Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Мўйноқда йилиги 200 минг тонна гўшт тайёрланади!

Янгиланган сана:  19 Октябр 2020, 20:09
16 Oct 2020

Маълумки, Қорақалпоғистон Республикаси Амударёнинг қуйи қисмида, Орол денгизининг жанубий томонида жойлашган бўлиб, умумий ер майдони 166,6 минг квадрат километрдан иборат. Ҳудуд аҳолисининг сони 1 миллион 900 минг нафарга яқин. Президентимизнинг 2019 йил август ойида Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида 14 триллион 805 миллиард сўмлик 697 лойиҳани амалга ошириш, шунинг ҳисобидан 14 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш вазифаси белгилаб берилди. Шундан бугунги кунгача 455 миллиард сўмлик 111, яъни 2019 йилнинг ўзида 16 фоиз лойиҳа ишга туширилган. Қорақалпоғистонда ўтган йили бюджет прогнозининг ортиқча бажарилган қисми ҳисобидан 1 триллион сўм маблағ ҳудуднинг ўзига қолдирилди. Бу маблағлар қишлоқларни обод қилиш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, Маданият уйлари, соғликни сақлаш ва спорт объектларини таъмирлаш, уларнинг моддий-техник базаларини мустаҳкамлаш, энг оғир ҳудудларни ободонлаштириш каби эзгу ишларга йўналтирилмоқда.

IMG_5759.JPG

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганлиги, ҳудудда умумий қиймати 1 триллион 485 миллиард 176 миллион сўмлик 2019-2021 йилларга мўлжалланган 125 та лойиҳани амалга ошириш каби вазифаларни белгилади. Аҳамиятлиси, мазкур тумандаги ёшларни доимий иш билан таъминлаш мақсадида жорий йилнинг февраль ойида Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритишга ихтисослашган «Мўйноқ келажаги бунёдкорлари» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилган. Ёшларни иш билан банд қилиш мақсадида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун белгиланган тартибда жами 10 минг гектар ер участкаси, шундан Мўйноқ туманидан 5000 гектар, Қўнғирот туманидан 3000 гектар, Тахтакўпир туманидан 2000 гектар ер майдони ажратиб берилди. Уларга сабзавот экинларини экиш, иссиқхоналар ташкил этиш ҳамда чорва моллари учун озуқабоп экинларни етиштириш белгиланган. Жумладан, Мўйноқ тумани ҳудудидан ажратилган ер майдонларида 1 гектар иссиқхона ташкил этиш ҳамда 100 гектар майдонда экспортбоп сабзавот, шунингдек, 60 гектар майдонда беда ва озуқабоп экинларини экиш ишлари амалга оширилмоқда. Шуларнинг ҳисобидан бугунги кунга жами 600 нафарга яқин ёш иш билан таъминланди. Улар асосан, агроном, сувчи, тракторчи, юк ва енгил автотранспорт воситалари ҳайдовчилари, ветеринар ва зоотехник, шунингдек, деҳқончилик билан шуғулланувчи касбларда фаолият олиб бормоқда.

IMG_5762.JPG

Энг муҳими йил бошидан шу кунга қадар қорақалпоқ ёшлари томонидан жами 8 минг гектарга яқин ер ўзлаштирилди. Масалан, бедадан 900 гектари ўриб олинган бўлса, улардан чорвачилик хўжаликлари учун жами 410 тонна силос ва 11 350 дона пресс жамланди. Ушбу эзгу ишларнинг давоми сифатида Мўйноқ тумани «Қозоқдарё» овул фуқаролар йиғини ҳудудида иш бошлаши кутилаётган, йилига 200 минг тонна гўшт маҳсулоти олишга мўлжалланган замонавий чорвачилик мажмуасини келтиришимиз мумкин. Лойиҳанинг умумий қиймати 1,5 млн. АҚШ доллари бўлиб, шундай 1 млн. АҚШ доллари Туронбанк кредити ҳисобланади. Молиявий кўмак эвазига Германия давлатидан 565 бош йирик шохли “Лимузин” наслли чорва моллари ва 255 бош “Дорпер” наслли қўйлар олиб келиниши ҳамда Туркиядан ем-хашак тарқатиб берувчи махсус техника, “Pezzaioli” русумли ярим тиркама сотиб олиниши режалаштирилган.

IMG_5752.JPG

“Президентимизнинг 2019 йил 7 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳудудимизда чорвачилик ривожида янги босқични бошлаб берди десам адашмаган бўламан. Бу Қорақалпоғистон чорвадорлари учун яна кўплаб имкониятлар эшигини очди ва халқимизнинг фаровонлигини, дастурхони тўкинлигини таъминлашга замин яратди. Ушбу ҳужжат билан Республикамизнинг Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманларини чорвачиликка ихтисослаштириш, ушбу ҳудудларда замонавий чорвачилик комплексларини ишга тушириш, яйлов ва пичанзорлардан самарали фойдаланиш ҳисобига аҳолининг чорвачилик маҳсулотлари, айниқса, гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш вазифаси қўйилди. Айни шу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда биз ҳам 2 гектарга яқин майдонда катта бўйдоқчилик комплексни яратдик. Бу ерда доимий 25 мавсумий 20 нафар янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Уларнинг аксарияти ёшлар ва аёллар бўлади. Айтиш керакки, мазкур лойиҳамиз доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг амалий кўмаги билан «Қозоқдарё» ОФЙ ҳудудидан 1660 гектар экин майдони ҳам ажратилмоқда. Бу ерга маккажўхори, кунгабоқар, беда каби озуқабоп экинлар экишни мақсад қилганмиз” деди «Мўйноқ келажаги бунёдкорлари» раҳбари Абдулбори Арипходжаев.

/ Манба: Матбуот хизмати / Кўришлар: 44

Яна кўринг:

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech