Банкнинг энг муҳим вазифаларидан бири аҳолининг бўш пул маблағларини муддатли ва жамғарма омонатларга жалб қилишдан иборат.
Туронбанк омонатчиларга ўз маблағларини самарали жойлаштириш имкониятини яратиб берадиган жозибадор омонат турларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Хусусан, мамлакатимизда кенг нишонлаётган Наврўз айёми муносабати билан Туронбанкда аҳолига янги, милиий валютадаги “Наврўз” - муддатли омонати жорий этилди.
Шунингдек, банкда миллий валютадаги “Совға”, “Мулоқот”, “Қувонч”, “Барака”, “Шукрона”, “Имконият” ва “Юбилей” омонатлари ҳамда хорижий валютадаги “Универсал”, “Мерос”, “Юбилей” ва “Наврўз” омонатлари жорий қилинган бўлиб, улар аҳолининг кенг қатлами даромадларини оширишга мўлжалланган.
Бугунги кунда (2018 йил 15 март ҳолатига) банк омонатчилари ҳисобварақларидаги пул маблағлари қолдиғи 142.3 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27 млрд. сўмга ёки 19 фоизга ошган.
Жорий этилаётган омонат турларининг доимий янгиланиб борилиши банк ресурс базасини кенгайтиришнинг муҳим омили ҳисобланади. Келгусида ҳам аҳолининг бўш пул маблағларини жалб этиш мақсадида молия бозоридаги талаб ва таклифлардан келиб чиқиб, омонатларнинг янги турлари мунтазам равишда жорий этилади.
Жорий этилган банк жамғармаларига оид барча маълумотларни оммавий ахборот воситалари ҳамда банк расмий веб-сайти орқали аҳолига кенг тақдим этиб борилмоқда. Бундан ташқари, “SMS-банкинг” ва “Шахсий кабинет” хизматлари фаолият кўрсатиб, уларнинг ёрдамида омонатчилар ўз ҳисобварақлари ҳаракати ва қолдиғи тўғрисида маълумотларни олиш имконияти эгадирлар.
Шунингдек, «Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида»ги қонун мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда аҳоли омонатларининг бутлигини таъминлашни кафолатлаш мақсадида омонат операцияларини амалга оширишда мижозларни бармоқ изи орқали биометрик идентификациялаш тизимидан кенг фойдаланиб келинмоқда. Пировардида, омонат операцияларини омонатчининг иштирокисиз амалга оширилмаслиги 100 фоизга кафолатланган.
Молия билан ишлаб, одамлар хақида ўйлаймиз!