«Туронбанк» АТБ ўз мижозларига янги қулайликлар яратмоқда. Жорий йилнинг апрел ойидан бошлаб «Туронбанк» АТБ филиалларида очилган пластик карточка ҳисобварақларига пенсия маблағларини бевосита Пенсия жамғармаси томонидан кирим қилиниши йўлга қўйилди.
Бунда, пенсия маблағи мижоз ҳисобварағига онлайн тарзда қисқа дақиқаларда банк ходими иштирокисиз кирим қилинишига эришилди.
Эндиликда, пенсия маблағларини Ғазначилик томонидан маблағ банкка ўтказилган кундаёқ кирим қилиниши ва мижоз томонидан эркин тасарруф этилиши имкони пайдо бўлди.
Бундан ташқари, 2016 йилнинг май ойидан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган пул маблағларини “UzASBO” электрон тизими орқали банк ходими иштирокисиз онлайн тарзда ҳисобвараққа кирим қилиш банк хизмати йўлга қўйилди. Ўз навбатида, мазкур хизмат тури бюджет ташкилотларига иш ҳақи маблағларини Ғазначилик томонидан молиялаштирилган куннинг ўзидаёқ қисқа вақт мобайнида мижоз ҳисобварағига кирим қилиш имконини яратди.