Маълумки, ёшларнинг таълим олиши учун кенг имкониятлар яратиш, олий маълумот олаётган фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш мақсадида Вазирлар Махкамаси томонидан 2001 йилнинг 26 июлида “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўкиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида”ги Қарори тасдиқланганди.
Ушбу хужжатга мувофиқ, тижорат банклари таълим кредитлари бериш, уларни қайтариш, тўловнинг таъминланганлиги, муддатлилиги ва улардан мақсадли фойдаланиш шартлари асосида маблағлар ажратиб келмоқда. Xусусан, “Туронбанк” АТБ шу йил бошидан бери талабаларга 361.8 млн сўм миқдорида таълим кредитлари ажратди.
Аввало шуни айтиш керакки, таълим кредити тижорат банклари томонидан Олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва мамлакатимиз фуқароси бўлган талабаларнинг ўзлари, уларнинг ота-оналари ёки васийларига берилиши мумкин.
Ажратиладиган таълим кредитлари, ўқиш даври ҳисобга олинган ҳолда, бакалавриат босқичига қабул қилинган талабаларга ҳамда магистратура йўналишида тахсил оладиган талабаларга узоқ муддатга берилади. “Туронбанк” АТБ хам шу талаблар асосида ўз мижозларига таълим кредитлари ажратиб келмоқда. Сўнгги 5 йил давомида ёшларга жаъми 10.0 млрд сўмдан ортиқ таълим кредити ажратилган.
Шуни алоҳида кайд этиш керакки, ушбу кредит боқувчисини йўқотганлар, ”Мехрибонлик уйлари”да тарбияланганлар ҳамда болаликдан 1- ва 2-гуруҳ ногиронларига фоизсиз кредит кўринишида тақдим этилади. Талабаларнинг қолган тоифаларига эса Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган ўзгарувчи фоиз ставкалари асосида белгиланади.
Эслатиб ўтамиз, таълим кредитлари бўйича фоиз ставкаси ва тижорат банклари томонидан қўшиладиган фоизлар учун тўловлар миқдори қайта молиялаш ставкасига қараб ўзгариши мумкин, бу кредит шартномасида қайд этилади.