
GRIPS Сиёсий тадқиқотлар миллий институти (СТМИ)
“Ойнинг битирувчилари (ALMO)” дастури ғояси GRIPS элчилари сифатида ўз мутахассислик соҳасига бетакрор ҳисса қўшган битирувчиларни тан олишдир.
2018 йил февраль ойи ALMO эътирофи - “Туронбанк” АТБ Бошқаруви Раиси Чори Мирзаев
1995 йилда Тошкент Давлат иқтисодиёт университетини тамомлагач, Чори Мирзаев Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ишга кирди. СТМИ (1998 йилгача Сиёсий фанлар миллий институти)да “Ўтиш даври иқтисодиёти” дастури бўйича таълим олиш учун танловда ғолиб чиқишидан аввал у Марказий банкда турли лавозимларда меҳнат қилди. 2000 йилда Ўзбекистонга қайтгач, Чори Мирзаев Марказий банкдаги фаолиятини давом эттирди. 2008 йилда Ўзбекистондаги “Корея тараққиёт банки”га таклиф қилинди, 2010 йилдан эса АТБ “Асакабанк”да ишлай бошлади. 2015 йилдан АТБ “Туронбанк”да дастлаб Бошқарув Раиси ўринбосари, 2016 йилдан эса Бошқарув Раиси сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Марҳамат қилиб, ўзингизнинг хизмат пиллапоялари бўйлаб кўтарилиб боришингиз тўғрисида сўзлаб берсангиз. Мутахассислигингиз нима ва бу соҳага қандай кириб келгансиз?
Авваламбор, хизмат пиллапоялари бўйлаб илгарилаб боришим ҳақида сизга сўзлаб бериш ва Японияда ўтказган даврим ҳақидаги таассуротларим билан ўртоқлашиш имкониятини берганингиз учун миннатдорлигимни изҳор қилмоқчиман. 1971 йил 23 майда Ўзбекистон Республикаси Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида туғилганман. 1995 йилда Тошкент Давлат иқтисодиёт университети халқаро иқтисодий муносабатлар факультетини тугатдим. Ўқишни тамомлашим биланоқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида ишлай бошладим ва дастлаб 1-тоифали мутахассис, кейин эса бош мутахассис, бўлим бошлиғи ва департамент директори лавозимларида фаолият юритдим. 1998 йилда ХВФ томонидан молиялаштирилган, Сайтама университетининг СТМИдан олдинги Сиёсий фанлар Олий мактаби (СФОМ)нинг “Ўтиш даври иқтисодиёти” дастури бўйича таълим олиш учун танловдан ўтдим. СФОМда мен асосан иқтисодиётни ўргандим, айни пайтда Япония тарихи ва иқтисодиёти билан қизиқдим. 2000 йилда Ўзбекистонга қайтгач яна Марказий банкдаги фаолиятимни давом эттирдим ва Валютани тартибга солиш ва ташқи алоқалар департаменти директори лавозимига тайинландим. 2008 йилда Ўзбекистондаги “Корея тараққиёт банки”(“УзКДБ” ЁАЖ)га ишга ўтдим, у ерда Раис ўринбосари лавозимида ишладим, 2010 йилдан эса АТ “Асакабанк”нинг кредит бўлимини бошқара бошладим. 2015 йилдан буён АТБ“Туронбанк”да дастлаб Бошқарув Раиси ўринбосари, 2016 йил сентябрь ойидан буён эса Бошқарув Раиси лавозимида ишлаб келяпман.
Ҳозирда АТБ “Туронбанк” Бошқаруви Раиси лавозимини эгаллаб турган экансиз, марҳамат қилиб банкингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.
АТ “Туронбанк”1990 йил 6 ноябрда ташкил этилган бўлиб, ўз фаолиятини Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг бошлаган илк тижорат банкларидан бири ҳисобланади (ҳозирда 28 та тижорат банки мавжуд). Барча қийинчиликларни енгиб ўтган банкимиз ҳозирги вақтдаЎзбекистон аҳолиси, тадбиркорлари ва, қолаверса, молия тизими учун барқарор кўмакчига айланди. Банк аста-секин янги имкониятларга эга бўла борди ва банк тизимининг завмонавий усулларини ўзлаштирди. Бугунги кунда “Туронбанк” бир миллиондан ортиқ хусусий мижоз ва йигирма мингдан зиёд бизнес-мижозларга хизмат кўрсатади. Банк тузилмаси бутун Ўзбекистон бўйлаб жойлашган 18 филиални ўз ичига олади ва улар орқаликенг кўламли банк хизматлари таклиф этилади. 2013 йилда “The Banker” молиявий журнали “Туронбанк”ни“Йилнинг энг яхши банки” номинацияси ғолиби деб топди. Фаол банклар номинациясида “Thomson Reuters” “Туронбанк”ни 2013 йилнинг энг яхши банки сифатида тан олди. 2014 йил 23 июнда Рим шаҳрида бўлиб ўтган “Технология, инновациялар ва сифат учун янги давр” мукофоти тақдим этилиши маросимида“Туронбанк” инновацион банк хизматлари учун мукофот билан тақдирланди. “Standard and Poor's” халқаро агентлиги “Turonbank”ни B-/B рейтинги билан БАРҚАРОР деб топди. Бу – жамоамизнинг банк ривожланиши йилларидаги фидокорона меҳнати натижасидир.
Бошқарув Раиси сифатида вазифангиз ва мажбуриятларингиз нималардан иборат?
Бошқарув Раиси сифатида менинг асосий вазифам – банксамарали фаолият юритишини таъминлаш ва шу орқали Ўзбекистон иқтисодиётига ҳисса қўшишдан иборат.
Мажбуриятларим эса қуйидагиларни ўз ичига олади:
1. Ўз ваколатларим доирасида банкнинг жорий фаолиятини бошқариш ҳамда унинг самарали ва барқарор ишлашини таъминлаш, Акциядорларнинг умумий йиғилиши ва Банк Кенгаши ваколатларига киритилган масалалар бундан мустасно;
2. Акциядорларнинг умумий йиғилиши ва Банк Кенгаши қарорлари ижросини ташкиллаштириш;
3. Акциядорларнинг умумий йиғилиши ва Банк Кенгашига дастурий ва бизнес-режаларнинг бажарилиши ҳақида чораклик ҳисоботлар тақдим этиш;
4. Банкнинг дастурий ва бизнес-режалари ишлаб чиқилишига раҳбарлик қилиш, уларнинг ижросини ташкиллаштириш ва назорат қилиш;
5. Банк тузилмавий бўлинмалари ва бошқаларнинг самарали ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш.
Келгуси беш-ўн йил ичида Ўзбекистон учун очилаётган имкониятлар ва ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар нималардан иборат, деб ўйлайсиз?
Ўзбекистонни ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган стратегиясига мувофиқ давлат ва ижтимоий соҳа тузилмаларини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш ва мамлакат хавфсизлигини таъминлаш мамлакатимиз учун устувор соҳалардир. Мазкур стратегия молия тизимини, жумладан, тижорат банкларини ривожлантиришни ҳам ўз ичига олади.
Иш фаолиятингизда дуч келадиган энг катта муаммоларга мисол келтира оласизми? Хизмат пиллапоялари бўйлаб ўсиб боришингизда энг қизиқ ёки фойдали бўлган жиҳатлар нималардан иборат?
Хизмат пиллапоялари бўйлаб ўсиб боришимда энг фойдали нарса шу бўлдики, СТМИни тугатганимдан сўнг менда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида, “УзКДБ” ЁАЖ, АТ “Асакабанк”да ва ҳозирда АТ “Туронбанк”да юқори лавозимларда ишлаш имконияти пайдо бўлди. Ўйлайманки, ҳаётимда нималарга эришган бўлсам, бу СТМИда олган билимларим ва тажрибам натижасидир. Ҳақиқатан ҳам бу бизнинг хизмат пиллапоялари бўйлаб ўсиб боришимизда жуда қўл келмоқда.
СТМИ/СФОМда таълим олишингиз учун нима туртки бўлди? Бу ерда таълим олиш жараёнида сиз эга бўлган энг муҳим нарса нима ва СТМИда олган тажрибангиз кейинги ютуқларга эришишингиз учун сизга қандай ёрдам берди?
Таълим олиш жараёнида бизда Япония бўйлаб кўплаб ўқув сафарлари ташкил этилган эди ва мен Япония иқтисодиёти, тарихи ва миллий анъаналарининг амалий жиҳатларини ўрганиш асносида завод-фабрикалар, маданий масканлар ва тарихий биноларни кўриш имкониятига эга бўлдим. Японияда бўлган вақтимда орттирган тажрибам натижасида шунга амин бўлдимки, бу мамлакат ўта юқори иқтисодий тараққиёт даражасига эришган. Бу менда катта таассурот қолдирди. Анъаналарга келсак, ўзбеклар ва японларнинг анъаналари ва маданиятида ўхшаш жиҳатлар жуда кўп. Бизни дўстона ва самимий кутиб олганлари учун япон халқидан жуда миннатдорман.Японларнинг меҳрибонликлари ва сахийликларини ҳеч қачон эсимдан чиқармайман.
Меҳнат фаолиятингиз ва ҳаётингизнинг қолган қисми ўртасидаги мувозанатни қандай тутиб турасиз? Ишдан бўш вақтингизда нималар билан шуғулланишни ёқтирасиз?
Мен ишлашни ва ҳамкасбларим билан мулоқот қилишни ёқтираман. Жорий иш фаолиятим кўп вақтимни олади. Бироқ, шунга қарамай, бўш вақтимни оилам билан ўтказишга интиламан. Китоб ўқишни ёқтираман, айниқса ўзбек ва жаҳон ёзувчиларининг асарларини хуш кўраман.
СТМИда ўтказган вақтингиз давомида ёдингизда қолган энг ёқимли хотиралардан айримларини биз билан ўртоқлашолмайсизми? Япония билан боғлиқ қандай нарсаларни соғиндингиз?
СТМИда ўтказган вақтимдаги энг ёрқин хотиралар у ердаги таълим давомида Япония бўйлаб кўплаб жойларга қилган сафарларим билан боғлиқ. Сафарлар чоғида биз кўплаб олимлар, профессорлар ва экспертлар билан учрашиш шарафига муяссар бўлдик, улар бизни заводларда маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнини яхшилашга қаратилган фан-техника соҳасидаги энг сўнгги инновациялар билан таништиришди. Бу сафарлар вақтида биз ўзимиз учун кўп нарса олдик. Бу жуда яхши тажриба эди ва, аминманки, бу кўпчилигимиз учун хизмат пиллапояларидан юқорилаб боришимизда катта ёрдам берди.
Агар сизда СТМИда ўқишни режалаштираётганларга маслаҳат бериш имкони туғилса, нимани маслаҳат берган бўлардингиз?
СТМИда ўқишни режалаштираётганларга бошқа мамлакатлардан келган инсонлар билан имкон қадар кўпроқ мулоқот қилишни маслаҳат берган бўлардим. Бу дунёқарашингизнинг кенгайишига ёрдам беради. Бу нафақат иқтисодиёт ва сиёсатни ўрганиш учун, балки ишлаб чиқаришнинг юқори даражаси ва уларнинг техник ва амалий жиҳатлари билан танишиш учун ҳам яхши имкониятдир. Яна шуни ишонч билан таъкидлай оламанки, СТМИда таълим олиш сизнинг хизмат пиллапоялари бўйлаб ўсишингиз олдида кенг имкониятлар эшигини очади.
Мактабимиз билан қай тарзда алоқада бўлиб туриш мумкин, деб ўйлайсиз? СТМИ битирувчиси сифатида сизга қандай ёрдам беришимиз мумкин, СТМИ битирувчилари тармоғидан фойдаланиш бўйича бирор бир таклифингиз борми?
- Биз Япониядаги СТМИда 1998 йилдан 2000 йилгача 1,5 йил давомида таълим олдик ва бу даврда биз бир-биримиз билан жуда яқин бўлиб қолдик, бизни бу давр билан боғлиқ кўплаб умумий хотиралар бирлаштиради. Шу муносабат билан таклифим шундан иборатки, агар СТМИ ўз битирувчилари билан 6 ойда бир маротаба ёки лоақал бир йилда бир маротаба видеоконференция уюштириб турса, бу жуда ажойиб иш бўлган бўлур эди.
- Умид қиламанки, СТМИ вакиллари Японияда ўқиш учун “Туронбанк” ходимлари орасидан ҳам номзодларни танлаб олади. Бу иқтисодий тизимлар бўйича замонавий билим олиш учун зўр имконият бўлиши шубҳасиз.
Read an interview with Chori Mirzaev