Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

«Туронбанк» АТБ: Мақсадли фаолият истиқболнинг мезонидир

Янгиланган сана:  ...
22 Feb 2017

«Туронбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан «Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари», «Солиққа оид қонун ҳужжатлари бўйича янгиликлар» ва «Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботларни юритиш масалалари» ҳамда «Тижорат банкнинг ички сиёсатлари мазмуни, мақсади, уларнинг ишлаб чиқилишига Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қўйилаётган талаблар ва иш жараёнида қўлланилиши» каби мавзуларда кенгайтирилган семинар ташкил қилинди.

Пойтахтимизда жойлашган «Ramada» меҳмонхонасида ташкил этилган ушбу семинарда «Туронбанк» АТБ Бошқарув раисининг ўринбосарлари, департамент директорлари ва мустақил бошқармалар бошлиқлари, молия муассасасининг пойтахтимиз ҳамда вилоятлардаги мавжуд филиалларининг 100 га яқин ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг вакиллари ҳамда халқаро аудиторлик ва бахолаш  компаниялар  мутахассис-ходимлари билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиклари иштирок этишди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 30 декабрда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари, мухбир аъзолари ҳамда республиканинг етакчи олимлари билан бўлиб ўтган йиғилишда олимларнинг илмий салоҳияти ва бой хаётий тажрибасидан самарали фойдаланиш мақсадида уларни таълим муассасалари ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ташкилотлари ҳамда корхоналарига, молия муассасаларига бириктириш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилган эди.

«Туронбанк» АТБнинг мазкур семинарида ЎзФА академиги Б.Назаров ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази мухбир аъзоси, профессор Б.Абдалимовлар қатнашди. Тадбирда олимларнинг маърузалари тингланиб, банкнинг келгусидаги ривожланиш стратегиясини белгилаб беришдаилм-фаннинг роли ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, китобхонлик маданияти, бадиий ва илмий асарларнинг шахс камолотидаги аҳамияти хусусида тўхталиб, тегишли тавсиялар берилди.

Семинарнинг асосий қисмида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки «Бухгалтерия ҳисоби, ҳисоботи ва давлат бюджетининг касса ижроси» департаменти директори ўринбосари М.Марпатов республикамизда солиққа оид қонун ҳужжатлари бўйича янгиликлар ҳамда тижорат банкларида бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботларни юритиш масалалари юзасидан амалга оширилган ишлар ҳамда бу борадаги давом эттирилаётган ижобий фаолият юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Биринчи Президентимиз И.Каримов 2015 йил 24 апрелда қабул қилинган «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4720-сонли Фармони акциядорлик жамиятлари учун молиявий ҳисоботнинг ҳалқаро стандартлари (МҲХС)га ўтиш борасидаги саъй-ҳаракатларга дастуриламал бўлди. Таъкидланганидек, республикамизда бухгалтерия ҳисобини босқичма-босқич молиявий ҳисоботнинг ҳалқаро стандартлари асосида ташкил этиш ва молиявий ҳисоботларни тузиш жаҳон интеграциясига янада кенгроқ кириб бориш имкониятини яратмоқда.

–МҲХС (инглизча IFRS – International Financial Reporting Standards) асосида молиявий ҳисоботларни тақдим этиш маълумотларни таққослаш имконини кенгайтириш ва сифатини оширишга, стандартларни умумлаштиришга янада кенгроқ шароит яратмоқда, – дейди «Deloitte&Touche» халқаро аудиторлик компаниясининг мутахассиси Т.Шералиев–Ягона стандартлар халқаро даражада турли ташкилотлар фаолияти натижаларини самарали баҳолаш ва солиштириш каби муҳим жиҳатларни ўзида мужассамлаштиради. Бундан ташқари, МҲХС ҳисобот тақдим этаётган ташкилотга нисбатан ташқи фойдаланувчилар томонидан иқтисодий қарорларни қабул қилишда зарур бўладиган молиявий ҳисоботларни тузиш қоидаларини тартибга солувчи энг замонавий, қулай ва самарали ҳужжатлар тўплами эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Ўзига хос «мастер-класс» тарзида бўлиб ўтган семинарда Марказий банк мутахассислари томонидан тижорат банклари ички сиёсатларининг мазмуни, мақсади, уларнинг ишлаб чиқилишига Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қўйилаётган талаблар ва иш жараёнида қўлланилиши, шунингдек, молия муассасаси фаолиятини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиши, бунинг учун амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

Тадбир сўнггида «Туронбанк» АТБ тизимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Марказий банкнинг меъёрий ҳужжатлари талаблари асосида амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор устувор вазифалар белгилаб олинди.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 518
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech