Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Чинозда 600 та янги иш ўрни яратилади!

Янгиланган сана:  14 Сентябр 2020, 10:44
12 Sep 2020

photo_2020-08-08_22-02-01.jpg

Туронбанк: Чиноздаги 50 гектарлик иссиқхонада 600 та янги иш ўрни яратилади!

Бугунги мураккаб вазиятда ҳар бир соҳада юксак салоҳият, тадбиркорлик, давр нафасини чуқур ҳис қилиб замон билан мулоқотга киришиш талаб этилмоқда. Хусусан, ҳар бир мавсум деҳқон елкасига хирмон-хирмон масъулиятни юкламоқда. Cабаби, бугунги ташлаган оқилона ва ўз вақтида қўйилган қадам йил давомидаги баракани таъминлайди. Кўпни кўрган халқ ерни хазинага қиёслайди. Зеро, ушбу хазина интилганни, меҳнат қилганни ниятига етказмай қўймайди. Ерни боқсанг боғ бўлади. Ўзбек халқи йилига икки, керак бўлса уч, ҳатто, тўрт марталаб ҳосил етиштирадиган омилкор, уста деҳқонлари билан фахрланиб келган. Ишнинг кўзини билган деҳқон ҳар қарич ердан унумли фойдаланади, бир сотих ерга иссиқхона қурса, йил давомида ундан мўл ҳосил олади. Ана шунда аслида мўъжизакор бўлган заминимиз ҳеч қачон тўхтамайдиган ишлаб чиқариш машинаси ёки фабрикаси каби барака мевасини бераверади. Она замин учун қилинган меҳнат ва ерга бағишланган меҳр ҳар бир инсонга мўл ҳосил ва даромад манбаи бўлиб қайтади. Тасаввур қилиб кўринг, агарда иссиқхона бир сотихда эмас, балки бир неча гектарда бўлса-чи?! Сабзавот етиштиришда иссиқхоналар самарадорлигини ошириш, ҳар бир мавсум тараддудини вақтида кўриш, навларни тўғри танлаш, қулай парваришлаш усулларини қўллаш ишларига жиддий эътибор қаратиш зарур бўлади.

2019 йилдан буён Республикада лимончиликни ривожлантиришга масъул этиб белгиланган “Туронбанк” АТБ аҳоли хонадонларига бирма-бир кириб бориб, бўш ётган ерлардан унумли фойдаланишлари учун керакли барча шароитларни яратишга ҳаракат қилиб келмоқда. Хусусан, молия муассасаси Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида лимончилик тармоғини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан мамлакатда инновацион технологияларни қўллаган ҳолда соҳани ривожлантириш тизимини яратиш, лимонзор майдонларини кенгайтириш, маҳсулот ҳажмини ошириш, экспортни кучайтириш, янги иш ўринларини кўпайтириш каби бир қатор вазифалар ижроси устида масъулият билан меҳнат қилмоқда. Сўзимизнинг яққол мисолини меҳнаткаш ва омилкор деҳқонлари билан ном қозонган Тошкент вилояти мисолида кўришимиз мумкин.

Аҳоли томорқа ерларидан янада унумли фойдаланиш, фуқароларни камбағалликдан чиқаришга кўмаклашиш бугунги долзарб вазифалардан биридир. Айни шуни инобатга олган ҳолда Чиноз туманининг "Деҳқонобод" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги "Охунбобоев" массивида 50 гектар майдонда лимон етиштиришга мўлжалланган йирик иссиқхона қурилиши бошланди. Умумий қиймати 61 млрд. сўм бўлган ушбу лойиҳанинг 43 млрд. сўм Туронбанк кредити ҳисобланиб, келгуси йилнинг биринчи чорагида ишга туширилиши режалаштирилган. Кредит муддати 7 йил бўлиб, тадбиркорларга 3 йиллик имтиёзли давр билан тақдим этилади. Маълумки, лимон кўчатлари уч йилда ҳосилга киради. Шу боис ана шу муддат давомида оралиқ экинлардан даромад олиш мўлжалланмоқда. Хусусан, 48,3 минг лимон кўчати (0,5 га учун 756 та), 768 минг булғор қалампири (0,5 га учун 12 минг дона). Бизнес режага мувофиқ, дастлабки икки йилда 3,7 тонна булғор қалампири, бақлажон ва қулупнай, уч йилдан кейин эса 960 тонна лимон етиштирилиши кўзда тутилган.

Энг асосийси, дастлабки йилдан бошлаб сабзавотларни экспорт қилиш, хусусан, биринчи ва иккинчи йилларда 1 миллион АҚШ доллари, учинчи йилда эса 1,1 миллион доллар қийматидаги сабзавотларни хорижга жўнатиш режалаштирилмоқда. Аҳамиятлиси, иссиқхона фойдаланишга топширилгач, 600 нафарга яқин аҳолининг бандлиги таъминланади. Мазкур лойиҳанинг истиқболлари ҳақида ҳам сўз юритиш муҳим албатта. Яъни, лойиҳа негизида лимончилик кластерини ташкил этган ҳолда лимон маҳсулотини қайта ишлаш ва сақлаш жараёнларини йўлга қўйиш ҳамда вилоятда мавжуд кичик лимончилик хўжаликларини жалб этган ҳолда лимон маҳсулотларини экспортга йўналтириш ҳам мақсад қилинган.

Яна шуни қўшимча қилиш керакки, бу ишларнинг замирида Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Лимончилик тармоғини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг аҳамияти катта. Сабаби, ушбу ҳужжат орқали кооперацияларга бирлашган лимон етиштирувчи фермер ва деҳқон хўжаликлари, корхоналари ва тадбиркорлик субъектларига қатор қулайликлар яратилди. Яъни янги лимонзорларни барпо этиш ва кўчатларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг ҳар бир гектари учун 30 миллион сўмдан ошмайдиган миқдори Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан; лимон меваларининг экспорти билан боғлиқ транспорт (темир йўл ва авиация транспорти) харажатларининг 25 фоизигача бўлган миқдори Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан субсидия сифатида қоплаб бериладиган бўлди.

Қолаверса, сертификатланган ва кафолатланган лимон кўчатларини етиштириш бўйича махсус кўчатхоналарни ташкил этиш ҳамда лимон кўчатларини етиштирувчи хўжаликлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш механизм яратилмоқда, мавжуд иссиқхоналарни модернизация қилиш ҳамда серҳосил, экспортбоп лимон навлари коллекциясини ва кўргазмали лимон плантацияларини яратиш ишлари жадаллашяпти. Бу эса халқ фаровонлиги йўлида ташланаётган яна бир мустаҳкам қадар десак адашмаган бўламиз.

/ Манба: Матбуот хизмати / Кўришлар: 68
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech