Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Россия банки билан 101,3 млн. еврога тенг 3 та шартнома имзоланди

Янгиланган сана:  3 Феврал 2020, 10:27
31 Jan 2020

Қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни изчил ошириш, шу асосда янги экологик тоза ишлаб чиқиш қувватларини ташкил этиш, замонавий технологиялардан фойдаланиш негизида амалдаги гидроэлектростанцияларни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бугуннинг энг муҳим масалаларидан бири ҳисобланмоқда.

photo_2020-01-28_15-42-44.jpg

Шуни инобатга олган ҳолда давлатимиз раҳбари 2017—2021-йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаб, ушбу муҳим вазифани амалга оширишда бир қатор вазирлик ва идораларга аниқ топшириқларни берган эди. Мазкур вазифа ижроси юзасидан “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва “Туронбанк” АТБ томонидан шу кунга қадар 14 та кичик ГЭСларни қуриш ва мавжуд ГЭСларни модернизация қилишни молиялаштириш мақсадида Хитой Эксимбанкидан 209,9 млн. АҚШ долларига тенг кредит линиялари жалб этилди.

photo_2020-01-28_15-42-57.jpg

Натижада, 2019 йилда янги кичик гидроэлектростанция ишга туширилди ва 2020 йил сўнггига қадар қўшимча равишда яна 7 та ГЭСлар ишга туширилиши режалаштирилган. Жумладан, 2019 йилда лойиҳа қуввати 11,4 МВТ, ўртача йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 38,4 млн. кВт/с бўлган “Туябўғиз сув омбори қошида кичик ГЭС қурилиши” ва лойиҳа қуввати 12,0 МВТ, ўртача йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 72,8 млн. кВт/с бўлган “Катта Фарғона каналида кичик ГЭСлар каскади қурилиши” лойиҳалари ишга туширилди. 

IMG_3516.JPG

Мазкур ишларнинг мантиқий давоми сифатида 2020 йил 28 январь куни пойтахтимизда “Туронбанк” АТБ ва Россиянинг “Ривожланиш ва ташқи иқтисодий фаолият банки” Давлат корпорацияси раҳбарияти ўртасида яна 3 та гидроэлектростанцияни қуриш ва 1 та ГЭСни модернизация қилиш бўйича умумий қиймати 101,3 млн. еврога тенг бўлган 3 та қарз шартномаси имзоланди.

photo_2020-01-28_15-43-23.jpg

Ушбу ҳамкорликка кўра, янгидан барпо этиладиган гидроэлектростанцияларда йилига ўртача 776,5 млн. кВт/с электр энергияси ишлаб чиқарилиб, “Туронбанк” АТБ томонидан жами молиялаштириладиган лойиҳалар ҳисобига республикадаги мавжуд ҳажмларни 8 543,0 млн. кВт/с гача ошириш режалаштирилган.   

photo_2020-01-28_15-44-10.jpg

Сув оқимидаги энергияни электр энергиясига айлантириб берувчи иншоотлар ва жиҳозлар мажмуи ҳисобланган Гидроэлектрстансияларни модернизация қилиш, ўз – ўзидан бўлиб қоладиган иш эмас. Ортида халқ фаровонлиги турган ушбу вазифани аъло даражада бажаришга бел боғлаган “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва “Туронбанк” АТБ жамоалари бу жиҳатни тўлиқ англаган ҳолда эртаю – кеч меҳнат қилишда давом этмоқда.     

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 51
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech