Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Чорвачиликни ривожлантириш аҳоли фаровонлигига хизмат қилади

Янгиланган сана:  ...
26 Feb 2017

«Туронбанк» акциядорлик тижорат банки юртдошларимизни тадбиркорликка кенг жалб этиш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор мақсадли лойиҳаларни амалга оширмоқда. Банк томонидан паррандачилик ва чорвачиликни ривожлантириш учун ажратилаётган имтиёзли кредитлар ҳудудлардаги аҳолининг бандлиги ҳамда даромадини ошириш, ички истеъмол бозорини гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг рўёбга чиқарилишида муҳим омил бўлаётир.

Хусусан, Республикамизнинг барча вилоятлари қатори Жиззах вилоятининг Бахмал туманида ҳам тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор самарали ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 январдаги «Жиззах вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ «Туронбанк» АТБ томонидан аҳолини тадбиркорликка жалб этиш мақсадида имтиёзли кредитлар йўналтирилмоқда.

Бу лойиҳаларга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2012 йил 10 мартдаги 8/1-сонли қарори билан тасдиқланган«Тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун микрокредитлар бериш тартиби тўғрисида»ги 2344-сонли Низоми дастуриламал бўлмоқда. Айтиш лозимки, «Туронбанк» АТБ томонидан Бахмал туманида чорвачилик (қўйчилик йўналиши) ни молиялаштириш учун янги «Бахмал» минибанкининг фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур минибанк айни пайтда аҳолига имтиёзли кредитлар ажратишда фаол иштирок этмоқда.

– Банкимиз томонидан Бахмал туманида чорвачиликни ривожлантириш мақсадида кредит бериш тизими соддалаштирилди, – дейди «Туронбанк» АТБнинг Жиззах филиали бошқарувчиси в.в.б. Бекзод Есенкулов Туман аҳолисига таклиф этилаётган микрокредитлар 6 ойлик имтиёзли давр билан, 3 йил муддатга имтиёзли фоиз ставкалари асосида ажратилиши режалаштирилган. Лойиҳа ижросини самарали ташкил этиш учун мутахассисларимиз томонидан Бахмал туманидаги хонадонларда аҳоли билан суҳбатлар ўтказилиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга таклиф этилаётган кредит турлари ва шартлари, тадбиркорлик фаолиятининг бошлаш имкониятлари тўғрисида тушунтиришлар берилиб, қўйчилик йўналишида микрокредитлар таклиф этилмоқда.

Шу билан бир қаторда, Бахмал тумани ҳокимлиги ҳудуддаги 45 минг гектар юқори ҳосилдор яйловлардан фойдаланиш мақсадида 7 мингга яқин оилага яйлов ерлар ажратиб бериш ҳамда ҳар бир хонадонга 50-100 бошдан қўй боқишни йўлга қўйишни мақсад қилган. Бу, ўз навбатида қўйчилик йўналишидаги оилавий деҳқон хўжаликларининг кенгайишини таъминлайди.

Сирасини айтганда, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш юзасидан«Туронбанк» АТБ халқимизни тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатиш йўлида барча имкониятларини сафарбар этмоқда. Зеро, бундай саъй-ҳаракатлар орқали тадбиркорликка иштиёқи баланд юртдошларимиз Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, боғдорчилик, чорвачилик, ҳунармандлик, касаначилик, хизмат кўрсатиш, сервис ва бошқа соҳаларда билан шуғулланиб, кичкина бўлса ҳам ўзининг корхонасини ташкил этиб, қонуний асосда даромад топади, ўзини ҳам, оиласини ҳам молиявий жиҳатдан мустаҳкамлаб, маҳалламиз, туманимиз ва шаҳримиз, вилоятимиз ва мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшади.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 662
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech