Банк фаолиятида ижобий натижаларга эришиш кўп жиҳатдан банк ходимларининг назарий билимларини доимий ошириб бориш, уларнинг амалий кўникмалари ва касбий маҳоратларини узлуксиз такомиллаштириб боришни талаб этади.
Туронбанк акциядорлик тижорат банки раҳбарияти ходимларнинг малакасини янада ошириш, амалдаги меъёрий ҳужжатларда бўлаётган ўзгариш ва янгиликлар билан доимий таништириб боришга катта эътибор бермоқда. Ходимлар учун ўқув семинарлари мунтазам ташкил этилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 9 апрел куни «Туронбанк» АТБ Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот департаменти томонидан банк филиаллари Бош бухгалтерлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида филиалларда бухгалтерия ҳисобини юритиш ва бухгалтерия ишларини тўғри ташкил қилиш ҳамда ходимларнинг касбий малакаси ва савиясини ошириш, шунингдек амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилаётган ўзгартиришларни ёритиб бериш мақсадида ташкил этилган ўқув семинари бунга мисол.
Семинарни юқори савияда, қизиқарли ва фойдали ўтишини таъминлаш ҳамда бухгалтерия ҳисобини тартибга солувчи амалдаги меъёрий ҳужжатларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни тушунтириш мақсадида, Тошкент Молия институтидан профессор ўқитувчи ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан малакали ходим таклиф этилди.
Унда тижорат банкларида бухгалтерия ҳисобини юритиш, банк балансини таҳлил қилиш методлари, бухгалтерия ҳисобини тартибга солувчи амалдаги меъёрий ҳужжатларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳусусида атрофлича сўз юритилди. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари, банк маблағидан самарали фойдаланиш, банк ўз эҳтиёжлари учун товар ва хизматларни тўғри харид қилинишини ташкиллаштириш каби масалаларнинг мазмун-моҳияти тушунтириб берилди.