Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

«Туронбанк» ATБ: Ҳамкорлик – ривожланишнинг омили

28 Feb 2017

Мамлакатимизда йилдан-йилга иқтисодиётнинг жадал суратлар билан ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон дунёнинг кўпгина етакчи давлатлари билан фаол халқаро ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, бу кўплаб соҳаларнинг, айниқса, тижорат банкларининг изчил ривожланишига замин ҳозирлаётир.

«Туронбанк» акциядорлик тижорат банки Россия Федерациясининг етакчи банкларидан бири бўлган «Промсвязьбанк» билан вакиллик муносабатларини йўлга қўйди. Бу ҳамкорлик натижасида мижозларнинг халқаро тўловларни амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратилишига эришилмоқда. Бундан ташқари, мазкур икки томонлама шерикчилик муносабатлари валюта активларини самарали бошқариш ва «SWIFT» тизимидан фойдаланиш бўйича ҳамкорликнинг кенгайишига ҳам имкон яратмоқда.

Ҳозирда «Туронбанк» ATБ Россия Федерацияси билан бир қаторда Хитой ва Жанубий Корея Республикасининг нуфузли банклари билан ҳам алоқалар ўрнатган. Шунингдек, молия муассасаси томонидан валюта активларини самарали бошқариш ҳамда мижозларнинг халқаро тўловларини амалга оширишда муҳим омил бўлган оператив банк хизматлари сифатини янада яхшилаш мақсадида Европа ва АҚШнинг бир қатор банклари билан музокаралар олиб борилмоқда.

Маълумот учун: «Промсвязьбанк» ОАЖ 1995 йилда ташкил топган бўлиб, Россия Федерациясининг энг йирик хусусий банкларидан биридир. Ушбу банк мамлакатнинг нуфузли корпорациялари ва корхоналари, хусусий секторларни молиялаштиради. «The Banker» журналининг маълумотлари бўйича айни пайтда банкнинг хусусий капитали 1.2 трлн. рубльни ташкил этиб, дунёнинг молиявий жиҳатдан энг кучли 300 та банклари рўйхатига киритилган.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 99
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech