Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

“Туронбанк” АТБ бошчилигида “Лимончилик кластерлари” ташкил этилмоқда

“Туронбанк” АТБ бошчилигида “Лимончилик кластерлари” ташкил этилмоқда
7 Oct 2019

Халқимиз «қиш меваси» дея эъзозлайдиган лимон бугун бозорларимиздаги пештахталарда сероб. Нархи ҳам ҳамёнбоп. Чунки юртдошларимиз аллақачон мазкур цитрус мевани уй шароитида етиштиришни йўлга қўйишган. Аммо бундан ярим аср аввал буни фақат орзу қилиш мумкин эди, холос. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ва тижорат банкларининг жонбозлиги билан Республикада лимон кўчатларини етиштириш ва уларга ихтисослашган иссиқхона хўжаликларини ташкил этишни жадаллаштириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш ҳамда аҳоли бандлиги ва даромадлари даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида ўтган очиқ мулоқотда айни шу масала муҳокама этилди. Унда “Лимон етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси” мутасаддилари ва бу борада тадбиркорларга молиявий кўмак бериб келаётган “Туронбанк” АТБ раҳбарияти иштирок этишди. Хусусан, банк раисининг биринчи ўринбосари Азиз Ташев, Инвестиция фаолиятини мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш маркази директори Алишер Абдураззоқовлар шулар жумласидандир. Унда соҳа мутахассислари бугун лимончилик тармоғини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, айниқса шу йўналишда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган ишбилармонларга таклиф этилаётган имтиёзлар ҳақида сўз юритишди. Берилган маълумотларга кўра, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан Республикамизнинг барча ҳудудларида “Лимончилик кластерлари”ни ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, ушбу дастур ижроси бўйича “Туронбанк” АТБ координатор этиб белгиланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда молия муассасаси лимон кўчатларини етиштириш, иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва лимонни қайта ишлаш истагида бўлган лойиҳа ташаббускорларига хорижий валютада йиллик 3 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан 3 йиллик имтиёзли давр асосида 7 йил муддатгача Осиё тараққиёт банки кредит линияси маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредитлар ажратиб келмоқда.

Шунингдек, очиқ мулоқотда Давлатимиз раҳбарининг “Мева – сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат яратиш занжирини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш ишлари ҳам муҳокама этилди. Банк ходимларининг сўзларига кўра, бу борада “Туронбанк” АТБ томонидан 70 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит линия маблағлари жалб этилган.

Хусусан, айни пайт жами 279,7 га ер майдонида лимон етиштиришга мўлжалланган замонавий иссиқхоналар ташкил этиш бўйича 104 та лойиҳа рўйхати шакллантирилган бўлиб, шундан 24 та лойиҳага хорижий кредит линия маблағлари ҳисобидан 22,1 млн.АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари ажратилди.

Очиқ мулоқот давомида “Туронбанк” АТБ мутасаддилари лимончилик йўналишида меҳнат қилиб келаётган тадбиркорларни қизиқтирган саволларга ҳам жавоб беришди.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 54
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech