Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Битирувчи талабалар иш билан таъминланмоқда

Янгиланган сана:  ...
7 Feb 2017

Президентимиз томонидан қабул қилинган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун эртанги кунимизнинг ишончи бўлмиш ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда юксак билимли ва малакали кадрлар этиб тарбиялаш жараёнини янада такомиллаштириш, уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш борасидаги самарали ишларга дастуриламал бўлмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолини, авваламбор, лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласи бўйича янги тизим жорий этилган бўлиб, 2017 йилда камида 508,8 минг нафарни ташкил этадиган битирувчи ёшларни ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётир.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бўлиб ўтган «Карьера куни» ахборот-таништирув тадбирида ҳам мамлакатимизнинг иқтисодиёт тармоқларида битирувчи талабаларни ишга жалб этиш бўйича ижобий натижалар қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда 235 та корхона ва ташкилотлар томонидан 1 088 та бўш иш ўринлари таклиф этилиб, бўлиб ўтган суҳбатлар натижасида 484 нафар битирувчи талаба-ёшларнинг ишга жойлашиши бўйича шартномалар имзоланди ва тавсиялар берилди.

Тадбирда Республикамизнинг деярли барча тижорат банклари, Давлат божхона қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамда бир қатор йирик ташкилот ва муассасалар ўз бўш иш ўринлари билан иштирок этдилар.

– Бизнинг мақсадимиз бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, дунёқараши кенг ва замон билан ҳамнафас бўлиб шаклланаётган ёшларни «Туронбанк» АТБ тизимидаги меҳнат жараёнига жалб қилишдан иборатдир, – дейди «Туронбанк» АТБнинг банк рискларини бошқариш ва стратегик ривожлантириш департаменти директори А.Қодиров. – Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бўлиб ўтган карьера кунида банкимизнинг пойтахтимиз ва вилоятлардаги мавжуд филиалларида битирувчи талабаларни ишга жалб этиш бўйича фаол иштирок этдик. Банк тизимида ишлашга иштиёқи бор, шижоатли бир қанча талаба-ёшлар билан суҳбатлар олиб бордик ва шартномалар имзоладик.

Ахборот-таништирув тадбирида битирувчи талаба-ёшлар орасида илк карьерасини тижорат банкларида бошлаш истагида бўлганлар кўпчиликни ташкил этди. Банк мутахассислари томонидан номзодлар билан суҳбат давомида мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш ва жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, маҳаллий бюджетлар даромадини кўпайтириш каби масалалар юзасидан талабаларнинг фикр-мулоҳазаларига алоҳида эътибор қаратилди.

– Мазкур «Карьера куни» ахборот-таништирув тадбири биз битирувчи ёшларнининг эртанги меҳнат фаолиятимиздаги илк қадам бўлди, – дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг «Бухгалтерия ҳисоби ва аудит» факультети 4-босқич талабаси Р.Шукуров. – Мен «Туронбанк» АТБга ишга кириш учун шахсий маълумотномамни топширдим. Банк мутахассислари молия-муассасасидаги ходимларга қўйиладиган талаблар қандай бўлиши ва иш жараёнининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида керакли тавсия ва маслаҳатлар беришди. Таълим даргоҳидан олган билимларимиз билан келгусида юртимизнинг равнақи йўлида хизмат қиламиз.

«Карьера куни» ахборот-таништирув тадбири давомида битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича университет ҳамда таклиф этилган вазирликлар, қўмиталар, компания ва ташкилотлар ўртасида бир қанча шартномалар имзоланди. Бу бугуннинг ўзида ҳар бир битирувчини аниқ бир ташкилотга бириктиришни таъминлаш билан бирга, унинг бўлажак иш жойи, иш ҳақи ва ижтимоий шароитларни аниқ белгилаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг амалдаги исботидир.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 1042
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech