Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги ПФ-5099 сонли «Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармони талаблари асосида «Туронбанк» АТБ Раҳбарияти замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ва кўламини кенгайтириш масаласига жиддий ёндошмоқда.
Хусусан, банк томонидан бир қатор янги технологик ечимларни жорий этиш, замонавий Интернет ва мобиль технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали қисқа вақт мобайнида бир нечта янги хизмат турлари, жумладан, мижозларга масофадан хизмат кўрсатиш тизимлари «Корпоратив интернет банкинг», «Турон-мобайл» каби илғор тизимлар жорий этилди. Ушбу масофадан туриб банк хизматларини кўрсатиш тизимларига нисбатан мижозларнинг ҳам қизиқишлари ортиб бормоқда. Айниқса ўтган 2017 йил давомида ушбу салмоқнинг кескин (деярли 1,6 баробар) ўзгариши ҳолати кузатилди. Мижозлар Интернет ва мобиль алоқа технологияларидан фойдаланган ҳолда ушбу тизимларга уланиб, ўз ҳисобрақамлари орқали ўтаётган барча амалиётлар тўғрисида муфассал маълумотлар олишлари, тўловлар ўтказишлари мумкин, ҳамда ушбу тизимлар мижозга банк билан доимий алоқада қолишларини таъминлаб беради. Мижозлар банк ходими билан чат орқали маълумотлар алмашишлари, банк тизимидаги янгиликлардан доимий хабардор бўлиб туришлари мумкин.
Кўп тармоқли мижозлар учун, айниқса, «Корпоратив интернет-банкинг» тизими бир қатор қулайликларни яратиб бера олиши билан эътиборга лойиқдир. Хусусан, ушбу тизим мижозлар учун ўз тасарруфидаги корхоналарнинг хисоб рақамлари орқали ўтказилаётган амалиётларни назорат қилиш имконини беради. Географик жихатдан турли худудларда жойлашган бўлишига қарамай банк томонидан мижозга қарашли барча корхоналарга бир вақтда хизмат кўрсатилиши, айниқса, мижозлар учун турли филиаллардаги хисобрақамларини фаол назорат қилишга имкон берилиши, шубхасиз, ушбу тизим мижозлар эътиборини қозонишининг асосий сабабларидан биридир. Ушбу тизимларнинг яна бир эътиборли томони – уларнинг 24 соат давомида реал вақт режимида фаолият кўрсатиши билан биргаликда узатилаётган ва қабул қилинаётган ахборотларнинг электрон рақамли имзо калитларидан фойдаланган ҳолда ишончли тарзда ҳимояланганлигидир. Қўшимча равишда мижозларга қулайликлар яратиш мақсадида, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2017 йил 25 январдаги 1320/121-сонли хатида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, “Туронбанк” АТБ хисобварақларга масофадан хизмат кўрсатиш тизими орқали Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида (ЕЭИСВО) рўйхатдан ўтказилган шартномалар бўйича маълумотларни кўриш ва чоп этиш имкониятлари ҳам яратилди.
Замонавий технологияларга асосланган ахборотлаштириш тизимларининг тўлақонли ишлашини таъминлашда алоқа каналларининг маълумотлар узатиш тезлиги ва сифати асосий роль ўйнашини ҳисобга олиб, Бош банк ва филиаллар ўртасидаги алока каналларининг маълумотлар узатиш тезлигини бир неча баробар оширилди, ҳамда тегишли алоқа тугунлари юқори тезликка эга бўлган телекоммуникацион жихозлар билан таъминланди ва улар орасида оптик-толали каналлар ва заҳира каналлари ташкил этилди.
Жисмоний шахсларнинг турли ҳил хизмат кўрсатувчи ташкилотларга амалга ошириладиган тўловларини реал вақт режимида ўтказилишини таъминлаш мақсадида Марказий банкнинг МУНИС клиринг тизими имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Хусусан, амалда фойдаланилаётган тўлов турлари қаторида жисмоний шахсларнинг биометрик паспорт учун тўловларини, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича тўловларни Марказий банкнинг МУНИС клиринг тизими орқали ўтказилиши йўлга қўйилди. Шунингдек, ҳисобот йили давомида жисмоний шахслар учун МУНИС клиринг тизими орқали картадан-картага маблағлар ўтказиш имкониятлари ҳам яратилди, барча филиаллар, жамғарма кассалар ва махсус кассаларда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказилиши ва хисобга қўйилиши бўйича тўланадиган тўловларни МУНИС клиринг тизимига уланган ҳолда аниқ вақт режимида қабул қилиш йўлга қўйилди.
Хисоб-китоблар ва тўлов тизимининг фаол иштирокчиси бўлган банкимиз хисоб-китобларни амалга оширишнинг тартиби, муддати ва стандартларига қатъий риоя этиш баробарида, мижозларга кўрсатилаётган хизмат турларини бозор иктисодиёти реалликларидан, макроиктисодий вазиятдан келиб чиққан ҳолда янада ривожлантириб ва такомиллаштириб боради, деб ишонтира оламиз.