Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

“Туронбанк” АТБ кредити эвазига йилига бир миллион дона товуқ етиштирилмоқда

Янгиланган сана:  20 Декабр 2019, 09:45
20 Dec 2019

Бундан бир неча ўн йиллар аввал дунё аҳолиси саноат тармоқларини ривожлантириб, эхтиёжларни қондириш учун муносиб шароит яратиш устида тиним билмай меҳнат қилган бўлса, ҳозирга келиб кўпроқ тўғри ҳаёт кечириш, соғлом турмиш тарзини юритиш устида бош қотиришмоқда. Бунда эса албатта кундалик овқатланиш, яъни зарарли моддалардан воз кечиб, фойдали маҳсулотларни истеъмол қилишга асосий эътибор қаратиляпти.

Жаҳон диетологларининг фикрича, бу борада ҳар кунимиз учун жуда ҳам зарур бўлган қимматли тухум, енгил ҳазм бўлувчи парранда гўштларининнг ўрни аҳамиятли экан. Сабаби, ушбу табиат инъомлари озуқавий қиймати юқорилиги ва пархезбоплиги билан инсон организми учун керакли ҳисобланади. Мамлакатимизда мазкур паррандачилик соҳасини ривожлантириш ва экспортга мўлжалланган тайёр товарлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, турларини кенгайтириш, шунингдек, аҳолини маҳаллий ишлаб чиқарилган арзон маҳсулотлар билан таъминлаш йўлида қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Экологик тоза ва тўйимли маҳсулотлар ишлаб чиқариб, агросаноат тармоғи ривожига ўз ҳиссасини қўшиш ниятида бўлган ишбилармонларни эса “Туронбанк” АТБ сифатли ва тезкор молиявий хизматлари билан қўллаб – қувватлаб келмоқда. Сўзимизнинг тасдиғи сифатида, Навоий вилояти Кармана туманида жойлашган “Karmana Golden Eggs” МЧЖни келтиришимиз мумкин. 2017 йилда фаолият бошлаган корхона ахоли хонадонлари ва паррандачилик ташкилотларига 90 кунликкача бўлган тухумли жўжаларни етказиб бериш билан шуғулланади. Айни пайт у ерда 250 минг бош парранда боқилаётган бўлиб, йилига бир миллион дона товуқ етиштирилмоқда. Бунда эса молия муассасаси ажратган 3,8 млрд. сўмлик кредитнинг ўрни аҳамиятлидир. Сабаби, унинг эвазига Туркия давлатидан энг сўнгги русумдаги, замонавий ускуналар олиб келинди ва ишлаб чиқариш ҳажми бир неча баробар ошди.

Бугунги кунда фабрикамизда “Lohmann Sandy” ва “Lohmann Brown” зотли оқ ҳамда жигарранг товуқлар етиштирилмоқда. Фаолият бошлаган ваққтимиз фақатгина Навоий вилояти аҳолиси ва паррандачилик билан шуғулланувчи корхоналарга товуқларни етказиб берган бўлсак, ҳозирда Тошкент вилояти, Фарғона, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё, Хоразмлик ишбилармонлар ҳам бизнинг маҳсулотларимизни харид қилишмоқда. Бунда эса “Туронбанк” АТБнинг ҳиссаси жуда катта. Улар томонидан берилган молиявий кўмак эвазига олиб келинган технологиялар асосида биз замонавий иш жараёнини йўлга қўйдик. Келгусида 42 гектарлик майдонимизда саноат усулида товуқ боқиш ва тухумларни тайёрлашни режалаштиряпмиз. Бу бўйича ҳам молия муассасаси билан ҳамкорлик қилишни кўзлаганмиз. Асосий мақсадимиз парранда насилчилигини яхшилаш ҳамда маҳсулотлар ишлаб чиқариш сифатини оширишдан иборатдир, деди “Karmana Golden Eggs” МЧЖ раҳбари Азиз Суванов.   

Статистик маълумотларга қараганда, бугунги кунда юртимизда 81 миллиондан зиёд парранда боқилаётган бўлиб, уларнинг сони охирги 3 йилда 1,3 бараварга кўпайган. Тухум ва парранда гўштини етказиш ҳам мутаносиб равишда ўсиб бормоқда. Бу борадаги рақамларни аҳоли жон бошига тақсимлайдиган бўлсак, мамлакатимизда тухум етиштириш киши бошига 228 донага, парранда гўшти ишлаб чиқариш эса 6 кг.га тўғри келмоқда. Мазкур ҳажимларни янада ошириш, сифат ва нарх барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида “Туронбанк” АТБ ҳам ишбилармонларга яқиндан кўмак беряпти. Зеро, мамлакатимизни бугун ўзимиз ривожлантирмасак, четдан келиб ҳеч ким бу ишни амалга оширмайди.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 237
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech