Бугунги кунда ҳаётимизга чуқурроқ кириб келаётган ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, уларни амалиётга, яъни банк фаолиятига жорий этиш, мавжуд имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш «Туронбанк» АТБнинг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Инновацион ғоя ва янгича лойиҳалар ишлаб чиқишда Туронбанк катта тажрибага эга. Шу йил бошидан банк жисмоний ва юридик шахслари учун турли янги хизматларни жорий этди. Масалан, жисмоний шахслар ўзларининг шахсий кабинетлари орқали масофадан туриб дам олиш кунларисиз, 24 соат давомида барча банк хизматларидан фойдаланишлари, мобил иловалар орқали ҳам 2 дақиқа ичида тўловларни амалга оширишлари мумкин. Шу билан бирга банкимиз мижозларига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, банк билан мижоз ўртасидаги иш жараёнини янада соддалаштириш, сарфланадиган вақтни тежаш мақсадида, бугунги кунда юридик шахслар учун хорижий валютадаги тўлов топшириқномаларини банк-клиент дастури орқали автоматик тарзда ўтказиш жорий этилиб, ушбу тизим банк тизимини янада такомиллаштиришга имкон яратади.
Банк-клиент дастурининг афзалликларидан яна бири – мижоз ўз иш жойини тарк этмасдан, тўлов топшириқномаларни мустақил равишда, қисқа вақт ичида ўтказиш имкониятини қўлга киритганлигидир.
Яна шуни қўшимча қилиш керакки, банкимиз инновацион ғоя ва лойиҳалар учун ҳамиша очиқ банк. Жумладан, юридик шахслар учун «Turon-Mobile-Banking», «Internet – banking» ва «SMS-Banking» каби тизимлари жорий қилинган.