Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Экспорт қилувчи корхоналарнинг хорижий валютадаги операцияларини бажаришда ваколатли банклар томонидан яратилган қулайликлар

Янгиланган сана:  9 Феврал 2019, 16:32
16 Sep 2016

Ҳар бир давлатнинг иқтисодий ўсиши банк тизимидаги молиявий барқарорликка узвий боғлиқ экани ривожланган давлатлар тажрибасидан яхши маълум. Чунки, иқтисодиёт тармоқларини таркибий қайта қуриш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, янги корхоналар қуриш, кичик бизнес субъектларини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва экспорт қилувчи корхоналарнинг экспорт ҳажмини кўпайтиришда банклар муҳим ўрин тутади.

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўпайтирилишини рағбатлантириш мақсадида имтиёз ва афзалликларнинг комплекс тизими яратилди. Хўжалик юритувчи субъектларнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида, 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.

Экспорт қилувчи корхоналарнинг хорижий валютадаги операцияларни бажаришда, товарларни экспортга етказиб беришда расмийлаштириш тартиботлари сезиларли даражада соддалаштирилди ва арзонлаштирилди. Божхона расмийлаштируви, декларациялаш, сертификатлаш, санитария-эпидемиология назорати ва божхона расмийлаштирувининг бошқа тартиботлари бир вақтнинг ўзида амалга оширилишини таъминлайдиган "бир дарча" тамойили бўйича экспорт битимларининг божхона расмийлаштируви механизмлари босқичма-босқич жорий этилди.

Давлатимиз томонидан экспорт қилувчи корхоналарга, биринчи навбатда, кичик бизнес субъектларига маҳсулотларни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш, уларни ташқи бозорларга олиб чиқиш масалаларида кўмаклашиш бўйича ихтисослашган тузилмалар ташкил этилди. Республикада экспортга маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришни рағбатлантириш мақсадида экспорт қилувчи корхоналар учун солиқ имтиёзлари ва афзалликлари тизими яратилди. Мисол қилиб оладиган бўлсак, микрофирмалар ва кичик корхоналар ўзи ишлаб чиқарган товар (иш, хизмат)ларни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг 50 фоизини мажбурий сотишдан озод этилиши, товарларни экспорт қилишда тўланадиган божхона расмийлаштируви йиғимларининг амалдаги ставкасига қараганда ўртача 2 маротабага камайтирилиши шулар жумласидандир. 

Маҳаллий товар (иш, хизмат) ишлаб чиқарувчи корхоналарга, халқаро молия институтлари, донор мамлакатлар, хорижий давлатлар ҳукуматлари, бошқа норезидентлар маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича халқаро тендерларда хорижий қатнашчилар билан тенг шароитларда, жумладан ишлаб чиқарилган товар (иш, хизмат)ларни етказиб беришга чет эл валютасида шартномалар тузган ҳолда иштирок этишга ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш назарда тутилган ўзида ишлаб чиқарилган товар (иш, хизмат)ларни етказиб беришга тўғридан-тўғри битимлар шартида норезидентлар билан хорижий валютада шартномалар тузишга имтиёзлар берилган.

Юртбошимиз саъй-ҳаракатлари билан, 2012 йил 1 апрелдан бошлаб янги қурилиш, мавжуд ишлаб чиқаришларни модернизациялаш ва технологик янгилашга валюта кредитлари бўйича асосий қарзни қайтаришга жорий тўловлар бўйича йўналтириладиган валюта тушуми қисмини ваколатли банкларга мажбурий сотишдан асосий қарз батамом тўлаб бўлинадиган муддатга қадар озод қилиниши ва тижорат банкларига экспорт операциялари бўйича факторинг хизматларини амалга оширишнинг чекланган муддатини 60 кундан 90 кунга узайтирган ҳолда экспорт операциялари бўйича факторинг хизматларини амалга ошириш ҳажмини кенгайтириш бўйича қарорлар қабул қилдилар.

«Туронбанк» акциядорлик тижорат банкида ташқи савдо шартномалари бўйича операциялар билан шуғулланувчи корхоналарга хизмат кўрсатилиши юзасидан кенг шароитлар яратиб берилган. Хусусан, банк томонидан экспорт билан шуғулланувчи корхоналарга хизмат кўрсатилиши бўйича имтиёзли тарифлар қабул қилинганлиги, экспортни рағбатлантириш мақсадида, бугунги кунга келиб банкда экспорт қилувчи корхоналар экспорт шартномалари бўйича операцияларни ҳеч қандай банк хизмат ҳақи тўловисиз амалга ошираётганлиги юқоридаги фикримизнинг яққол исботидир. Банк томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида, банкда хизмат кўрсатилаётган экспорт шартномаларининг умумий суммаси 2016 йил 01 сентябрь куни ҳолатига ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,3%га, экспорт шартномалари бўйича келиб тушган валюта тушими 22,5%га ҳамда экспорт шартномалари сони эса 35,0%га ошишига эришилди.  

«Туронбанк» АТБ экспорт қилувчи корхоналарнинг ишончли молиявий ҳамкори бўлиш билан бир қаторда, имтиёзли ва сифатли банк хизматларни тақдим этиб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Зеро, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, ислоҳотларимизнинг маъно-мазмуни ҳар бир онгли фикрлайдиган инсон учун очиқ ва тушунарли бўлган, улар шу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир фуқаро, ҳар бир инсоннинг амалий ишига айланган тақдирдагина мамлакатимизни янада ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг муваффақиятини таъминлашимиз мумкин.

Дилмурод ХЎЖАЕВ, Ташқи иқтисодий фаолият департаменти, Ташқи савдо амалиётлари бўлими бошлиғи.  

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 477
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech