Маълумки, Ўзбекистон Республикасида кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ, кадрларнинг ҳуқуқий онгини, маънавий-маърифий савиясини ошириш ва қайта тайёрлаш мақсадида “Туронбанк” АТБда тасдиқланган режа-жадвал асосида турли мавзуларда ўқув семинарлари ҳамда давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда. Банк раҳбарияти ички туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, ходимларни туристик саёҳатларга жалб қилиш мақсадида ушбу семинарларни республикамизнинг турли ҳудудларида ташкил этиб келмоқда.
Ана шундай учрашувларнинг навбатдагиси жорий йилнинг 14-15 апрель кунлари Қарақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида банкнинг барча филиаллари мутахассислари иштирокида ташкил этди.
Семинарнинг амалий қисмида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 мартдаги «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 3620-сонли Қарори мазмун моҳиятини ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорларга тушунтириш, республика хукумати томонидан фуқороларга яратилаётган кенг имкониятлар тўғрисида аҳолини таништиришдан ҳамда «Тизимда ахборот технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш, иш жараёнида техника ва технологиялардан унумли фойдаланиш ҳамда банк хавфсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш» масалаларига бағишланди.
Шунингдек, маърузада банк тизимида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш ва инновацион ривожланишнинг тенденцияларини инобатга олган ҳолда молиявий очиқлик даражасини ошириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан сўз борди.
Семинарда маъруза қилган Қоракалпоғистон РеспубликасиИчки ишлар вазирлигининг Қўриқлаш бошқармаси инспектори Б.Атаджанов иштирокчиларнинг эътиборини банк тизимида қўриқлашни ташкил этишдаги ўзгаришлар, янги техник қурилма ва ускуналарнинг хусусиятларига қаратди.
Ўқув-семинар давомида «Туронбанк» АТБ республика аппарати Банк хавфсизлиги ва ахборотларни муҳофаза қилиш бошқармаси бош мутахассиси Б. Парпиев томонидан банк тизимига тегишли биноларга кириб-чиқиш ва рухсатномалар бериш соҳасидаги янги талаблар ва тартиблар, хусусан, мижозларга дастлабки рухсатларсиз ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз бевосита хизмат кўрсатиш ҳудудига кириш имкониятини яратиш, кўрсатилаётган банк хизматлари ҳақида бошланғич маълумотларни бериш хизматини ташкил этиш масалалари ёритиб берилди.
Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.
Семинарнинг иккинчи куни банк ходимлари томонидан Нукус шаҳрида жойлашган дунёга машҳур Игор Савицкий номидаги давлат санъат музейи, Беруний туманидаги Султон Увайс зиёратгоҳига саёҳат амалга оширилди. Шунингдек, Нукус шаҳрининг қадимий обидалари, гўзал архитектураси ҳамда ушбу заминнинг ўзига хос миллий анъаналари билан яқиндан танишдилар.
Ўқув семинари ва туристик саёҳатда иштирок этган ходимлар катта таассуротлар билан ўзлари фаолият юритаётган ҳудудларга қайтдилар. Банк томонидан бу каби саёҳатларни бетакрор диёримизнинг бошқа тарихий қадамжолари ва сўлим масканаларига мунтазам равишда ташкил этиш режалаштирилган.