Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Хитойдан импорт қилинган тўлов инфокиосклари Туронбанк кўмагида маҳаллийлаштирилди!

Янгиланган сана:  24 Феврал 2020, 09:15
24 Feb 2020

Бугун инсоният ҳаётининг ривожланиш босқичи энг тараққий нуқтасига етди. Барча жабҳалардаги янгиланишлар, ўзгаришлар замон билан ҳамнафас яшашга, одамлар эҳтиёжини тўлақонли қондириб, уларни рози қилишга қаратилмоқда. Айниқса, кундалик турмуш тарзимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган банк – молия йўналишида қулай, сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш энг муҳим ва кечиктириб бўлмас масъулиятли вазифа сифатида шахсан давлатимиз раҳбари томонидан қайд этилмоқда.

IMG_3900.JPG

Асосан, иқтисодиётни модернизациялаш шароитида банк тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва барқарорлигини ошириш, аҳоли ҳамда хорижий инвесторларнинг ишончини янада мустаҳкамлаш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаган ҳолда кўрсатилаётган хизматларнинг тури ва кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бунинг яққол мисолини нақд пулсиз хисоб – китоблар тизимининг автоматлаштирилганлигида кўриш мумкин. Бундан бир неча йил аввал кўпчилик пластик карточкадаги пулларини нақдлаштириш ҳамда турли тўловларни амалга ошириш учун коммунал кассаларда соатлаб навбат кутишар эди. Соҳада олиб борилган ислоҳотлар самарасида бугун ушбу оворагарчиликларга чек қўйилиб, барча шаҳар ва туманларда 7/24 режимида ишловчи ўз-ўзига хизмат кўрсатиш инфокиоскалари ташкил этилди.

IMG_3896.JPG

Энди савол туғилади. Аҳолига ҳар томонлама қулайлик яратаётган ушбу қурилмалар мамлакатимизга қаердан келтирилади? Уларни харид қилиш ва ўрнатиш банкларга неча пулга тушмоқда?. Таҳлилларга кўра, ҳозирга қадар шундай инфокиосклар Хитой давлатидан мамлакатимизга импорт қилинган ва турган гапки бу иқтисодиётнинг ривожланишига ҳам оз бўлсада ўз таъсирини ўтказган. Туронбанкнинг Қашқадарёлик мижози Фарҳод Раҳимов айни шу йўналишда фаолият олиб боришни мақсад қилиб банкнинг 310 миллион сўм миқдоридаги маблағи эвазига замонавий инфокиосклар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштирди.

IMG_3899.JPG

Ўтган йили ўз фаолиятини бошлаган “Promax” корхонасининг маҳсулотлари, асосан, ички бозорга, тадбиркорларга етказиб берилмоқда. Жорий йилдан бошлаб қўшни Тожикистон Республикасига сотила бошланади. Қолаверса, тожикистонлик ҳамкорлар билан маҳсулотлар турини ошириш юзасидан бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

IMG_3905.JPG

— Йилига 800 дона банкомат ишлаб чиқарамиз, — дейди корхона раҳбари Фарҳод Раҳимов. — Албатта, биз бу рақам билан чекланмаймиз. Келгусида бир қатор замонавий банк хизматларини кўрсата оладиган банкоматлар устида ҳам ишламоқдамиз. Яқин келажакда мижозларимизга ана шу маҳсулотларни тақдим этамиз. Умуман олганда, мақсадимиз — экспортбоп маҳсулотлар сонини янада оширишдир.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 83
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech