Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

“Туронбанк” АТБ ходимлари янги таҳрирда қабул қилинган Қонунларни ўрганишмоқда

Янгиланган сана:  6 Декабр 2019, 10:22
6 Dec 2019

Маълумки, жорий йилнинг ноябрь ойида давлатимиз раҳбари банк – молия тизими ривожи учун муҳим бўлган бир қатор қонунларни имзоладилар. Хусусан, “Марказий банк тўғрисида”ги, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги ва “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги ҳужжатлар шулар жумласидандир. 

Халқаро стандартларга жавоб берувчи ва молия хизматлари истеъмолчилари учун кенг қулайлик ва имкониятларни таъминлашда асос бўлиши кутилаётган ушбу қонунларнинг мазмун – моҳияти ҳамда мақсадларини батафсил тушунтириш мақсадида “Туронбанк” АТБ ўзининг ҳудудлардаги барча филиалларида ўқув семинарларини ўтказиб келмоқда. Хусусан, молия муассасасининг барча департаментлари раҳбарларидан тузилган ишчи гуруҳлар, ушбу ҳужжатларнинг асосий жиҳатлари ҳақида маълумот бериб, киритилган янгиликлар билан уларни таништиришмоқда. Жумладан, ўқув – семинарларида 11 боб, 72 моддадан иборат янги таҳрирдаги “Марказий банк тўғрисида”ги қонун тушунтирилди.

photo_2019-12-04_15-47-50.jpg

Таъкидланганидек, ушбу ҳужжат халқаро валюта жамғармаси мутахассислари билан ҳамкорликда тайёрланган бўлиб, хорижий давлатлар, хусусан, Россия, Швейцария, Польша, Грузия ва бошқа мамлакатлар марказий банкларининг илғор тажрибасини ўзида жамлагандир. Унга биноан, марказий банкнинг ваколатлари янгиланиб, уларнинг таркибига банклар, нобанк кредит ташкилотлари, ипотекани қайта молиялаш ташкилотлари ва банклар гуруҳларининг фаолиятини лицензиялаш, тартибга солиш ва назорат қилишда асослантирилган мулоҳазадан фойдаланиш каби қатор ваколатлар киритилган.

photo_2019-12-04_15-52-30.jpg

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари “Туронбанк” АТБ ходимларига “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонун бўйича тушунтиришлар беришди. Аввалги таҳрирдан фарқли ўлароқ, янги таҳрирдаги қонун бир қатор меъёрлар ва механизмлар билан тўлдирилган бўлиб, унда валютани тартибга солиш ва валютани назорат қилишнинг асосий тамойиллари белгиланди. Хусусан, резидентлар ва норезидентларнинг валюта операцияларига давлат органларининг қонунга хилоф равишда аралашувига йўл қўйилмаслиги асосий тамойиллар сифатида белгилаб қўйилди. Бундан ташқари, миллий валютанинг мавқеини кучайтириш мақсадида, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар миллий валютада ундирилиши, товар ва хизматлар учун нархлар ҳамда жамиятларнинг устав капиталига қўйиладиган минимал талаблар фақат миллий валютада ўрнатилиши қонун даражасида белгиланди.

photo_2019-12-04_16-01-46.jpg

Ҳудудларда ўтказилган ўқув – семинарларда қизғин баҳс – мунозараларга сабаб бўлган яна бир ҳужжат бу “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонун бўлди. Унда департамент раҳбарлари банкни ташкил этиш, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун дастлабки рухсат ва лицензиялар бериш, инвесторлар томонидан банк акцияларини Марказий банк розилигисиз харид қилиш каби янги тартиблар тушунтиришди. Шунингдек, ҳужжат билан пруденциал назорат механизми жорий этилаётгани айтилди. У тегишли нормативлар, банкларнинг молиявий ҳолатини тиклаш режаси, ўзаро боғлиқ шахслар билан битимлар тузишни тартибга солиш, банкларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш учун вақтинчалик бошқарувини тайинлаш, банк таваккалчиликлари пайдо бўлганда уларни эрта аниқлаш ва банк фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш сингари масалалар бўйича ҳам маълумотлар берилди. 

photo_2019-12-04_16-03-39.jpg

Бундан ташқари, тадбирларда “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонун ҳам таҳлил қилинди. Унда айтилишича, тўлов хизмати тўлов хизматларидан фойдаланувчи ва тўлов хизматларини етказиб берувчи ўртасида тузилган шартнома, шу жумладан оммавий оферта тарзидаги шартнома асосида кўрсатилади. Ўзбекистон ҳудудида тўловлар қуйидагилар орқали амалга оширилади: нақд пул маблағларини ўтказиш, электрон пулларни ўтказиш, пул маблағларини тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш, пул мажбуриятини ёки пул маблағларини тўлаш тўғрисидаги фармойишни ўз ичига олган тўлов ҳужжатини бериш ва электрон тўлов воситаларидан фойдаланиш.

Бундай ўқув – семинарларининг ўтказилиши банк соҳаси тараққиёти учун қабул қилинаётган қатор қонун ва қарорларнинг банкирлар ўртасида кенг оммалашишига кўмаклашиб, уларнинг ҳаётга жорий этилишини тезлаштиради.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 276
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech