Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Германиянинг АКА банки билан молиявий ҳамкорлик!

Янгиланган сана:  28 Июл 2020, 12:05
28 Jul 2020

Жаҳон молия бозори амалиётида кенг қўлланиладиган ва яхши натижа берувчи шундай бир механизм борки, у орқали мамлакатларнинг иқтисодий фаоллик динамикаси сезиларли даражада ўсиб, ишлаб чиқариш, маҳаллийлаштириш, импортни қисқартириш ва бандлик каби қатор масалаларга ечим топилади. Бу - инвестицион мўътадил муҳитни яратиш стратегиясидир. Яъни, хорижий кредит линиялари ва халқаро молия институтлари билан изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали, маҳаллий корхоналар фаолиятини қайта тиклаш, уларни модернизация қилиш, техник ва технологик қўллаб – қувватлаш ҳамда янги турдаги маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйишдан иборат.

Чорак асрдан кўпроқ вақтдан буён Ўзбекистон молия блогида ўз ўрни ва имиджига эга Туронбанк, мамлакат ривожланишнинг энг муҳим, боз устига стратегик нуқтаси бўлган айни йўналишда прогрессив силжишларни амалга ошириб, аҳоли ишбилармонлигини янада тараққий эттиришга хорижий кредит сармояларини жалб этиб келмоқда. Бунга мисол сифатида, банк – молия тизимининг энг илғор тажрибалари платформаси дея эътироф этилувчи Германиянинг, “AKA Ausfuhrkredit-Gesellschaft mbH” немис банки консорциуми ҳамда Туронбанк ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорликни келтиришимиз мумкин.

Ўзаро манфаатли келишув натижасида Ўзбекистон иқтисодиётнинг реал секторини молиялаштириш ҳажмларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш ва инфратузилмани ривожлантириш, ишбилармонларни юқори технологияли ускуналар билан таъминлаш, бу орқали эса маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириб, янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилган. Аҳамиятли жиҳати, ҳамкорликка мувофиқ жалб қилинувчи транш маблағлар ҳар бир лойиҳа учун алоҳида ажратилиб, корхонанинг яқин келажакдаги фаоллик прогнози индивидуал тарзда кўриб чиқилади. Бунда сармояларнинг мақсадли сарфланиши ва бериладиган кредит тадбиркорнинг айнан фаолияти учун йўналтирилиши таъминланади. Молиялаштириш миқдори камида 500 минг Евро ва 1 млн АҚШ долларига тенг бўлади.

Рақамлар ҳақида сўз кетганда кўпчилик унинг ижроси билан ҳам қизиқади. Ўзаро алоқалар жорий йилда мустаҳкамланганлигини инобатга олсак, қисқа фурсатда Туронбанк дастлабки лойиҳани қўллаб – қувватлашга ҳам улгурди. Хусусан, “Xiva gilam kombinati” МЧЖга полипропилен ип ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун 6 млн. евро миқдорида кредит ажратилди ҳамда Германиянинг “Tixtima Export Import” компаниясидан замонавий ускуналар олиб келинадиган бўлди.

Немис банки билан келгусида ҳам енгил саноат, телекоммуникациялар, қурилиш ва Ўзбекистон иқтисодиётининг бошқа соҳаларида йирик инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, ўз навбатида, минглаб қўшимча иш ўринларини яратиш, саноат тармоқларида рақобат даражасини кўтариш режа қилинган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “АКА Банк” “AKA Ausfuhrkredit-Gesellschaft mbH” 1952-йилда ташкил этилган бўлиб, 17 нафар Германия банкининг йирик консорциуми ҳисобланади. Молия муассасаси синдикатлилик асосида Европа мамлакатлари миллий экспорт агентликлари кўмагида Европа Иттифоқи экспортёр корхоналари, автомобиль ва ускуналар ишлаб чиқарувчи корхоналар билан битимларни молиялаштириш билан шуғулланади.

Шунингдек, бугунги кунда Туронбанк Осиё тараққиёт банки, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Хусусий секторни ривожлантириш ислом корпорацияси, Халқаро ислом савдо молиялаштириш корпорацияси, Газпромбанк (Россия), "KazakhExport" АЖ ЭСК сингари халқаро молия институтлари ва хорижий кредит линиялари билан ҳамкорликни йўлга қўйган.  

Бир сўз билан айтган, Туронбанк олиб бораётган самарали ташқи фаолият Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига ҳамоҳанг амалга оширилаётгани билан аҳамиятлидир. Зеро, ҳукумат томонидан қабул қилинаётган ҳужжатлар қоғозда қолиб кетаётгани йўқ ва ўз ижросини босқичма-босқич топмоқда. Бугунги пандемия шароитида эса бу айни мудаодир.

/ Манба: Матбуот хизмати / Кўришлар: 456
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech