Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

“Туронбанк” АТБ кредити янги “Melek” бренди яратилишида асос бўлди

Янгиланган сана:  23 Ноябр 2019, 12:14
23 Nov 2019

Кефир, ряженка, ёгурт, қаймоқ, сметана, творог ва пишлоқ сингари сигир сутидан тайёрланадиган маҳсулотларни барчамиз севиб истеъмол қиламиз. Сабаби, уларнинг таркибида оқсил, ёғ, углевод, витаминлар, гормонлар, ферментлар, камёб аминокислоталар, кальций ва фосфор каби 200 хилдан зиёд ҳимояловчи органик ҳамда минерал моддалар бор.

002.jpg

Турган гапки, бу элементлар инсон организмидаги моддалар алмашинув жараёнида қатнашиб, қон ивувчанлигини яхшилайди ва марказий асаб тизими фаолиятида муҳим ўрин тутади. Бугун юртимизда шу сингари сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар сони йилдан – йилга кўпайиб, таклиф этилаётган товарларнинг тури ва хили ошиб бормоқда.

“Туронбанк” АТБнинг 7,1 млн. долларлик молиявий кўмаги билан ўз бизнесини кенгайтирган “Diyora Fayz Gulshani” масъулияти чекланган жамият шулар жумласидандир. Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган завод 5.2 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, катта саноат ҳудудини ташкил этади. Молия муассасаси томонидан тақдим этилган кредит эвазига корхона ишлаб чиқариш жараёнига Туркия ва Хитой давлатларининг сутни қайта ишлаш ва соғиш, уларни сақлаш ҳамда биогаз ишлаб чиқариш каби замонавий  технологияларни жалб қилди ва Германия мамлакатидан 800 бош қорамол олиб келди. Ҳозирги кунда 1000 бошдан ортиқ наслли қорамоллар Европа стандартларига мос равишда боқилмоқда. Натижада, 50 хилдаги юқори сифатли сут ва сут маҳсулотлари, ун маҳсулотлари ҳамда кунгабоқар ёғи экологик тоза хом – ашёлар асосида ишлаб чиқарила бошланди. Заводнинг қуввати эса соатига 10 тонна сутни қайта ишлаш, йилига 23 - 24 тонна пишлоқ, 19 – 20 тонна сут маҳсулотлари, 60 – 70 тонна сарёғ тайёрлашга етди.           

03.jpg

Туркиянинг “Most” фирмаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқаришнинг тўлиқ автоматлаштирилганлиги эса сут соғиб олиш жараёнларини тоза амалга ошириш имконини берди. Шунингдек, уларни фильтрлаш ва музлаткичларда сақлаш ҳам замонавий ускуналар орқали бажарилмоқда. Аҳамиятли жиҳати, жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берувчи бундай наслли қорамол боқиш тизими Ўзбекистонда ягонадир.   

Бундан ташқари, заводда кальций тузига бой, юқори қийматли озуқа маҳсулоти ҳисобланмиш “Gauda”, “Mozarella”, “Labne” сингари қаттиқ ва юмшоқ навли пишлоқларни ишлаб чиқарувчи цех ҳам ишга туширилган. Ундаги юқори сифатли маҳсулотлар эса Италия, Швейцария, Франция, Германия каби йирик пишлоқ тайёрловчи компанияларникидан ҳеч ҳам қолишмайди.

Юртбошимиз томонидан бизнесни ривожлантириш учун яратилаётган шароитлар, ҳар қандай ишбилармонга шижоат бағишламоқда. Биз ҳам шу қулайликлардан фойдаланган ҳолда халқимиз учун сифатли бўлган сут маҳсулотларини тақдим этишга қарор қилдик. Лойиҳамиз кўп тармоқли бўлгани учун катта қувватда ишловчи заводни қуришга киришдик ва бунда бизга “Туронбанк” АТБнинг молиявий кўмаги жуда қўл келди. Яъни, бугун аҳолимиз севиб истеъмол қилаётган “Melek” бренди остидаги сут ва сут маҳсулотлари, ун ҳамда кунгабоқардан ўсимлик ёғи маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун энг замонавий ускуналар ва зотли қорамолларни харид қилдик. Натижада, тез фурсатда ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 200 га яқин янги иш ўринлари яратилди. Айни пайт 50 хил маҳсулотлар мавжуд бўлса, яқин йилларда уларнинг сонини 70 тага етказиш режалаштириляпти, деди “Diyora Fayz Gulshani” МЧЖ таъсисчиси Рустам Ҳасанов.

004.jpg

Биз Ўзбекистонлик шерикларимизнинг таклифини зўр қизиқиш билан қабул қилдик ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ҳамкорликни бошлаб юбордик. Завод қурилиши муваффақиятли якунланганидан кейин Туркиядаги брендлардан махсус ускуналар олиб келиб ўрнатилди. Айтишим керак, “Melek” бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таъми ва сифати билан жаҳон бозорларида ҳам ўз ўрнига эга бўла олади. Ҳа, яна шуни қўшимча қилиш лозим, биз Ўзбекистон иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда айрон тайёрлашни ҳам бошладик. Бизнинг мақсадимиз одамлар дастурхонига табиий, экологик хавфсиз бўлган маҳсулот етказишдир, деди Туркиялик технолог Акиф Меҳмет.

Асосий мақсад ҳам аслида шу эди. Қўшни мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаб, ҳамкорликда импорт ўрнини босувчи, рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарни ташкил этиш. Бу жараёнларда эса “Туронбанк” АТБ фаол қатнашиб, ўз бизнес режаларини амалга ошириш ниятида бўлган ташаббускорларни ҳам ҳуқуқий ҳам молиявий қўллаб – қувватлаб келмоқда. 

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 392
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech