Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ТУРОНБАНК АТБ: СЕРҚИРРА ВА СЕРМАЗМУН УЧРАШУВ

Янгиланган сана:  9 Феврал 2019, 16:32
14 Aug 2017

 Маълумки, Ўзбекистон Республикасида кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ, кадрларнинг ҳуқуқий онгини, маънавий-маърифий савиясини ошириш ва қайта тайёрлаш мақсадида “Туронбанк” АТБда тасдиқланган режа-жадвал асосида турли мавзуларда ўқув семинарлари ҳамда давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда. Куни кеча пойтахтимизнинг «Radisson Blue Hotel Tashkent» меҳмонхoнасида банк томонидан муассасанинг юридик хизмат департаменти ходимлари ҳамда барча филиаллари юристлари иштирокида семинар ташкил этилди. Навбатдаги семинар ва давра суҳбати ҳам қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотиб, таассуротларга бой бўлди.

Даврада Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Нодира Пирматова сўз олиб, иштирокчиларга миллий ашулаларимиз тарихи ва мақом йўналишлари ҳақида гапириб берди. Шунингдек, унинг жонли ижродаги қўшиқлари йиғилганларни ўзига ром этди.

Ўқув-семинар давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Олий ўқув курслари кафедра бошлиғи Хуршид Каримов сўзга чиқиб, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, уларнинг ҳуқуқий асослари ва ҳаётга татбиқ этиш механизмлари тўғрисида батафсил гапириб берди.

Маълумки, коррупция, яъни пора олиш, бериш ёки воситачилик қилиш ўта оғир жиноят саналиб, бу иллатнинг олдини олишга қарши жиддий кураш олиб борилмоқда. Бу борада юртимизда ҳам сўнгги йилларда кескин чоралар кўрилиб, бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Жорий йил бошида қабул қилинган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун ҳам шулар сирасидандир. Шунингдек 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурининг қабул қилиниши бу борадаги ишларнинг самарали бўлишига замин яратмоқда.

Айнан семинарда ушбу мавзуга тўхталиш банк ходимлари учун ҳам фойдали бўлди. Чунки коррупция иқтисоднинг локомотиви ҳисобланган банклар фаолиятига салбий таъсир этмасдан қолмайди. Шу боис банкларда коррупцияга йўл қўймаслик, унинг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш юристлар учун муҳим вазифа эканлиги хусусида алоҳида тўхталинди.Шунингдек, коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган жазолар бўйича ҳам иштирокчиларга етарлича маълумот берилди.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёрдамчиси Азиз Мирзаев сўзга чиқиб, Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2017 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонлари ижроси юзасидан республикамиз суд тизимида жаҳон амалиёти ва замон талабларидан келиб чиқиб амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини семинар иштирокчиларига бирма-бир тушунтириб ўтди. Шу билан бирга, маърузачи банк ходимлари суд амалиётида бевосита тўқнаш келиши мумкин бўлган мунозарали вазиятларда қандай йўл тутиши, қайси қонунчилик нормаларидан фойдаланиши лозимлиги бўйича аниқ тушунтиришлар берди.адбир сўнгида иштирокчилар ўртасида қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Айниқса, банк юристларининг суд тизимига боғлиқ бўлган кўплаб саволлари ўз ечимини топди. Қолаверса, улар фаолиятида суд тизими ва банк ўртасидаги тушунмовчиликлар юзасидан ҳам ўз таклифларини билдиришди.

Тадбир якунида иштирокчилар ва мутахассислар ўртасида қизғин баҳс мунозаралар бўлди. Банк ходимлари бу каби семинарлар ушбу йуналишдаги билим ва кўникмалари ортишига хизмат қилишини қайд этиб, ўзларининг қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олдилар.

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 635
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech