Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

«Туронбанк» АТБ мижозлари учун очиқ мулоқот тарзидаги Ўқув семинари ўтказилди

Янгиланган сана:  9 Феврал 2019, 16:32
«Туронбанк» АТБ мижозлари учун очиқ мулоқот тарзидаги Ўқув семинари ўтказилди
15 Jan 2019

Ўзбекистон Республикаси Президенти рахбарлигида 2018 йил 20 декабрь куни ўтказилган Солиқ сиёсатининг такомиллаштирилган Концепциясини амалга татбиқ этиш бўйича олиб борилаётган ишлар, солиқ маъмуриятчилигини кучайтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги масаласида ўтказилган мажлис баёнининг ижросини таъминлаш юзасидан, «Туронбанк» АТБнинг Тошкент шаҳар ва ҳудудий филиалларида Туронбанк тизимида фаолият юритаётган мижозлар учун 2019 йил 12 январь куни “Янги солиқ тизимини жорий этиш жараёнида банк мижозларига батафсил тушунтириш ва тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш ҳамда солиқ тўловларини тўғри ҳисоб-китоб қилиш ва амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш” мавзусида очиқ мулоқот тарзидаги Ўқув семинарлари ташкил этилди.

Туронбанк раҳбарияти ва мутахассислари, вилоят ва туман хокимлиги вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки ва Давлат солиқ қўмитаси мутасаддилари, тадбиркорлар хамда банк мижозлари иштирокида ўтган тадбирда янги солиқ концепцияси, унда ишбилармонларга яратилган қулайликлар ҳамда банкнинг асосий кўрсаткичлар ва таклиф этилаётган янги оммабоп хизматлари хақида батафсил маълумотлар берилди ва кўргазмали тақдимотлар  ўтказилди.

Тадбирда берилган маълумотларга кўра юридик шахслар айланмаларидан ундириладиган давлат мақсадли фондларига мажбурий ажратмалар бекор қилинади, Қўшимча қиймат солиқ ставкасининг 20 фоизлик ҳозирги миқдори сақлаб қолинади, бунда солиқ ҳисоби тўлақонли тизими жорий этилади, солиққа тортиш базаси аниқлаштирилади, имтиёзлар сони камайтирилади ва 2019-йил якунлари бўйича ушбу солиқ ставкаси пасайтирилади.

Бундан ташқари, иштирокчиларга Ҳудудларда хўжалик юритувчи субъектларнинг нақд пул тушумларини банк кассаларига топшириш тизимини такомиллаштириш ва инкассация хизмати фаолиятини мақбуллаштириш бўйича амалий тавсиялар берилди.

«Туронбанк» АТБ томонидан ташкил этилган семинар сўнгида банкнинг бир қатор фаол мижозларини тақдирлаш маросими хам ўтказилди. Уларга самарали хамкорлик учун қимматбахо совғалар топширилди.

Шунингдек, семинар доирасида банк мижозлари республикамизнинг диққатга сазовор жойлари, жумладан, Тошкентда энг сўнгги инновацион технологиялар асосида барпо этилаётган “Tashkent City” ва “Ислом цивилизацияси маркази” лойиҳалари ҳамда қурилиш майдонларида кетаётган бунёдкорлик ишлари билан танишдилар.

Бир сўз билан айтганда, Туронбанк раҳбарияти томонидан ташкил этилиб келинаётган бу каби семинарлар банк мижозларининг мамлакатимизда бўлаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш, билим ва кўникмаларини ошириш билан бирга, уларнинг она ватанга бўлган садоқатини ва ўтмиш аждодлари тарихини ўрганиш орқали келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлайди.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 619
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech