Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк ахбороти!

Янгиланган сана:  ...
4 Sep 2023

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан жорий 2023 йил 5 сентябрдан бошлаб тўлов ташкилотларига трансчегаравий халқаро транзит операциялари ўтказишни таъқиқлаш чоралари кўрилмоқда. Ушбу қарор Ўзбекистон молия тизими ва хусусан финтех бозорини халқаро савдо ва молия тизимидаги хатарлардан ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, бир қатор асосларга эга:

Ўзбекистон тўлов ташкилотлари халқаро финтех бозорларида (Россия, Қозоғистон, бошқа МДҲ давлатлари, Европа ва ҳ.к.) молиявий хизматларни кўрсатиш учун ўша давлат ёки иқтисодий ҳудуднинг молиявий регулятори томонидан берилган лицензияга эга бўлишлари керак. Бу ҳолат Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари” тўғрисидаги қонунида ҳам эътиборга олинган бўлиб, ушбу қонунга асосан тўлов ташкилотлари тўлов хизматларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Марказий банкнинг тегишли лицензиясига асосан етказиб беради. Тўлов ташкилотлари чет эл давлат бенефициарлари томонидан бажарилган хизмат ёки товарлар учун тўлов хизматларини етказиб бериш фаолиятини амалга ошириш учун бенефициар рўйхатдан ўтган давлатнинг тегишли идораларидан лицензия олган бўлиши керак.

Ўзбекистон банклари ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олишда Марказий банк томонидан қўйилган талабларни бажаришлари шарт бўлиб, булар асосан кадрлар, инфраструктура, ички меъёрий ҳужжатлар, капитал етарлилигига оид талаблардан иборат ва тўлов ташкилотларида одатда бу каби талабларни бажариш имконияти мавжуд эмас. Хусусан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бўйича чет давлат бенефициарларини тўлиқ идентификациядан ўтказа олмаслик тўлов ташкилотлари ва умуман банк-молия тизими учун хатарларни келтириб чиқаради.

Халқаро миқёсдаги йирик молиявий ташкилотлар томонидан шакллантирилган санкциявий рўйхатлар ва улардаги ўзгаришларни доимий мониторинг қилиб бориш, санкция қўлланган юридик ва жисмоний шахсларнинг молиявий операцияларини чеклашга оид талабларни бажариш кенг миқёсдаги молиявий, технологик ва кадрлар билан боғлиқ ресурсларни талаб қилади ва тўлов ташкилотлари томонидан ушбу талабларни бажара олмаслик умумий Ўзбекистон банк-молия тизимига нисбатан ишончсизликни келтириб чиқаради.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, тижорат банклари Ўзбекистон банк-молия тизимини, унинг иштирокчиларини ва аҳолини ҳуқуқий асосга эга бўлмаган ташқи иқтисодий фаолият натижасида юзага келиши мумкин бўлган хатарлардан ҳимоялаш юзасидан Марказий банк томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайдилар.

Шу билан биргаликда, Ўзбекистон ҳудудидаги нақдсиз ҳисоб-китоб тизимлари ва уларнинг иштирокчиларини, республикамиз аҳолиси ва банк-молия тизимини молиявий хатарлардан ҳимоялаш мақсадида тижорат банклари томонидан мавжуд қонунчилик ва Марказий банкнинг меъёрий талабларига қатъий риоя қилиниши, трансчегаравий операцияларни амага оширишда хорижий ҳамкор банклар билан биргаликда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши чора-тадбирларни мунтазам равишда амалга ошириб боришлари талаб этилади.

/ Манба: Матбуот хизмати / Кўришлар: 53
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech