Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Масофавий банк хизматлари халқ фаровонлиги йўлида

Янгиланган сана:  21 Октябр 2019, 18:55
18 Oct 2019

Бугунги кунда замонавий ахборот технологияларини жорий этишга эътибор қаратилиб, электрон ҳукумат, электрон давлат хизматлари каби қатор тизимлар ривожланмоқда. Бунинг натижасида ҳар бир ташкилот шу йўналишдаги ишларни янада фаоллаштириб, ўз фаолиятига замонавий АКТни жорий этмоқда. 

Ҳисоб-китоблар ва тўлов тизимининг фаол иштирокчиси бўлган “Туронбанк” АТБ замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда масофадан туриб банк хизматларини кўрсатиш тизимларини янги имкониятлар билан бойитиб, амалда фойдаланилаётган дастурий воситаларни янада такомиллаштирмоқда. Хусусан, жорий йилнинг I чорагида сервер комплексини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида янги сервер қурилмалари ва телекоммуникация воситалари ўрнатилиб, ишга туширилди. Автоматлаштирилган банк тизими маълумотлар базаси янги серверга ўтказилди. Бош банк биносида юқори қувватли янги генератор қурилмаси ўрнатилди. 

Бундан ташқари, Бош банк ва филиаллар ўртасидаги алоқа каналларининг маълумотлар узатиш тезлиги бир неча баробар оширилди. Тегишли алоқа тугунлари юқори тезликка эга бўлган телекоммуникацион жиҳозлар билан таъминланди ва улар орасида оптик-толали каналлар ва захира каналлари ташкил этилди. Шу билан бирга ўтган вақт мобайнида юридик шахслар учун  яратилган «Корпоратив интернет-банкинг» ва «Турон-мобайл» каби тизимлар тамомила янгиланди, ҳамда уларга бир қатор хизмат турлари қўшилди. Хусусан, ушбу тизимлар орқали валюта айрибошлаш (конверсия) амалиётларини бажариш юзасидан OnLine буюртмалар шакллантириш, корпоратив карточкаларни керакли ҳажмдаги маблағлар билан тўлдириш, пластик карточка ҳисобварақларига кирим қилиш учун ўз ходимларининг иш ҳақи реестрини шакллантириб юклаш каби хизматлар жорий этилди.

turon mobile uzb.png

«Корпоратив интернет-банкинг» тизими ўзининг бир қатор қулайликлари билан кўплаб мижозлар эътиборини тортмоқда. Хусусан, ушбу тизим ўз тасарруфидаги корхоналарнинг ҳисоб рақамлари орқали ўтказилаётган амалиётларни тўлиқ назорат қилиш имконини беради. Географик жиҳатдан турли ҳудудларда жойлашган бўлишига қарамай банк томонидан бир мижозга қарашли барча корхоналарга бир вақтда хизмат кўрсатилади ва турли филиалларга тегишли ҳисобрақамларни масофадан туриб фаол назорат қилиш имконияти яратилади.

Бундан ташқари жисмоний шахслар учун «MyTuron» масофадан туриб банк хизматларини кўрсатиш тизими қайта дастурланди. Ушбу мобил илова орқали жисмоний шахсларга Visa ва Master Card ҳалқаро тўлов карталарини очган ҳолда OnLine режимда исталган вақтда конверсия амалиётларини ўтказиш, банк депозитларига маблағлар киритиш, кредитларни сўндириш, коммунал, бюджет, солиқ, алоқа, интернет ва бошқа кўплаб хизматлар учун тўловларни ўтказиш имкониятлари яратилган. Шунингдек, жорий йил июнь ойида ушбу мобил иловага HUMO пластик карталари орқали картадан картага пул маблағларини ўтказиш ҳамда тўловларни амалга ошириш функциялари ҳам қўшилди. Жорий йил давомида «My Turon» мобил иловасини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қошида ташкил этилган QR-OnLine тизими билан боғлаш ишлари амалга оширилди ҳамда QR-кодлар билан ишлаш имкониятлари синовдан ўтказилиб, тўлиқ амалиётга жорий этилди. 

mobile_phone.png
Жорий йилнинг июль ойида тижорат банклари қаторида биринчилардан бўлиб ИАБС дастурий мажмуасининг янги 24/7 режимида ишловчи версияси «Туронбанк» АТБ ахборотлаштириш тизими серверларига ўрнатилиб, ишга туширилди. Натижада мижозларнинг масофадан туриб банк хизматларини кўрсатиш тизими орқали киритаётган тўлов топшириқномалари филиаллар амалиёт куни ёпилиши ва янги кун очилиши жараёнига боғлиқ бўлмаган ҳолда ижрога қабул қилиниши ва яна шу каби бир қатор қулайликлари йўлга қўйилди.

Мижозлар учун яна бир қулай тизим бўлган СМС-банкинг хизмати ишлаб турибди. Ушбу тизим орқали жисмоний ва юридик шахслар ўз ҳисобварақларидаги амалиётлар тўғрисида тезкор маълумот олишлари билан бир вақтда, банкдаги янгиликлар, эълонлар билан ҳам танишиб бориш имкониятлари мавжуд. Ушбу электрон хизмат турларининг банк расмий сайти орқали ишлайдиган web-талқинлари ҳам яратилган ва бугунги кунда мижозларга яна бир қулайлик сифатида тақдим этилмоқда. Ушбу тизимларнинг яна бир эътиборли томони – уларнинг 24 соат давомида реал вақт режимида фаолият кўрсатиши билан биргаликда узатилаётган ва қабул қилинаётган ахборотларнинг электрон рақамли имзо калитларидан фойдаланган ҳолда ишончли тарзда ҳимояланганлигидир.

Илғор ахборот технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда яратилган «Корпоратив интернет-банкинг», «Мобил банкнинг» ва жисмоний шахслар учун мўлжалланган «MyTuron» мобил иловалари фойдаланувчилари сони кундан-кунга ортиб бормоқда. 2019 йилнинг 1 октябрь ҳолатига «Корпоратив интернет-банкинг» ва «Мобил банкинг» тизимлари хизматларидан фойдаланувчи юридик мақомга эга мижозлар сони 8187 тани ташкил этганлиги ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34 фоизга, йил бошига нисбатан эса 23 фоизга ошганлиги фикримизнинг далилидир. 

Жисмоний шахсларнинг турли хил хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳисоб рақамларига ўтказиладиган тўловларини реал вақт режимида амалга ошириш имкониятини таъминлаш мақсадида Марказий банкнинг МУНИС клиринг тизими имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Барча филиаллар, жамғарма кассалари ва махсус кассалар орқали ушбу тизим билан тўғридан-тўғри ишлаш ташкил этилганлиги “Туронбанк” АТБ бўлинмаларини жисмоний шахслар учун жуда қулай бўлган тўлов тизимига айлантириб бормоқда.  

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 809
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech