Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Трансформация!

Янгиланган сана:  28 Июл 2020, 11:02
25 Jul 2020

Трансформация – рақобатбардош молиявий муҳит ва замонавий банк хизматлари гарови!

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда банк-молия сектори изчил ислоҳ қилиниб, қатор чора-тадбирлар амалга оширилди ва натижада илғор банк бизнесини юритиш ҳамда ушбу секторда рақобат муҳитини кучайтириш учун зарур ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди. Хусусан, халқаро стандартларга мувофиқ келадиган ва молиявий соҳага хорижий инвестициялар киритиш учун жозибадор ҳуқуқий муҳитни яратадиган “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги ҳамда “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги янгиланган қонунлари қабул қилинди.

Шу билан бирга, банк соҳасидаги ҳозирги ҳолат таҳлили банк секторида давлатнинг юқори даражадаги аралашуви, давлат иштирокидаги банкларда менежмент ва таваккалчиликларни бошқариш сифатининг етарли эмаслиги, иқтисодиётда молиявий воситачиликнинг паст даражаси каби банк секторини иқтисодий янгиланишлар ва жамият эҳтиёжларига мос равишда ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммолар соҳа ривожланишига тўсқинлик қилаётган эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 майда қабул қилинган “2020 — 2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги Фармони ушбу масаларни ечишга қаратилган муҳим қадам бўлди.

photo_2020-07-18_18-57-31.jpg

Бугунги кунда банклар томонидан кўрсатилаётган молиявий хизматларнинг оммабоплигини ошириш, банкларнинг ҳудудларга кириб боришини кенгайтириш ва барча аҳоли пунктларида бир хил турдаги хизматлар кўрсатилишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши лозим. Давлат раҳбари томонидан банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясини амалга ошириш ҳамда мамлакат тижорат банкларининг трансформация жараёнини жадаллаштириш бўйича йиғилиш ўтказилгани ҳам бежиз эмас. Қайд этиш жоизки, бугунги кунда жами банк активларининг 15 фоизи хусусий банкларга тегишли бўлиб, 85 фоизи давлатнинг бевосита ёки билвосита улуши бўлган банкларга тегишли. Пандемия шароитида жаҳон иқтисодиёти инқирозга юз тутган бир пайтда хорижий инвесторларни миллий иқтисодиётга жалб қилиш қийинлашиб бормоқда. Дунёнинг барча мамлакатларида инвестиция жалб қилишда тижорат банклари муҳим ўрин тутади. Хорижий инвесторлар сармоя киритиш учун халқаро тоифадаги банкларнинг кафолатини тақдим этишни сўрайди. Шу сабабли банк тизимида давлат улуши нуфузли хорижий банк холдингларига сотиш орқали камайтириш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу йўл орқали иккита мақсадга эришилади. Биринчидан давлат улуши камайиши орқали хусусий банклар ўртасида рақобат ривожланиб, хизматлар сифати яхшиланади, кредит фоиз ставкалари тушади. Иккинчидан, давлат банкларининг ҳукумат кафолати остида олаётган қарзлари камайиб, умумий ташқи қарзга ижобий таъсир кўрсатади.

photo_2020-07-18_18-57-17.jpg

Банклардаги давлат улушини хусусийлаштириш уларнинг корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, банк хизматлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш, замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш орқали амалга оширилади. Бунда асосий эътибор банк кузатув кенгашларига банк соҳасида халқаро тажрибага эга бўлган мустақил аъзоларни киритган ҳолда мижозларга кенг кўламли хизматларни (инвестицион банкинг, факторинг, лойиҳавий молиялаштириш) таклиф этиш, янги концепция ва технологияларни жорий қилиш (финтех, маркетплейс, рақамли банк) ва кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашга қаратилади. Банк тизимига замонавий сервис ечимлари асосида ахборот технологияларини, молиявий технологияларни кенг жорий этиш, ахборот хавфсизлигини лозим даражада таъминлаш, шунингдек, молиявий хизматлар кўрсатишда инсон омили таъсирини камайтириш уларнининг трансформация жараёнини жадаллаштиришни ўз фаолиятида қўллай бошлаган Туронбанк ҳам юқорида келтирилган вазифаларни тўлақонли бажаришга бел боғлаб трансформация жараёнларини бошлади. 

IMG_4386 copy.jpg

Хусусан, жаҳон банки гуруҳига кирувчи Ҳалқаро молия корпорацияси (IFC) билан ҳамкорликда банк фаолияти тўлиқ диагностикадан ўтказилди ва малакали консультантлар томонидан таҳлил қилинди. Унда корпоратив бошқарув, HR менежменти, кичик ва ўрта бизнесга хизмат кўрсатиш, ахборот технологиялари инфраструктурасини янгилаш, банк рискларини бошқариш ҳамда бизнес-жараёнлар билан боғлиқ бўлган бир қатор камчиликлар аниқланди. Энг аҳамиятлиси, ушбу жараёнларга Банк корпоратив бошқаруви, замонавий ахборот технологиялари ва инновацион хизмат турларини жорий қилиш бўйича халқаро экспертлар жалб этилди. Жумладан, замонавий корпоратив бошқарув тамойилларига асосан Осиё тараққиёт банкининг Банк-молия йўналиши бўйича ҳалқаро эксперти Низомиддин Мурадов банк кенгашига мустақил аъзо сифатида киритилди.

IMG_4398 copy.jpg

Трансформация жараёнларига кириб борар экан, Туронбанк хизматлар кўрсатиш қамровини ҳам сезиларли оширишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, аҳоли учун 54 та банк хизматлари офиси ва 88 та ўз-ўзига хизмат кўрсатиш маркази (24/7) ташкил этилди. Жорий йил охирига қадар қўшимча 46 та банк хизматлари офиси ҳамда 46 та ўз-ўзига хизмат кўрсатиш маркази (24/7) очилиши режалаштирилган. Шунингдек, Президентимиз таъбири билан айтганда, рақамли иқтисодиётга ўтиш баробарида банк истеъмолчиларга қулайликлар яратиш мақсадида рақамли ва масофавий банк хизматларининг янги турлари жорий қилишни жадаллаштирди. Электрон навбат, call марказ, жисмоний шахсларни биометрик бармоқ ва FaceID орқали идентификация қилиш, QR технологияси орқали тўловларни ўтказиш, “One touch” тизимида тўловларни смартфон орқали қабул қилиш ва 3D secure хизмати жорий қилинди ҳамда DIG ID қурилмаси (Face ID технологияси орқали мижозни идентификация қилиш тизими) ва дастурий таъминоти ишга туширилди.

One touch 2 (2).png

Янгиланган “MyTuron” иловаси орқали эса онлайн-конверсияни амалга ошириш, онлайн омонат очиш ва кредит олиш, Mastercard эгалари учун картадан картага ўзаро пул ўтказиш ҳамда “Humo” пластик карталарига смс хабарномани ёқиш хизматлари ҳам ишга тушди. Энг аҳамиятлиси, 2020 йил июнь ойидан бошлаб жисмоний шахсларга чакана кредитларни ажратиш бўйича “Андеррайтинг” тизими жорий қилинди ва 3,0 мингга яқин жисмоний шахсларга 53,6 млрд.сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Бундан ташқари, бугунги кунда юридик шахсларга ҳам кредитларни “Андеррайтинг” тизими орқали ажратилиши юзасидан ишлар олиб борилмоқда ва йил охиригача бу мехонизм ҳам ишга туширилиши кўзда тутилган. Қолаверса, айни вақтда бизнес жараёнларнинг бошқарув тизимини яратиш борасида замонавий илғор технологияларга асосланган Буюк Британиянинг Colvir Software Solutions компанияси билан амалий ишлар олиб борилмоқда. Яқин кунларда эса “Uzcard” билан ҳамкорликда Россиянинг “Мир” кобейджинг карталарини эмиссия қилиш ҳам режалаштирилган. Бу ҳали ҳаммаси эмас, мижозларни жалб қилиш, уларга хизмат кўрсатиш ҳамда банк маҳсулотларини етказиш жараёнларини ўз ичига қамраб олган СRM ҳамда ҳисоботларни автоматик равишда шакллантириш Data Base тизимлари ҳам фаолитга татбиқ этилиши кутилмоқда.

IMG_5549.JPG

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, замонавий банк тизимини шакллантириш, банкларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва банк хизматларининг янги стандартларини жорий этиш, банк тизимида комплекс ўзгартиришларни амалга оширишда қўл келади. Қолаверса, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва халқаро рейтингларда Ўзбекистон банк тизимининг мавқеини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

/ Манба: Матбуот хизмати / Кўришлар: 43
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech