Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 19 октябрдаги “2015-2017 йилларда пенсия таъминотининг ягона идоралараро интеграциялаштирилган ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлаётир.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг “Пенсия” дастурий мажмуи негизида уни янада такомиллаштириш ҳамда функционал кенгайтириш йўли билан кекса кишилар учун пенсиялар ва ижтимоий нафақаларни тайинлашнинг энг қулай тизимини назарда тутувчи, маълумотномалар ва тасдиқловчи ҳужжатларни қоғоз шаклида олишни истисно этувчи, шунингдек, пенсиялар ҳамда нафақалар тўлашга маблағларни ўз вақтида молиялаштиришни таъминлайдиган ягона идоралараро интеграциялаштирилган ахборот тизимини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси пенсия таъминотининг ягона идоралараро интеграциялаштирилган ахборот тизимини жорий этиш режа-жадвалида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Марказий банк телекоммуникация тармоғи орқали Молия вазирлиги қошидаги бюждетдан ташқари Пенсия жамғармаси билан “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки ахборотлаштириш тизими ўртасида ҳимояланган алоқа канали ташкил этилиб, маълумотлар алмашинуви электрон шаклда йўлга қўйилди.
Хусусан, “Туронбанк” АТБ томонидан шу йилнинг биринчи апрелидан бошлаб пенсия, нафақа, ва бошқа социал тўловлар бўйича электрон қайдномаларни автомат тарзда қайта ишлаш ҳамда нафақахўрлар ва бошқа нафақа олувчиларнинг пенсия, ижтимоий нафақалар, компенсация ва бошқа тўловларини банкдаги ҳисобрақамларига кирим қилиш тизими ишга туширилди.