Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

“Туронбанк” АТБ кредити эвазига Қаршида экспортбоп лимонлар етиштирилади

Янгиланган сана:  12 Декабр 2019, 10:35
11 Dec 2019

Инсоннинг соғлом бўлиши, нормал ҳаёт кечириб, иш фаолиятини фаол олиб боришида энг асосий омил бу яхши ва сифатли овқатланишидир. Айниқса, бу борада серқуёш заминимизда етишаётган шифобаҳш неъматларнинг ўрни аҳамиятли. Мисол учун озуқа моддалари ва витаминларнинг бой манбаи бўлган лимон меваси. Ушбу табиат инъоми ўзининг нордон ва ўткир таъми билан танани тетиклаштириб, инсон иммунитетига турли вирус ҳамда касалликлар билан курашиш имконини беради. Шунингдек, у қон босим кўтарилиши, ошқозон-ичак ҳасталиги, ўпка сили, нафас йўллари шамоллаши каби турли ҳил кассаликларга ҳам даводир.

Шу боис ҳам айни пайт республикада лимон кўчатларини етиштириш ва унга ихтисослашган замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил этишни жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳанинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш, аҳоли бандлиги ва даромадлари даражасини ошириш ҳам бу борада катта рол ўйнайди. Айниқса, қишлоқ жойларда янги иш ўринлари яратиш механизмини таъминлайдиган ягона ташкилий тизимни барпо этиш ҳамда инновацион технологиялар асосида лимон етиштиришни комплекс тараққий эттириш тармоқ истиқболи учун муҳим омилдир.

photo_2019-12-09_17-21-31.jpg

Энг аввало аҳоли саломатлигини яхшилаш, шу билан бирга, экспортбоп озуқа маҳсулотлари сони ва ҳажмини оширишни мақсад қилган “Туронбанк” АТБ мазкур йўналишда ўзининг сармоялари билан ишбилармонларга кўмак бериб келмоқда. Хусусан, молия муассасининг Қарши филиали кредитлари эвазига қад рослаётган “Cапар бобо набираси жавохир” МЧЖга қарашли иссиқхона сўзимиз исботидир. Кашкадарё вилояти, Батош МФЙ худудида жойлашган 5 гектарлик майдонда айни пайт Кореянинг нуфузли компанияси томонидан томчилатиб суғориш тизими ўрнатилмоқда.

photo_2019-12-09_17-21-26.jpg

Лойиҳанинг умумий қиймати 1,9 млн. доллар бўлиб, шундан 1,3 млн. доллари “Туронбанк” АТБ молиявий кўмаги, қолгани эса тадбиркорнинг ўз маблағи ҳисобланади. У ерда “Тошкент” навли лимон кўчатлари шу йилнинг сўнггига қадар экилиши ва барча стандартларга тўлиқ жавоб берувчи автоматлаштирилган жараён йўлга қўйилиши режалаштирилган. Ташаббускорларнинг сўзларига кўра, иссиқхонадаги ҳарорат, ўсимликнинг сув ва озуқага талаби компьютер технологиялари орқали чуқур таҳлил қилиб борилади ва жамланган хулосалар асосида миқдор ҳамда меъёр тажрибали агроном томонидан белгиланади. Турли минераллар билан бойитилган сув, томчилатиш усулида ўсимлик илдизига етказилади. Ҳар бир кўчатдан эса таҳминан 70 – 80 кг ҳосил олиниши кўзланмоқда.

photo_2019-12-09_17-21-31.jpg

Бежизга халқимизда “Томорқасини яшнатган яхши яшайди” деган гап юрмайди. Сабаби, саҳоватли ердан унумли фойдаланган ҳеч бир инсон кам бўлмайди. Шу мақсадда биз ҳам ҳайрли ишга қўл уриб, сердаромад соҳа бўлган лимончилик билан шуғулланишга қарор қилдик. Бунда эса бизга “Туронбанк” АТБ мутахассислари яқиндан ёрдам беришди. Улар билан бизнес режамизни мустаҳкамлаб, ускуналар хариди учун кредит олишга келишдик. Қисқа вақт ичида эса 5 гектарлик майдонда иссиқхона қурилиши бошланди ва керакли ускуналар хорижнинг нуфузли компаниясидан олиб келинди. Хозирнинг ўзида 30 нафарга яқин маҳаллий аҳоли доимий ва шартнома асосида меҳнат қилишмоқда. Ниятимиз энг аввало халқимизга сифатли маҳсулот етказиш ва қўшни давлатларга “қиш меваси” дея эътироф этилувчи лимонни экспорт қилишдир. Ўйлайманки, бундан кейин ҳам банк билан ҳамкорликни давом эттирамиз, деди “Cапар бобо набираси жавохир” МЧЖ раҳбари Баҳром Ҳайдаров.

Шу ўринда қўшимча қилиш лозим, айни пайт “Туронбанк” АТБ етти йилгача бўлган муддатга уч йил имтиёзли давр билан хорижий кредит линиялари ҳисобидан кредитлар ажратмоқда. Бу орқали сиз лимон кўчатларининг оналик боғларини ташкил этиш, замонавий лимон сақлаш омборхоналарини ишга тушириш ва қадоқлаш технологияларини ўрнатиш, бир сўз билан айтганда катта бир корхонани ишга тушириш имкониятига эга бўласиз.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 753
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech