Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳалари имтиёзли шартлар асосида молиялаштирилмоқда

5 Apr 2016

Мамлакатимизда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг иш билан бандлигини таъминлаш, улар томонидан ишлаб чиқарилган бизнес лойиҳаларни молиялаштириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг “Тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига микрокредитлар бериш тартиби тўғрисида”ги Низоми (2758-сонли, 2016 йил 3 феврал) асосида касб-ҳунар коллежларини битирувчи ёшларнинг бизнес лойиҳаларига имтиёзли микрокредитлар ажратишнинг ягона тартиби жорий қилинганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Мазкур Низомга кўра,  микрокредитлар тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун давлат рўйхатидан ўтган ёки юридик шахс устав фондида (устав капиталида) 50 фоиз ёки ундан ортиқ акцияга (улушга) эга бўлган Республикамиз касб-ҳунар коллежларида ўқишни якунлаганига 3 йилдан ортиқ вақт ўтмаган битирувчилар учун ажратилмоқда.

Микрокредитлар юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, яъни якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритаётган коллеж битирувчиларига энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваригача, юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритаётган коллеж битирувчиларига – энг кам ойлик иш ҳақининг 300 бараваригача берилади.

Микрокредит кредит ажратилаётган лойиҳанинг ўзини-ўзи қоплаши ҳисобга олинган ҳолда:

фаолиятни бошлаш учун айланма маблағларни шакллантиришга, инвеститция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқишга – 12 ой муддатгача;

қишлоқ хўжалиги махсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни ташкил этиш учун айланма маблағларни тўлдиришга, шунингдек асбоб-ускуналарни сотиб олишга – 2 йил муддатгача;

инвеститция лойиҳаларни молиялаштириш учун – 3 йилдан ортиқ муддатга ажратилади.           

Микрокредитдан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси даражасидан юқори бўлмаган миқдорда белгиланади.                                           

Ушбу тартиб асосида “Туронбанк” АТБ филиаллари томонидан коллеж битирувчиларига имтиёзли микрокредитлар ажратилиб келинмоқда.

Жорий йилнинг I чораги давомида банк томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашга ўтган давр мобайнида жами 1,3 млрд. сўм кредит ажратилиб, белгиланган режа кўрсаткич 104,5 фоизга бажарилди. 

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 91
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech