Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Тошлоқ музқаймоқлари жаҳон бозорига интилмоқда!

Янгиланган сана:  29 Июн 2020, 10:37
29 Jun 2020

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида ялпи ички маҳсулотда ушбу тармоқнинг улуши ўсиб, ички бозорни рақобатбардош тайёр маҳсулотлар билан таъминлаш ва импортни камайтириш борасида тобора муҳим ўрин эгалламоқда. Статистик маълумотларга қараганда, жорий йилнинг 1 – июнь ҳолатига кўра, мамлакатимизда 453 мингдан ортиқ корхоналар рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг 426 мингдан ошиғи фаолият юритаётган, 37 940 таси эса янгидан ташкил этилгандир. Ушбу рақамларнинг ўзи ҳам сўзимизнинг нақадар ҳаётий эканлигидан далолат беради.

photo_2020-06-18_11-49-13.jpg

Ушбу ўзгаришларни соҳа ва тармоқлар кесимида кўрадиган бўлсак унда қишлоқ хўжалигининг ўрни нечоғлик аҳамиятли эканлигини кўриш мумкин. Айниқса, сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, мазкур йўналишга замонавий технологиялар ва хориж тажрибасини жалб этиш, импорт ўрнини босувчи рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлашда катта аҳамиятга эга. Хусусан, ёзнинг иссиқ кунларида жонимизга хуш ёқувчи севимли музқаймоқ саноати бугун ривожланиш босқичида илдамлаб кетмоқда. Каттаю кичикка бирдек манзур бу маҳсулот ўзининг қатор фойдали хусусиятларига эга. Унинг таркибида оқсил, фосфор, кальций ҳамда А, В, С, Д, Е витаминлари мавжуд. Бу каби дармондорилар, хусусан, В6 витамини хотирани чархлаш, кўп ҳолларда эса юрак фаолиятини яхшилаб, организмда тош йиғилишига йўл қўймайди.

photo_2020-06-18_11-49-07.jpg

Бутун дунёда мингдан зиёд музқаймоқ тури мавжуд. Энг кенг тарқалган тури — ванилиндан тайёрлаганидир. Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, бир йилда жаҳон бўйича 7,5-11 миллард долларлик музқаймоқ ишлаб чиқарилар экан. АҚШда эса июль ойи расман 1984 йилдан буён президент Рейган томонидан “музқаймоқ ойи” деб қабул қилинган. Айнан шу ойда музқаймоқлар шарафига катта байрамлар ўтказилади. Айни вақтда Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги “Тошлоқ музқаймоғи” хусусий корхонаси ишлаб чиқараётган музқаймоқлар юқори сифати ва хуштаъмлиги билан истеъмолчиларга манзур бўлмоқда.

photo_2020-06-18_11-48-56.jpg

– Мамлакатимизда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилмоқда, – дейди “Тошлоқ музқаймоғи” хусусий корхонаси иш юритувчиси Фозилжон Дадажонов. – Корхонамизга “Туронбанк”АТБнинг 120 минг долларлик кредит маблағи эвазига ҳориждан музқаймоқ ишлаб чиқаришга мўлжалланган замонавий линия келтириб ўрнатдик. Ушбу технология суткасига 5 тонна сутни қайта ишлаб, 20 турдаги музқаймоқ тайёрлаш қувватига эга. Сифатли музқаймоқ тайёрлаш учун сутни фермер хўжаликларидан оламиз. Айни вақтда ўндан зиёд иш ўрни яратилган ва келгусида уларнинг сонини ошириш ниятимиз бор. Корхона Наманган ва Андижон вилоятларига ҳам буюртма асосида маҳсулот етказиб бермоқда. Шунингдек, янги турдаги маҳсулот – торт-музқаймоқ ишлаб чиқариш лойиҳаси устида изланмоқда.

Қайд этиш керакки, бир килограмм музқаймоқ таркибида ўртача 1900 килокалория бор. Бу эса ошқозон жарроҳлигини ўтказган беморлар учун жуда фойдали. Асосан, сут ва қаймоқ аралаштириб тайёрланган музқаймоқлар таркибида асаб тизимини тинчлантирувчи тибтофан моддаси мавжуд. Немис олимларининг кузатувлари асосида шу нарса исботландики, у ҳақиқатан ҳам асабни тинчлантириб, кишига хуш кайфият бағишлайди. Яна шуни айтиш жоизки, музқаймоқ уйқусизликда ҳам яхши фойда беради.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 1340
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech