аёллар меҳнат қилаётган кичик корхона, фирмаларнинг ишлаб чиқаришини янада кенгайтиришга сарфланаяпти.

– Мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган, юртимизда ишбилармон аёллар доирасининг тобора кенгаяётгани ҳам бевосита шу сабаблидир, – дейди “Имкон Термиз сурхон Текстил” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мавжуда Мажитова. – Бугунги кунда аҳолимизнинг сифатли кийим-кечак маҳсулотларига бўлган талаби юқори. Буни инобатга олган ҳолда корхонамизда аҳоли учун кийим-кечаклар, турли корхона ва ташкилотлар учун махсус кийимлар ишлаб чиқарилмоқда. Жорий йилда фаолиятимизни кенгайтириш ва хомашё базасини мустаҳкалаш мақсадида “Туронбанк” АТБдан 80 миллион сўм кредит олдик. Ушбу маблағ эвазига ишлаб чиқариш кўлами кенгайиб, маҳсулотларимиз сифат жиҳатдан яхшиланиб бораётир. Бешта янги иш ўрни ҳам ташкил этдик. Келгусида фаолиятимизни яна кенгайтириб, маҳсулотларимиз турини кўпайтириш ниятидамиз, бунда албатта “Туронбанк” билан ҳамкорлигимизни давом эттирамиз.

Бундан кўриниб турибдики, “Туронбанк” АТБнинг кредитлари тадбиркорлар, айниқса ёш тадбиркорлар ва тадбиркор аёллар фаолиятини ривожлантиришда, улар томонидан янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва бўш иш ўринларини ташкил этилишда ҳам катта ҳисса қўшмоқда. 

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 669
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech