Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Муносабат!

Янгиланган сана:  15 Октябр 2021, 11:30
15 Oct 2021

Муносабат: Аслида қандай бўлганини билмаганлар учун!

Human.uz (https://human.uz/8/48/2450) сайтида ва турли ижтимоий тармоқ фаолларининг саҳифаларида эълон қилинган “Туронбанк пулларини ўзлаштириб юборган шахсларга суд ҳукми ўқилди” сарлавҳали (ва шу мазмундаги) хабарларга нисбатан қуйидагиларни маълум қиламиз:

2020 йилнинг 19 декабр санасида фуқаро Усмонов таниши Обидовнинг “Humo” пластик карточкаси ҳисобидан Туронбанкнинг “My Тuron” мобил иловаси орқали ўзининг шахсий пластик карточкасига маблағ ўтказишга уринган. Амалиёт муваффақиятли бажарилганлигига қарамасдан Обидовнинг ҳисоб рақамидаги пуллар миқдори камаймаган ва бу ҳолатни кўрган фуқаролар мазкур амалиётни яна бир неча карра амалга оширишга уринишган ва ҳаракатлар ижобий якунланган. Яъни, картадан – картага пул ўтса ҳам ҳисобдаги маблағ камаймаган.

Қонунчиликка кўра, мижознинг ҳисобварағига нотўғри маблағлар келиб тушиш ҳолати юз берганда, мижоз ушбу ҳолат юзасидан банкка хабар бериши кўрсатилган бўлса-да, юқоридаги шахслар мазкур ҳолат ҳақида банк мутасаддиларига хабар беришнинг ўрнига, "фурсатдан унумли фойдаланиб", яширин равишда маблағларни талон-торож қилишган ва шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборишган. Айбланувчиларнинг ишлари Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Тошлоқ тумани судида кўриб чиқилиб тегишли жазо чоралари кўрилган.

Энди ушбу хабар дастлаб тарқатилган Human.uz интернет нашри Фарғона вилояти мухбирининг фикрлари ҳамда Muxbir Daliyev телеграм каналида келтирилган изоҳларга ўз раддиямизни билдирамиз. 

Human.uz интернет нашри Фарғона вилояти мухбири эълон қилган материалда “Шундан сўнг Усмонов ва Обидов компьютер тизимига рухсатсиз кириб” деган жумла келтирилган бўлиб, гўёки юқоридаги шахслар банк дастурий таъминотини "бузишга" муваффақ бўлгандек тавсифланган. Аслида эса, шунчаки "картадан картага пул ўтказиш жараёнида тизимнинг қисқа хатолиги рўй берган" бўлиб, бу ҳолат "банк компьютер тизимига рухсатсиз кириш" деб аталмайди.

Шуни маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият олиб бораётган ҳар қандай тижорат банкининг дастурий таъминот тизими кучли ҳимоя ва 24 соатлик кузатувда бўлиб, унга оддий фуқароларнинг кириб, тизимларни бузиши бу ҳақиқатдан анча йироқ бўлган ҳолатдир. Қолаверса, айбланувчилар ушбу ҳолат содир этилган вақтда фақатгина “картадан – картага пул ўтказиш” амалиётини бажаришган. Ҳеч қандай банк компьютер тизимига ҳужм ёки талофат етказиш каби ҳаракатлар кузатилмаган.
 
Ушбу ҳолатнинг юзага келишида айнан банкнинг ёки банк масъул ходимининг хатолигидан кўра, дастурий таъминотнинг хатолиги сабаб бўлган бўлиб, шу ҳолат содир бўлишидан аввал ҳам бошқа масъулиятли фуқаролар маблағлари картадан – картага кўчирилган вақтда пуллар қолиб кетаётганлиги ҳақида банкка мурожаат қилишган ва молия муассасаси ходимлари ушбу дастур яратувчилари бўлган компания ходимларига бу хатоликлар бўйича маълумот бериб, бартараф этиш чораларини зудлик билан кўриш чораларани сўраган. Аммо, йўл қўйилган айрим объектив ва субъектив сабабларга кўра, фуқаролар Усмонов ва Обидов иловадан фойдаланган вақтида техник носозликлар келиб чиққан ва маблағларнинг ҳолати тўлиқ назорат қилинмаган.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, "Muxbir Daliyev" телеграм канали муаллифининг банк ва унинг мижозларига нисбатан ҳақоратомуз характерда билдирган “My Тuron мобил иловаси гнат қилиб қоганакан” фикри журналистик касб этикасининг ҳеч қайси жиҳатига тўғри келмайди. Аслида журналист бетараф бўлиши, воқеа-ҳодисаларни холисона ва ҳаққоний ёритиши, муомала маданияти ва очиқлик тамойилларига амал қилиши керак. 

Ушбу ҳолатнинг юзага келишида банкнинг ҳеч қандай айби ёки хатолиги йўқ. “MyTuron” мобил иловаси маҳаллий дастурчи компаниялар томонидан яратилган бўлиб, унинг созлиги, техник ҳолати ва тўлиқ ишлашига улар масъул  эди. Аммо, йўл қўйилган айрим объектив ва субъектив сабабларга кўра, мижозлар иловадан фойдаланган вақтида техник носозликлар келиб чиққан ва ушбу хатолик тузатилгунга қадар фуқаролар Усмонов, Обидов ва бошқалар томонидан маблағлар ўзлаштирилган.  Бу ҳолатда аксинча, банкка зарар етказилган.

Айни шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, “Туронбанк” АТБ ўзининг мобил иловасини янгилаш ва замон талабларига мувофиқ трансформация қилиш ишларини бошлаб юборган. Ҳозирда узоқ йиллик тажрибага эга нуфузли хориж компанияси билан бу борада ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда. 

Ҳурматли журналистлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари!

Сизлардан тўлиқ ўрганилмаган ва банк мижозларида нотўғри тасаввур уйғотувчи хабарларни тарқатмасликни ва пировардида молия муассасасини обрўсизлантиришга уринмаслигингизни сўраймиз! 

Шунингдек Туронбанк мижозлари ва барча юртдошларимизга 30 йилдан ортиқ тарихга эга “Туронбанк” АТБда мижозларнинг маблағлари ва шахсий маълумотлари доимо кучли муҳофаза қилиниши кафолатланганлигини маълум қиламиз. Ҳеч ким, ҳеч қандай шароитда сизнинг маблағларингиз дахлсизлигига раҳна сола олмайди. 

Ҳар бир ҳаракатимиз ва фаолиятимизнинг асосий мезони сиз азиз мижозларга сифатли ва тезкор хизмат кўрсатишдир.

/ Манба: Матбуот хизмати / Кўришлар: 429
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech