Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Термизда замонавий диагностика ва даволаш маркази қад рослади!

Янгиланган сана:  19 Май 2020, 09:26
19 May 2020

photo_2020-05-06_09-22-35.jpg

Бундан бир неча йил аввал оғир касаллик билан хасталанган ёки мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун юртдошларимиз Ҳиндистон, Туркия, Япония, Хитой, Германия сингари яқин ва узоқ хориж давлатларига бориб, бир неча миллион сўм миқдорида пул сарфлашга мажбур бўлишар эди. Сабаби, халқимизнинг замонавий тиббий хизматларга бўлган талаб ва эҳтиёжини тўлиқ қондириш, соҳага энг сўнгги русумдаги технологияларни жалб қилиш, асосийси хусусий тиббиёт тармоғини жадал ривожлантириш йўлида мамлакатимизда амалга оширилиши зарур бўлган ишлар талайгина эди.

Давлатимиз раҳбари ҳам ҳар сафар тиббиёт ходимлари билан учрашувда айни шу жиҳатларга тўхталиб, соғлиқни сақлаш тармоғида хусусий секторни ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашишни кучайтириш, шу турдаги муассасаларнинг аҳолига юқори сифатли тиббий хизматлар кўрсатиши учун зарур шароитлар яратиш, хориждан инвестициялар ва юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш бўйича кўплаб вазифаларни белгилаган эдилар. Ҳаттоки, 2017 йилда “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ҳам қабул қилинди.

Унинг натижаси эса ўзини кўп куттиргани йўқ. Қисқа вақт ичида хусусий тиббиёт муассасалари учун қулай шарт-шароитлар яратилиб, улар фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш тизими такомиллаштирилди, кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ва турлари 50 тадан 126 тага кўпайди. Стоматология ва косметологиядан ташқари бошқа йўналишлардаги хусусий тиббиёт ташкилотлари 2022 йилнинг 1 январгача барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмаларни тўлашдан, шунингдек, олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, уларнинг эҳтиёт қисмлари ва зарур материаллар учун божхона тўловларини тўлашдан озод этилди. Бу каби имкониятлар самараси ўлароқ сўнгги икки йилда 2 мингга яқин янги хусусий тиббиёт муассасаси фаолияти йўлга қўйилди.

Аҳамиятлиси, узоқни кўзлаб изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида аҳоли саломатлигини асраш, тиббий маданиятини ошириш ва соғлом турмуш тарзига амал қилишдек эзгу мақсад мужассам. Муҳими, юртимизнинг барча шаҳар ва энг чекка қишлоқларида кўп тармоқли поликлиникалар, шифохоналар, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган скрининг ва перинатал марказларига асос солингани халқаро талаблар даражасида аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, тўсатдан ҳаётга хавф солувчи касалликларни ҳар томонлама даволашнинг замонавий усулларини амалиётга татбиқ этишда муҳим омил бўлмоқда.

photo_2020-05-06_13-29-27.jpg

Сурхондарё вилояти Денов тумани, “Ўрта қишлоқ” МФЙда жойлашган собиқ “Акушерлик комплексининг 3-бўлимининг бино ва иншоотлари ҳам ушбу яратилган шароитларнинг ёрқин намунасидир. Бир неча йиллар давомида таъмирталаб бўлган мазкур муассаса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш муассасаларида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қайтадан ташкил этилиб, кардиология, неврология, физотерапия, ультратовушли ташхислар, клиник ва биохимия лаборатория сингари қатор йўналишларга ихтисослашган “Surxon Med Future” масъулияти чекланган жамияти сифатида фаолият бошлади.

Кўп тармоқли хусусий тиббиёт клиникани энг сўнгги русумдаги ва замонавий асбоб – ускуналар билан таъминлаш ва жаҳон стандартлари асосида жиҳозлаш мақсадида 500 млн. сўм миқдорида тадбиркорнинг ўз маблағи ва Туронбанкнинг 2 млрд. сўм ҳажмдаги кредити йўналтирилди. Унинг эвазига эса Словакия Республикасининг айни соҳадаги нуфузли “FLINT s.r.o.” фирмасидан “Ултратовушли диагностика” , “ Электрокардиография”, “Холтер тизими таҳлил”, “Электрохирургик коагуятор” сингари ўндан ортиқ тиббий қурилмалар олиб келиниб ўрнатилди. Аҳамиятлиси, келтирилган технологиялар жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тан олинган бўлиб, жарроҳлик, гинекологик операцияларни замонавий усулларда самарали амалга ошириш, кардиологияда реанимацион чораларни кўриш, фуқароларда юзага келиши мумкин бўлган ногиронликларнинг олдини олиш, ташхис куйишда учрайдиган қийинчиликларни бартараф этишда кўмаклашади. Корхона раҳбари Ҳамидулло Ходиевнинг сўзларига кўра, давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорликка яратиб берилган кенг имкониятлар аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилувчи янги хизмат кўрсатиш турларининг кўпайиши ва такомиллашишига омил бўлмоқда.

photo_2020-05-06_09-22-52.jpg

“Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтган 2019 йилда амбулатор ва стационар шароитда эндокринология, кардиология, неврология-диагностика ва консерватив даволаш, гинекология, урология, абдоминал хирургия-диагностика, анестизология-рианиматология, физиотерапия, ультратовуш ташхислаш, клиник лаборатория тиббий хизмат учун лицензия берилди. Шу кундан эътиборан биз Сурхондарё халқига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатишни бошлади. Бундан бир неча йиллар аввал қаровсиз бир маскан бўлган ушбу жой, бугун ҳудуддаги энг йирик клиникалардан бирига айланди. 

Бунда албатта бизга яқиндан кўмак берган Туронбанкнинг ўрнини айтиб ўтишим зарур. Улар томонидан ажратилган кредит эвазига биз замонавий тиббий асбоб – ускуналарни харид қилиб, асосий хизмат кўрсатиш биноларимизни реконструкция қилдик. Айни вақт бу ерда 50 та янги иш ўрни яратилди. Шифокорлар жамоасида тажрибали ходимлар билан бирга ёш маҳоратли кадрларнинг борлиги, ўзаро фикр алмашиб устоз – шогирд анъаналарини йўлга қўйишимизда ҳам қўл келди. Яқин келажакда клиникамиз фаолиятини янада кенгайтириб, қўшимча равишда замонавий, янги неврология соҳасига ихтисослашган 20 ўринли бино қуриб ва ишчи сонини кўпайтириш ниятимиз бор, деди “Surxon Med Future” МЧЖ раҳбари Ҳамидулло Ходиев.

photo_2020-05-06_13-38-04.jpg

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, Ҳамидулло Ходиев хориждаги нуфузли шифохоналар мутахассислари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган бўлиб, уларнинг Ўзбекистонга ташрифини ҳам таъминлаб келмоқда. Хусусан, Ҳиндистоннинг Хайдаробод шаҳрида жойлашган «Continentalhospitals» кўп тармокли хусусий клиникаси олий тоифадаги халқаро юрак жарроҳи жаноб Самир Дивали ва унинг гуруҳи ҳозирга қадар 2 марта мамлакатимизга келиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашган. Яъни 2018 - 2019 йиллар давомида 300 нафардан зиёд сурхондарёликларга халқаро стандартларга жавоб бера оладиган даражадаги сифатли ва юқори малакали тиббий диагностика хизматлари бепул кўрсатилган.

photo_2020-05-06_14-39-22.jpg

Бир сўз билан айтганда, айни пайтда мамлакатимиз тиббиётида хусусий сектор улушини ошириш, давлат-хусусий шериклик ҳамда ҳуқуқий механизмларнинг яратилиши, уларга кенг имтиёзлар тақдим этилаётгани, деярли барча тиббий фаолият турлари билан шуғулланишга рухсат этилиши натижада хусусий шифохоналар сони 5300 дан ошди. Шунингдек, қисқа вақтда АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Ҳиндистон, Туркия, Жанубий Корея, Исроил каби хорижий давлатлар билан ҳамкорликда 100 дан ортиқ замонавий хусусий клиникалар иш бошлади.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 74
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech