«Туронбанк» акциядорлик тижорат банкида «2017 йил учун кредит сиёсати» ҳамда «Кредит портфелининг сифатини оширишда банк филиаллари масъул ходимларининг вазифалари» мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Айтиш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилиниши натижасида барча соҳалар қатори банк тизимида ҳам бир қатор янгиликлар жорий этилмоқда. Аҳоли орасида тадбиркорликни янада ривожлантириш, бу борада банк томонидан имтиёзли кредитлар берилишини янада такомиллаштириш ва мазкур жараёнда банк ходимларининг маъсулиятини янада ошириш каби устувор вазифаларни ўзида мужассамлаштирган мазкур тадбирда айни шу жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Семинарда «Туронбанк» АТБ раҳбарияти ва банкнинг вилоятлар ҳамда пойтахтимизда жойлашган филиалларида фаолият юритувчи ходимлар ва бир қатор мутасадди ташкилотларнинг вакиллари қатнашди. Дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари, юридик фанлари номзоди Акмал Раҳмонов йиғилганларни Қуролли кучларимизнинг 25 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан муборакбод этиб, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳар бир соҳанинг ривожи йўлида улкан имкониятлар яратаётганини таъкидлади.
Шундан сўнг тадбирнинг асосий қисмида «Туронбанк» АТБнинг 2017 йилдаги асосий вазифаларига тўхталиб ўтилди. Айни пайтда «Оддий аҳолини тадбиркорга айлантириш» лойиҳасининг барча тижорат банклари, хусусан, «Туронбанк» АТБ тизимида ҳам жорий этилмоқда. Таъкидланганидек, мазкур лойиҳа ижросини самарали ташкил этиш учун банк филиалларида фаолият юритувчи ходимлар хонадонларга бирма-бир юриб, аҳоли билан суҳбатлар ўтказиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган хонадон аъзоларини аниқлаш, банк томонидан таклиф этилаётган кредит турлари ва шартларини тушунтириш борасида батафсил маълумот беришга доир ишларни амалга ошириш йўлга қўйилмоқда.
Банк мутахассислари томонидан жорий йил учун мўлжалланган кредит сиёсатида ўтган 2016 йилдаги кредит сиёсатига нисбатан барча таклиф ва амалиётдаги муаммолардан келиб чиқиб бир қатор муҳим ўзгаришлар жорий қилинганлиги, шунингдек, «Туронбанк» АТБда молиявий истеъмол кредитларини ажратишга доир амалга оширилган бир қатор ижобий ишлар хусусида ҳам маълумотлар берилди.
– 2017 йилдаги фаолиятимизнинг асосий йўналишлари қисқа муддатда ишлаб чиқилиб, «Туронбанк» АТБ Кенгаши томонидан тасдиқланди, – дейди «Туронбанк» акциядорлик тижорат банки кредитлаш департаменти директори А.Саттаров. – Шу ўринда таъкидлаш лозимки, 2017 йил учун банкнинг барча йўналишлардаги сиёсати ҳар томонлама пухта, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мутахассисларининг тавсиялари асосида ишлаб чиқилган. «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» да амалга оширилишимиз лозим бўлган бир қатор истиқболли лойиҳаларни ҳам белгилаб олдик. Бундан ташқари, янги банк хизматларини жорий қилиш мақсадида ички меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда ва амалдагилари янада такомиллаштирилмоқда.
Йиғилишда банк мутахассислари томонидан 2017 йил учун юридик ва жисмоний шахсларга кўрсатиладиган банк хизматларининг таърифи, жорий йил учун белгиланган бизнес-режаси, кредит сиёсати хусусида таклиф ва тавсиялар берилди, мутахассислар томонидан семинар иштирокчиларининг саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.
«Туронбанк» АТБнинг барча тадбирларида тажрибали психологлар, ҳуқуқшунослар билан бир қаторда машҳур санъаткорларнинг таклиф этилиши анъанаси мазкур семинарда ҳам давом эттирилиб, Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов билан учрашув ташкил этилди. Очиқ ва самимий руҳда ўтган мазкур учрашувдан сўнг санъаткор ижросидаги дилтортар наволари орқали тадбир иштирокчиларига илиқ таассурот қолдирди.