Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Банк мамлакатимизда кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, юрт ободлиги ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга ўзининг муносиб улушини қўшмоқда.

Янгиланган сана:  9 Феврал 2019, 16:32
12 Feb 2014
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида банк тизими олдида турган вазифалар алоҳида тилга олинди. Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, ажратилаётган кредитлар самарадорлигини ошириш, ижтимоий масалаларни ечишда фаол иштирок этиш – “Туронбанк” ОАТБ олидида турган устивор вазифалардандир.

Банк тизимини ривожлантириш ва ислоҳ этиш масаласи Ўзбекистон раҳбариятининг доимий эътибори марказида туриб келмоқда. Банкларнинг ресурс базаси кенгайиб, мустаҳкамланмоқда, улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланмоқда, кўлами кенгаймоқда. 2013 йилда иқтисодиётнинг реал секторига ажратилган кредитларнинг ялпи ҳажми 2012 йилга нисбатан 30 фоизга ошди.

Ўтган йили тижорат банкларининг жами капитали 25 фоизга, 2000 йилга нисбатан эса 46 баробардан зиёд кўпайди. Натижада бугунги кунда мамлакатимиз банклари капиталининг етарлилик даражаси 24,3 фоизни ташкил этмоқда, бу эса банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан 8 фоиз этиб белгиланган талабдан уч баробар кўпдир.

Банк тизимининг ликвидлиги 65 фоиздан зиёд бўлиб, бу жаҳон амалиётида умумий тарзда қабул қилинган, «юқори» деб аталадиган кўрсаткичдан 2,2 баробар ортиқдир. Кредит портфели жами маблағларининг 80 фоизга яқини ички манбалар улушига тўғри келмоқда.

Ушбу ўзгаришларда “Туронбанк” очиқ акциядорлик тижорат банки етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда. Унинг тизимида 2013 йилда банкнинг ресурс базасини барқарорлаштириш, банк капиталини, шу жумладан, Устав капиталини кўпайтириш ва жалб қилинган маблағларни инвестиция мақсадларига, биринчи навбатда реал иқтисодиётга йўналтиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2011-2015 йилларда республика банк-молия тизимини янада ислоҳ қилиш ва унинг барқарорлигини ошириш ва юқори рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устивор йўналишлари тўғрисида»ги (ПҚ-1438) қарори талабларини бажариб, банк капиталини ошириш мақсадида йил бошида банк Кенгаши томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар режасига асосан банкнинг устав капитали
оширилиб, 40,0 млрд сўмга, умумий капитали 65,9 млрд сўмга етказилди.

Туронбанк 2013 йил бошидан халқ хўжалигининг барча тармоқларини кредитлашни ўз олдига асосий мақсад қилди. 2014 йилнинг 1 январ ҳолатига банкнинг жами кредит қўйилмалари 418,9 млрд сўмни ташкил қилиб, йил бошига нисбатан 20 фоизга ўсди.

Хўжалик субъектларига ажратилган кредит қўйилмаларининг
28,6 фоизи саноатга, 7,7 фоизи қишлоқ хўжалигига, 10,1 фоизи транспорт ва коммуникация соҳасига, 15 фоизи қурилиш соҳасига, 14,9 фоизи савдо ва маиший хизмат кўрсатиш соҳасига ва 23,7 фоизи халқ хўжалигининг бошқа тармоқларига ажратилди.

Аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиш ва молиявий қўллаб-қувватлаш, асосан аёллар меҳнатидан фойдаланадиган ҳамда аёллар бошқарадиган кичик корхоналарга 15,2 млрд сўм кредит ажратилди.

Оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга 2,1 млрд сўм кредит ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод турмуш йили» давлат Дастурининг 14-бандига асосан 2013 йилда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидан 818 нафари банк кўмагида ишга жойлаштирилди.

Маълумки, миллий иқтисодиётимизни диверсификация қилишда маҳаллийлаштириш, корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш ғоят муҳим аҳамият касб этади. Туронбанк билан ҳамкорлик қилаётган субъектларда маҳаллий хомашёдан сифатли экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, экспортдан келадиган валюта тушуми кўпаймоқда. “Обод турмуш йили” Давлат дастурида банк томонидан соҳага йўналтирилган кредитлар 269,6 миллиард сўмга етди, бу 2012 йилга нисбатан 1,3 баробар кўпдир.

Эътиборли жиҳати – Туронбанк томонидан узоқ қишлоқ ва туманларда ҳам кичик корхона ва ишлаб чиқариш мажмуаларини молиялаштириш борасида муайян ишлар амалага оширилмоқда. Хусусан, ҳудудларни ривожлантириш Дастурига мувофиқ 2013 йилда 88 лойиҳага 55,8 млрд сўм кредитлар ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 11 мартдаги ПҚ-1501-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 19 майдаги 195-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида банкда ташкил этилган имтиёзли кредитлаш махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан 474,0 млн сўм миқдорида имтиёзли кредитлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 15 ноябрдаги «Фарғона шаҳри бош режасини амалга ошириш, ижтимоий ва транспорт коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1641-сонли қарорига асосан Фарғона шаҳри Фаробий кўчасида 4 қаватли 32 хонадонли 2 та уй-жой (пудратчи ташкилот «Барака файз инвест») қурилишига 3,4 млрд сўм маблағ ажратилди.

Банкда мобил алоқа телефони ёки омонатчига берилган алоҳида идентификация рақами, логин ва пароль ёрдамида ўрнатилган Интернет тармоғидаги «Turonbank.uz» веб-сайти орқали банк мижозлари учун «Шахсий кабинет» хизматидан фойдаланиш йўлга қўйилди. Шунингдек, мижозларнинг омонатлари бўйича қилинаётган барча амалиётлар ҳамда омонат муддатлари келганлиги ҳақида мижозларни СМС хизмати орқали хабардор қилиб турувчи «СМС хабарнома» хизмати жорий қилинди.

2013 йилда «Standard & Poors» халқаро молиявий рейтинг компанияси томонидан ОАТ Туронбанкка берилган «БАРҚАРОР» рейтинг кўрсаткичи қайта тасдиқланди ҳамда «Ахбор Рейтинг» миллий банклараро рейтинг компанияси томонидан банкка «UzА» (“Барқарор”) рейтинг баҳоси берилди.

Кўрилган чоралар Марказий банк томонидан ўрнатилган иқтисодий нормативларнинг бажарилишини таъминлади. Ҳисобот санасига банк левераж кўрсаткичи 7,5 фоизни, капитал етарлилик даражаси 11,2 фоизни, жорий ликвидлик кўрсаткичи 42 фоизни ташкил этиб, мижозлар олдидаги мажбуриятларни ўз вақтида тўлиқ бажариш имконини берди.

Аҳоли қўлидаги бўш нақд пул маблағларини банк депозитларига жалб этиш натижасида 2014 йил 1 январ ҳолатига аҳоли омонатлари қолдиғи 61,1 млрд сўмни ташкил этди. Жалб қилинган депозитларнинг 25,3 млрд сўм муддатли, 7,1 млрд сўм талаб қилиб олингунча, 28,1 млрд сўм пластик карточкалардаги маблағлар, 512,3 млн сўм жамғарма омонатларидан иборат.

Банк томонидан 2013 йилда юқори фоизли, аҳолига қулай ва манфаатли «Обод турмуш», «Наврўз», «Умид», «Мустақиллик», «Барқарорлик», «Хизмат»каби муддатли ва «Коммунал», «Хизмат-2» номли жамғарма омонатлари жорий этилди. Натижада, аҳолидан қабул қилинган муддатли омонатлар қолдиғи йил бошига нисбатан 6,9 млрд сўмга ошиб, 25,3 млрд сўмга етди.

Фаолият кўрсатаётган омонат касса ва коммунал кассалар сони 2014 йил 1 январ ҳолатига 49 тага етказилди.

Аҳолининг бўш пул маблағларини омонатларга жалб қилиш ва омонатнинг янги турларини таклиф этиш ҳамда аҳолига кўрсатиладиган банк хизматлари кўламини янада кенгайтириш мақсадида доимий равишда оммавий ахборот воситалари орқали, жумладан, «Ўзбекистон» ва «Ёшлар»,
телерадиоканалларида, «Правда востока», «Ўзбекистон овози», «Банк ахборотномаси» ва «Банковские вести», «Қишлоқ ҳаёти», «Инсон ва қонун», «Биржа» ва бошқа рўзномаларда, «Бозор, пул ва кредит» журналида реклама, эълонлар бериб борилмоқда. Шунингдек, банкда аҳоли омонатлари бўйича батафсил маълумот берувчи call-center фаолият юритиб келмоқда.

Бу хизматлар орқали мижозлар ўз омонат ҳисобварақлари бўйича кирим-чиқим амалиётлари, омонат муддатининг тугаш вақти, омонатнинг қолдиғи ва бошқа зарур маълумотларни олиш имконияти яратиб берилди. «Интернет банкинг» дастуридан фойдаланаётган мижозлар янги ташкил этилган «Интернет банкинг онлайн» тизимига ўтказилди.

Нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш ва пластик карточкалар эмиссиясини кўпайтириш борасида ҳам қатор амалий чоралар кўрилди.
2014 йил 1 январ ҳолатига банк томонидан муомалага чиқарилган пластик карточкалар сони 171 337 тани ташкил этиб, шундан 1163 таси юридик шахслар ва 663 таси якка тартибдаги тадбиркорларга берилган корпоратив пластик карточкалардир. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан пластик карточкаларнинг сони 20 607 тага ошди.

Пластик карточкалар ҳисобварақларига ҳисобот даврида
280,2 млрд сўм миқдорида пул маблағлари ўтказилди. Бу кўрсаткич
ўтган йилга нисбатан 1,4 мартага кўпдир.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан узоқни ўйлаб олиб борилаётган иқтисодий сиёсат жамиятимизнинг барча жабҳалари каби кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Бу эса табиийки юртимизни янада равнақ топтириш, халқимиз турмуш даражасини ошириш оилалар фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Туронбанк бугунги кунда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида муайян тажрибага ҳамда молия бозорида ўз ўрнига эга муассасага айланди. Банк мамлакатимизда кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, юрт ободлиги ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга ўзининг муносиб улушини қўшмоқда. Бу эса пировардида мижозларнинг Туронбанкка ишончини ошириб, уларнинг яқин кўмакдошига айланишида муҳим омил бўлмоқда.
/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 570
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech