Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ТАШАББУС, ИМКОНИЯТ ВА РАҒБАТ

Янгиланган сана:  9 Феврал 2019, 16:32
28 Oct 2016

Мамлакатимиз тижорат банкларининг жаҳон молия бозоридаги ўрни ва мавқеи тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Улар фаолияти нуфузли халқаро рейтинг ташкилотлари томонидан “Барқарор” дея баҳоланаётгани мазкур соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар юқори самара бераётганини, тасдиқлайди. Зеро, молия-банк тизимини ривожлантириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг молия муассасаларига бўлган ишончини ошириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Айни пайтда ҳам бу борадаги ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.

Айтиш жоизки, республикамизда халқаро талабларга жавоб берадиган барқарор банк тизими шакллантирилишида салкам йигирма олти йилдан буён самарали фаолият юритиб келаётган “Туронбанк” акциядорлик тижорат банкининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Ҳозирги кунда ушбу молия муассасаси 17 та филиали, 23 та мини банки ҳамда 120 дан ортиқ бўлинмалари орқали жисмоний ва юридик шахсларга намунали хизмат кўрсатаяпти. Бу эса халқаро эксперт ҳамда мутахассислар томонидан ҳам муносиб эътироф этилаётир. Масалан, жорий йилнинг июль ойида “S&P Global Ratings” халқаро рейтинг агентлиги мазкур молия муассасасининг узоқ ва қисқа муддатли кредит рейтингини “Барқарор” истиқболи билан тасдиқлаган бўлса, “Аhbor-Reyting” рейтинг агентлиги ҳам унинг миллий стандартлар шкаласи бўйича кредит рейтингини анашундай баҳога лойиқ, деб топди. Буларнинг барчаси “Туронбанк” ўз ривожланиш стратегиясини тўғри белгилаб, ана шу йўлдан дадил одимлаётганидан далолатдир.

Хусусий секторга мақсадли сармоя

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб олинган. Натижада бугунги кунга келиб мазкур соҳа вакиллари иқтисодиётимизнинг том маънодаги таянчига айланди. Бошқача айтганда, эндиликда ишбилармонлар иқтисодий барқарорлик ва аҳоли бандлигини таъминлашда ҳал қилувчи куч сифатида намоён бўлаётир. Албатта, тадбиркорликнинг бу қадар равнақ топишида молия ­муассасаларининг ҳиссаси катта.

“Туронбанк” ҳам ўз фаолияти давомида ушбу соҳа вакилларининг истиқболли лойиҳаларини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунда банк-молия тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида банк хизматлари ҳамда кредит ажратиш шартлари соддалаштирилаётгани, шунингдек, мижозлар билан ишлаш жараёнини яхшилашга қаратилган бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, айниқса, қўл келаётир. Юртимизда бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётни шакллантириш, хусусий мулкни қарор топтириш борасидаги қонун ҳужжатлари қабул қилингани бугунги кунда тадбиркорликнинг жадал ривожига, янги иш ўринлари яратилишига, ҳар бир оилада ўзига хос оилавий бизнес шакл­ланишига, пировардида аҳоли фаровонлиги ортиб ­боришига хизмат қилаяпти.

Жумладан, мазкур молия ­муассасаси томонидан жорий йилнинг саккиз ойида ажратилган сармояларнинг 80 фоизи ишбилармонларга тақдим этилди. Шу билан бирга, хусусий сектор вакилларининг истиқболли лойиҳаларини молиялаштириш ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан қарийб 1,3 баробар ортди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани натижасидир.

Устувор вазифалар ижроси

Тинчлик-осойишталик ва иқтисодий барқарорлик хорижий сармоядорларни жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга. Эътиборлиси, мамлакатимизда анашундай қулай муҳит мавжуд. Бу эса чет эллик ишбилармонлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга хизмат қилаётир. Хусусан, ишлаб чиқариш соҳасига йўналтирилаётган сармоялар импорт ўрнини босувчи ва экспорт боп маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини бераяпти. Бунда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2009 йил 28 июлдаги “Тижорат банк­ларининг инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтириладиган узоқ муддатли кредитлари улушини кўпайтиришни рақобатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2015 йил 6 майдаги “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари муҳим дастури амал бўлаётир.

Айтиш жоизки, “Туронбанк” томонидан жорий йил бошидан буён ажратилган инвестициявий кредитлар ва лизинглар 195,5 миллиард сўмни, банк инвестиция портфели қолдиғи эса 334,9 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2015 йил 21 сентябрдаги қарори асосида Ҳукуматимиз томонидан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки кредит линияси жалб қилинди. Шунгамувофиқ,  “Туронбанк” 2016 йилда ­Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш” лойиҳаси ­доирасида фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кичик бизнес субъектларига 5 миллион АҚШ долларига тенг имтиёзли сармоя ажратди.

Бундан ташқари, айни пайтда қишлоқ хўжалиги тармоғида 10 миллион долларлик 10 дан ортиқ лойиҳалар танлаб олиниб, уларни Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки кредит линияси ҳисобидан молиялаштириш чора-тадбирлари кўрилаётир.

Зеро, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмини оширишда замонавий, юқори унумли техника ва технологиялар алоҳида ўрин тутади. Бундай илғор қувватларни барпо этиш, ўз навбатида, аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг реал даромадларини кўпайтиришга хизмат қилади. Шу маънода, мазкур йўналишдаги вазифалар ижросида “Туронбанк” ҳам фаол иштирок этиб, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки томонидан ажратилган кредит ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда бу орқали белгиланган эзгу мақсадларнинг ўз вақтида рўёбга чиқарилишини таъминлаш пайидан бўлаётир.

Айни пайтда “Туронбанк” жамоаси галдаги устувор вазифалар ижроси билан банд. Молия муассасаси капиталлашув даражасини ошириш, унинг активлари, айниқса, даромад келтирувчи қисмининг бар­қарор ўсишини таъминлаш, ахборот-коммуникация технологиялари асосида замонавий хизмат турларини йўлга қўйиш, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастуридаги вазифаларни ижро этиш каби масалалар шулар жумласидандир. Бунинг учун банк томонидан барча имконият ­сафарбар этилмоқда.

Ҳисоб-китобнинг қулай усули

Маълумки, ҳозир “электрон ҳамён” дея эътироф этилаётган пластик карточкалар кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Натижада нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизими нафақат савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, балки ундан фойдаланувчи юртдошларимизга ҳам қулай, тезкор ва кафолатли тўлов воситаси сифатида манзур бўлмоқда.

Бу борада “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан ҳам чора-тадбирлар изчил амалга оширилиб, нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини такомиллаштиришда муайян натижаларга эришилаётгани диққатга сазовор. Шу кунгача молия муассасаси томонидан муомалага чиқарилган пластик карточкалар умумий сони 323 мингтага, жойларга ўрнатилган терминаллари миқдори эса 4 мингтага етказилгани сўзимиз тасдиқидир.

Ўз навбатида, банк жамоаси интерфаол хизматларни ривожлантириш бўйича ҳам доимий изланишда. Мисол учун, банк пластик карточкаларидан фойдаланишда мижозларга янада кўпроқ қулайликлар яратиш мақсадида инфокиосклар тармоғи фаолияти йўлга қўйилди. Молия муассасасида улар ­орқали бажариладиган тўлов турлари кўламини кенгайтириш учун жорий йил якунига қадар инфокиосклар сонини яна 100 тага ошириш режалаштирилган.                                                                                                                                                                                            

Қолаверса, “Туронбанк” “Uzkart-EMV” тўлов тизимидаги фаолиятини янада такомиллаштириш, онлайн режимида ишловчи пластик карточкаларни муомалага чиқаришга доир мақсадли лойихалар ижросини ҳам жадал давом эттираётир. Пировардида “SMS-banking”, “Internet-banking” ва “Мобиль-банкинг” каби масофавий хизмат кўрсатиш турлари қамрови тобора кенгайиб бораяпти.

Халқаро стандартларга мос хизмат

Халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масаласи ҳам молия муассасасининг алоҳида диққат-эътиборида. Масалан, “Туронбанк”нинг ташқи иқтисодий фаолияти хорижий валютадаги банк активларини сифатли ва ишончли бошқаришга қаратилган. Бу ерда амалиётлар ҳажмини ошириш, валюта операциялари билан боғлиқ таваккалчиликни камайтириш, хорижий кредит линияларини жалб қилиш бўйича амалий ишлар изчил давом эттирилаётир. Шунингдек, банк вакиллик муносабатларини ривожлантиришда мижозлар талабларини хисобга олган ҳолда халқаро ҳисоб-китоб­ларни амалга ошириш бўйича ­тизимли дастурлар ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ қилмоқда. Натижада мижозларнинг экспорт ва импорт шартномалари сони йилдан-йилга кўпайиб бораяпти.

Шу билан бирга, “Жиззах” махсус индустриал зонасидаги мижозларни молиявий қўллаб-қувватлаш, айниқса, улар томонидан тайёрланган маҳсулотларни жаҳон бозорига чиқаришда ҳам банк ҳақиқий кўмакчига айланган.

Яна бир муҳим маълумот: “SWIFT” ва “Thomson Reuters” ахборот-дилинг тизимлари орқали юқори тезликдаги банклараро ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳамда халқаро молия муассасалари билан тўғридан-тўғри алоқа боғлаш имконияти мавжудлиги туфайли банк мижозлари ташқи савдо амалиётларини бажаришда қўшимча қулайликлардан баҳраманд бўлишаяпти.

Бинобарин, молия муассасаси томонидан аҳолига чакана хизматлар кўрсатиш борасида ҳам самарали натижаларга эришилмоқда. Бунда “Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун” тамойили асосида иш олиб борилаётгани, мазкур йўналишда замонавий дастурлар амалиётга татбиқ этилаётгани эътиборга молик. Хусусан, “Туронбанк” АТБ томонидан муомалага чиқарилган “VISA” халқаро тўлов карталари ҳозир фойдаланувчиларга ҳар жиҳатдан манзур бўлаётир. Бундан ташқари, муассаса ўз мижозларига “VISA Electron”, “VISA Classic”, “VISA Gold”, юридик шахс­лар учун эса “VISA Business” корпоратив карталарини тақдим этмоқда. Маълумотларга кўра, 2016 йилнинг саккиз ойи давомида жисмоний шахслар учун 2350 донадан зиёд “VISA” халқаро тўлов карталари эмиссия қилинган. Қолаверса, бошқа банкларга тегишли шу турдаги нақд пулсиз тўлов воситаларига ҳам хизмат кўрсатилаяпти.

“Золотая Корона”, “Contact”, “MoneyGram”, “Юнистрим” ва “Western Union” халқаро пул ўтказмалари тизимларини жорий этишга ҳам “Туронбанк” республикамизда биринчилардан бўлиб қўл урган эди. Ҳозир молия ­муассасасининг мамлакатимиз бўйича жойлаштирилган 26 та ­халқаро пул ўтказмалари шохобчаси орқали дунёнинг барча нуқтасига тезкор равишда маблағ ­юбориш ҳамда қабул қилиш имконияти мавжуд. 2016 йил 1 август ҳолатига кўра, ҳар бир халқаро пул ўтказмаси шохобчасига тўғри келадиган пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 41 фоиз ўсгани ушбу хизмат тури жадал суръатда ривожланаётганидан ­далолат беради.

Мижозлар эътирофи

ВАНГ Синг Хе,

PENGSHENG” қўшма корхонаси ­раҳбари (Хитой Халқ Республикаси):

— “Туронбанк”нинг Чилонзор филиалидан 10,8 миллиард сўм миқдорида кредит олиб, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган янги турдаги керамика маҳсулотлари ва бежирим кафеллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Қолаверса, ушбу маблағ 60 та иш ўрни яратилишига ҳам асос бўлди. Шундан 13 та ўринга касб-ҳунар коллежларини ­битирган ёшлар жалб қилинди.

Бизга “Туронбанк” томонидан шундай замонавий ва тезкор хизмат кўрсатилаётган экан, келгусида  унинг сармояларидан фойдаланиб, янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш орқали ҳамкорлигимизни бундан-да мустаҳкамлаб бораверамиз.

Иззатулло УСМОНОВ,

“Gold sunflower Paсking” оилавий ­корхонаси раҳбари (Наманган вилояти):

— 2015 йилнинг апрель ойида “Туронбанк” акциядорлик тижорат банкининг Наманган филиали билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган бўлсак, қисқа вақт ичида банк кредити ҳисобига қатор муваффақиятларга эришдик. Мисол учун, жорий йилнинг август ойида “Туронбанк”ка айланма маблағимизни тўлдириш учун 200 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилишини сўраб мурожаат қилгандик. Шу асосда молия муассасаси бизни қўллаб-қувватлади. Берилган кредит ҳисобига фаолиятимизни кенгайтириб, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёжини таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшиб келаяпмиз. Бунинг учун банк жамоасидан миннатдормиз.

Мухайё САФАРОВА,

“Фаровон давр саноати” хусусий ­корхонаси раҳбари (Тошкент шаҳри):

— “Туронбанк” фаолиятидан мамнунмиз. Чунки молия муассасаси томонидан биргина “Turononline” интернет-банкинг тизими орқали ходимлар ойлик иш ҳақини плас­тик карточка ҳисобварақларига кирим қилиш хизмати жорий этилиши бизга қўшимча қулайлик яратди. Энди ортиқча оворагарчиликларга хожат йўқ. Вақтимизни ҳам йўқотмаяпмиз.

Банк интернет-банкинг хизматини республикамиз молия муассасалари орасида биринчилардан бўлиб йўлга қўйган эди. Натижада мижозлар пластик карточка ҳисобварақларини исталган пайтда бошқара оладиган бўлишди. Бунга қўшимча равишда “P2P” хизмати жорий қилингач, бир жисмоний шахснинг плас­тик карточкасидан иккинчи шахс пластик карточкасига махсус портал ва мобиль ­иловалар ёрдамида маблағларни ўтказиш ­имконияти юзага келди.

Бибихол АВАЗОВА,

омонатчи (Тошкент шахри):

— Бир неча йилдан буён “Туронбанк” омонатчисиман. Молия муассасасининг Чилонзор филиали мутахассислари ҳамиша керакли маслахат ва йўл-йўриқлар беришади. Банкда янги хизмат тури жорий қилинганидан жуда мамнунмиз. Нега деганда, бу биз, омонатчилар манфаатини кўзлаб ҳаётга татбиқ этилган янгиликдир. Маблағларимизнинг кафолатли сақланиши йўлида илғор технологиялар жорий қилинаётгани ҳам таҳсинга лойиқ.

Шу билан бирга, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг “Пенсия” дастурий мажмуаси ва банк­нинг ахборот дастурий тизими ўртасида ­электрон маълумотлар айирбошлаш механизми йўлга қўйилган бўлиб, пенсия тўловларининг пластик карточкаларга ўтказилиши жараёни автоматлаштирилди. Қолаверса, Марказий банк томонидан тасдиқланган ягона ­тарифга асосан, “Туронбанк” филиаллари томонидан жисмоний шахсларга очилган пластик карточка ҳисобварақларидаги қолдиқ маблағга Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси миқдорида фоиз даромадлари ҳисоблаб борилаяпти.

Бундан ташқари, эндиликда жисмоний шахс­лар пластик карточкаларининг (иш хақи, пенсия, нафақа, стипендия ва оилавий ҳамда корпоратив карточкалар) фойдаланиш муддати тугаганда, қайта эмиссия қилишда, банк хизмати ҳақи ундирилмаслиги алоҳида белгилаб қўйилди. Нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришга доир ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида яратилаётган бу каби қулайликлар банк мижозлари сони кўпайишида муҳим омил бўлмоқда.

Бабур РАЖАБОВ,

якка тартибдаги тадбиркор ­(Қорақалпоғистон Республикаси):

— Бизнесда бошланғич сармоя ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Айниқса, ёш тадбиркорлар учун бунинг аҳамияти беқиёс. Шу сабабли хусусий секторда фаолият бошлашдан аввал анча иккиланиб юргандим. Бироқ касб-ҳунар коллежини битиргач, тенгдошларим қатори, менга ҳам кенг имкониятлар эшиги очилди. Эзгу ташаббусларим, истиқболли ғоя ва лойиҳаларимни қўллаб-қувватловчилар ­топилди. Шулардан бири — “Туронбанк”нинг Нукус филиалидан молиявий кўмак сўраб ­янглишмаган эканман. Банк жамоаси қисқа фурсатда мурожаатимни ижобий ҳал этиб, қўзиқорин маҳсулотларини етиштиришга қаратилган лойиҳамни 25 миллион сўм миқдоридаги маблағ билан қўллаб-қувватлади. Муҳими, кредитни қайтариш шартлари, фоиз ставкасининг пастлиги ҳамда банк томонидан ­берилган имтиёзлар менга маъқул тушди. Шу аснода ўз бизнесимни самарали ташкил қилишга муваффақ бўлдим.

Энди навбатдаги бизнес-режа устида ишлаяпман. Уни рўёбга чиқаришда ҳам, албатта, “Туронбанк”нинг молиявий ёрдамига таянаман.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 648
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech