Пойтахтимизда «Туронбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантиришда жаҳон тажрибаси, шунингдек, пул муомаласи ишини мустаҳкамлаш борасида банкда яратилган имкониятларга бағишланган ўқув семинари ташкил қилинди. Унда банкнинг ҳудудий филиал ва бўлимларига тегишли 150 нафарга яқин рахбар ва мутахассислар иштирок этди.
– Банкимизда ходимлар малакасини оширишга хизмат қилувчи ўқув семинарларини ҳар ойда ўтказилиши анъана тусига кирди, – дейди «Туронбанк» АТБнинг Пул муомаласи департаменти директори Равшанбек Умаров. – Бундай тадбирлар орқали банк мутахассисларининг нафақат амалий кўникмаларини ошириш, балки уларнинг маънавий билимларини янада бойитиш ҳам мақсад қилинган.
Тадбир давомида замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг банк хизматлари сифати ва кўламини оширишдаги роли, омонат амалиётлари бўйича татбиқ этилган янги лойиҳалар, омонатларни самарали жалб қилиш йўллари, омонат маблағларини банкнинг иқтисодий кўрсаткичларига таъсири, тизимдаги мавжуд камчиликларни бартараф қилиш масалалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, банкнинг депозит сиёсатидан келиб чиққан ҳолда, аҳолининг узоқ муддатли дeпозитларни жалб этиш ва бу кўрсаткични йил бошига нисбатан 25 фоизга ошириш юзасидан белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, семинар қатнашчиларига нақд пул маблағларини банк кассасига жалб қилиш ва пул муомаласи ишини ташкил қилишда тижорат банклари томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар, уларни бартараф этиш йўллари бўйича тавсиялар берилди.
Таъкидлаш жоизки, нақд пул маблағларини банк кассаларига жалб этиш ва пул муомаласини ташкил қилиш борасида ҳукуматимиз томонидан қатор фармон ва қарорлар ҳамда меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, ҳозирда мазкур меъёрий ҳужжатлар асосида банклар мижозлар олдидаги ўз мажбуриятларини тўлақонли бажариб келмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2005 йил 5 августдаги «Банклардаги депозит ҳисобварақларидан нақд пул маблағларининг узлуксиз берилишини таъминлаш кафолатлари тўғрисида»ги ПҚ-147-сонли Қарори ижросини таъминлаш доирасида қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ҳамда тижорат банкларида ва уларнинг филиалларида мижозларнинг биринчи талабига биноан нақд пулларнинг кафолатланган ва узлуксиз берилишини таъминловчи нақд пул маблағлари захираларини шакллантиришга оид нормативлар белгиланган.
2016 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, «Туронбанк» АТБ томонидан аҳоли ва хўжалик субъектларидан жалб қилинган жами омонатлар миқдори 121 млрд. 484 млн. сўмни ташкил этаётган бўлса, шундан пластик карталардаги маблағлар миқдори 55 млрд. 530 млн. сўмга тенг бўлди. Бугунги кунда банк томонидан аҳоли эътиборига миллий валютада 14 турдаги, хорижий валютада 6 турдаги омонатлар таклиф қилинмоқда.
Ўқув семинарида ходимлар учун назарий билимлар ва уларни амалиётда қўллаш усуллари хусусида ўз чиқишлари билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Банк-молия академиясининг етакчи мутахассислари иштирок этди.
Тадбирнинг «Юксак маънавият–енгилмас куч» мавзусига бағишланган қисмида эса, Ўзбекистон Республикаси халқ артистлари Муҳаммадали Абдуқундузов ва Гавҳар Зокирова ҳамда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Саида Раметова қатнашди. Маълумки, банк томонидан ташкил этилган аввалги тадбирларга машҳур ёзувчилар, шоирлар ва Ватанимиз шаънини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилаётган спортчилар таклиф этилган эди.
– Мазкур ўқув семинарлари замирида банкимизнинг ҳудудий филиалларида фаолият юритаётган ходимларнинг касбий малакасини ошириш баробарида, уларнинг маънавий дунёқарашини янада юксалтириш, онгига ватанпарварлик руҳини сингдириш, ўз ишига меҳр билан ёндашадиган кадрлар бўлиб вояга етишишларига кўмаклашиш каби эзгу мақсадлар мажассамдир, – дея сўзлайди Р. Умаров. – Бу эса пировардида, ходимларнинг дунёқарашини кенгайтириш асносида мижозларга кўрсатилаётган хизматлар сифати ва самарадорлигини яхшилаш, фаолият барқарорлигини таъминлашда айни муддаодир. Зеро, бугунги кунда банк тизимидаги муҳим тамойил – «Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун» шиори асосида иш юритилаётгани банклар фаолияти барқарорлигининг бош мезони бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўқув семинари иштирокчиларига банк фаолиятига оид қабул қилинган янги қонунчилик ҳужжатлари ва уларда белгиланган талаблар бўйича атрофлича тушунчалар берилди.