Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

«Туронбанк» АТБ ривожланиш ва такомиллашиш йўлида

26 Oct 2016

Мамлакатимизда барча соҳалар каби молия-банк соҳасида ҳам изчил ислоҳотлар олиб борилмокда. Айни пайтда юртимизда 26 та тижорат банклари фаолият юритиб келмоқда. Шуни алоҳида такидлаш жоизки, ҳозирги кунда республикамиздаги тижорат банклари ўртасида эркин рақобат муҳити шаклланиб, банкларнинг самарали маркетинг сиёсатларини ишлаб чиқишлари ҳамда амалга оширишлари бу борада катта аҳамиятга эга ҳисобланади. Зеро, маркетинг сиёсатини самарали олиб бориш орқали банкларнинг истиқболдаги режалари аниқлаб олинади.

Бугунги кунда мамлакатимиз тижорат банкларининг асосий мақсадларидан бири бу – кичик  бизнес ва хусусий тадбиркорликни, янги иш ўринларини яратиш билан боғлиқ бўлган соҳаларни молиялашни изчил ривожлантириш, ишлаб чиқариш корхоналарининг моддий негизини мустаҳкамлаш, шунингдек, тўлов тизимини узлуксиз ва самарали амалга оширилишини таъминлашдан иборатдир.

Хусусан, «Туронбанк» АТБ томонидан олиб борилаётган маркетинг сиёсати банк ва мижоз ўртасидаги муносабатларни тубдан ўзгартириб, банк мижоз учун қоидасига асосланган. Аввал банк омонатчилар ва қарз олувчиларга банк маҳсулотларининг маълум бир турларини таклиф қилиш орқали ўз бизнесини тузган бўлса, эндиликда у мижозларнинг алоҳида гуруҳлари, йирик корхоналар, кичик бизнес вакиллари, жисмоний шахслар ҳамда бошқа турдаги мижозлар манфаатларини инобатга оладиган алоҳида хизматларнинг янги турларини жорий этмоқда. Банк фаолиятининг ягона мезони бу, мижозларнинг талаб ва эҳтиёжлари бўлиб қолмоқда.

«Туронбанк» АТБнинг кўп йиллик содиқ мижозлари таркибини сақлаб қолиш ва уларнинг сонини ошириш, уларга узоқ йилга мўлжалланган молиявий хизмат кўрсатиш банк стратегиясининг асосий режасидир. Бунда мижозларнинг реал эҳтиёжларини қондириш, уларнинг талабларига мувофиқ хизмат турларини таклиф этиш муҳим вазифадир.

Шунингдек, «Туронбанк» АТБнинг стратегик мақсадларидан яна бири - янги мижозларни жалб қилишдан иборат хисобланади. Чакана бизнес вакилларига банк хизматлари турларини янада яқинлаштириш учун амалга оширилган саъй-ҳаракатлари орқали аҳолининг «Туронбанк» АТБга бўлган қизиқиши ва ишончини ошириш мақсад қилинган. Бундан ташқари ахолининг бўш пул маблағларини банк айланмасига кенг жалб қилиш мақсадида янги жозибадор омонат турлари жорий этиб келинмоқда.

Юқорида қайд этилган мақсадларга эришиш учун «Туронбанк» АТБ ҳудудий тармоқларни кенгайтириш йўлида фаол сиёсат олиб бормоқда. Бугунги кунда пойтахтимиз ва республикамизнинг барча ҳудудларида банкнинг 17 та филиали ва 23 та мини-банки фаолият юритиб келмоқда.

Туронбанкнинг ички хужжатларига мувофиқ банк тизимида фаолият юритаётган ва янги жалб қилинаётган мижозларга имтиёзли банк тарифларини белгилаш мезонлари ўрнатилган.   

Банк янги мижозларни жалб қилиш борасида эса ҳар бир юридик ва жисмоний шахсга индивидуал тартибда ёндошиш, уларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда сифатли хизмат турларини таклиф этишни мақсад қилган. Шу мақсадда, «Интернет-банкинг” ҳамда “Turon mobile” сингари масофавий банк хизматларини такомиллаштириш банк фаолиятида устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Шунингдек, давлат дастури асосида тадбиркор аёлларга ва коллеж битирувчиларига микрокредитлар ажратиш, жисмоний шахсларга истеъмол кредитлари бериш тартиби янада соддалаштирилган.

Xулоса ўрнида айтиш мумкинки, молия муассасаси нуфузи, шубхасиз, мижозларга кўрсатилаётган xизмат сифати ва банкка ишониб топширилган маблағларнинг бус-бутлиги кафолатланганлигига боғликдир. «Туронбанк» АТБ жамоаси эса бу борадаги самарали ишларини мунтазам давом эттириб, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар кўламини кенгайтириб бормокда.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 111
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech