Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

“Фаробий банк хизматлари офиси” иш бошлади

Янгиланган сана:  18 Январ 2020, 15:59
17 Jan 2020
IMG_2946.JPG

Вақтни қадрловчи ва сифатли хизматларни хуш кўрувчи истеъмолчилар учун Туронбанк замонавий кўринишдаги, ихчам “Банк хизматлари офис”ларини бутун Республика миқёсида ишга туширишда фаол иштирок этмоқда. Ҳозирга қадар Жиззах, Шаҳрисабз, Урганч, Нукус, Бухоро, Қарши, Наманган, Навоий сингари мамлакатимизнинг аҳоли гавжум ҳудудларда 19 та шундай нуқталари фаолият бошлаган бўлиб, унинг натижасида минглаб фуқароларимизнинг узоғи яқин, мушкуллари осон бўлмоқда.

IMG_2952.JPG

IMG_2950.JPG

16 январь санаси эрта тонгида шу каби замонавий офиснинг навбатдагиси Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида иш бошлади. Унинг тантанали очилиш маросимида банк раҳбарияти, ҳудудда истиқомат қилаётган маҳаллалар фаоллари иштирок этишди. Таъкидланганидек, бугун шиддат билан сония сайин ўзгариб бораётган мамлакатимизда барча соҳалар қатори банк – молия тизими ҳам туб бурилишларни бошдан ўтказмоқда. Айниқса, халқимизнинг эҳтиёжлари ортиши ва замон талабининг юқорилаётгани банклар зиммасига сифатли, тезкор ва энг асосийси фуқаролар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда меҳнат қилишга ундамоқда. Туронбанк эса бу борада шундай офисларни ташкил этиш орқали фаол иш олиб бормоқда. 

IMG_2948.JPG

IMG_2947.JPG

Айтиш керак, машҳур файласуф, қомусий олим “Фаробий” номи остида иш бошлаган янги офисда малакали банк ходимлари юридик ва жисмоний шахсларга кенг кўламли молиявий ва консалтинг хизматларини кўрсатади. У ерда ҳисоб рақам ва пластик карталар очиш, кредит олиш учун ариза бериш, омонатларни расмийлаштириш, барча турдаги тўловлар ҳамда халқаро пул ўтказмаларини бажариш мумкин. Замонавий банкомат ва инфокиосклар 24/7 режимида ишлайди. Бу миллий ва халқаро пластик карталардаги маблағларни нақдлаштириш, коммунал, уяли алоқа операторлари, шаҳар телефонлари, кабел телевидениеси, интернет хизмати учун тўловларни ҳафтанинг исталган куни, сутканинг ҳар қандай вақтида амалга ошириш имконини беради. Шунингдек, марказларда жойлаштирилган универсал кассалар мижозларнинг навбат кутиб, сарсон бўлишларига ҳам чек қўяди. Биргина ходимнинг ўзи ҳар қандай саволга жавоб бериб, сифатли хизмат кўрсата олади.

IMG_2951.JPG

Яна бир аҳамиятли жиҳати, марказларнинг замонавий дизайн асосида миллий меъморчилик андозалари билан уйғунлашганлигидир. У ерда ташриф буюрувчилар учун шинам жой тайёрланган бўлиб, ўрнатилган мониторда “Туронбанк” АТБда жорий этилаётган янги хизматлар ҳақида батафсил маълумот берилади.

IMG_2953.JPG

Бир сўз билан айтганда, Давлатимиз раҳбарининг “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мижозларга хизмат кўрсатишни замонавий ёндашувлар асосида такомиллаштиришга ҳуқуқий кўмак бўлмоқда. Натижада истеъмолчилар манфаатлари тўла қаноатлантирилиб, янги банк хизматлари ва маҳсулотлари ўз вақтида тадбиркорлар ҳамда аҳолининг барча қатламига бирдек етказилмоқда.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 246
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech