2018 йил 10-11 март куни Жиззах шаҳрида “Туронбанк” АТБ Жиззах филиалида ўқув-семинари бўлиб ўтди
Мухтарам Президентимиз томонидан вазирлик, идора ва ташкилот ходимларининг масъулиятини ошириш, билим савиясини кўтариш ва ишга бўлган муносабатини ўзгартириш бўйича аниқ топшириқ ва вазифалар берилиб келинмоқда.
Шундан келиб чиқиб, «Туронбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан ходимларнинг ҳуқуқий онгини, маънавий-маърифий савиясини ошириш ва қайта тайёрлаш мақсадида турли мавзуларда ўқув семинарлари ташкил этиб келинмоқда.
Мазкур тадбирларда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, банк-молия соҳасини янада ислоҳ қилишга доир Президентимизнинг фармон ва қарорлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти чуқур ўрганилмоқда.
Айниқса, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан тўғри ишлаш замон талаби бўлмоқда. «Туронбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан ўтказилган навбатдаги семинар Жиззах шаҳрида ««Туронбанк» АТБ тизимида ижро интизомини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этилиши» мавзуларида амалий семинар тарзида ўтказилди.
Банкнинг бош офиси, Тошкент шаҳри ва вилоят филиаллари ходимлари иштирокида ўтказилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларининг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талаблари, банк Бошқарувининг 2017 йил 21 ноябрдаги 130-сонли қарори билан тасдиқланган “Туронбанк” АТБ тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш Тартиби”га, “Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида “Ижро интизомига амал қилиш Тартиби”га ҳамда “Банк ходиминининг касб одоб-ахлоқи кодекси” талабларига, шунингдек, банк ходимининг муомала маданияти масаласига батафсил тўхталиб, банк ходимларига тегишли кўникма ва тушунчалар берилди.
Семинарда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг масъул ходимлари “Жисмоний ва юридик шахсларининг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳрири талаблари хусусида тушунтиришлар берилди. Банк тизимида мазкур Қонун ижроси, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги йўл қўйилаётган камчиликлар маърузачи томонидан ёритиб берилди.
Маърузачи мазкур қонун талабларига тўхталиб, Халқ қабулхоналари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасининг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси сайтига янгилик сифатида киритилаётган мурожаатларга реал вақт режимида онлайн-маслаҳатлар бериш тизими ҳақида тегишли тушунчалар бериб ўтди.
Шунингдек, семинарда “Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида “Ижро интизомига амал қилиш” тартиби, тамойиллари тўғрисида асосий тушунчалар билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ижро интизомини мустаҳкамлаш тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш юритиш ва ижро назоратини ташкил этиш бўйича норматив ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақидаги қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан назорат юритилиши ва бу соҳада амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар хусусида тавсиялар бериб ўтилди.
Бундан ташқари, семинарда “Банк ходимининг касб одоб-ахлоқ кодекси” талаблари, банк ходимлари эътибор қаратиши зарур бўлган муҳим масалалар, касб одоб-аҳлоқ этикаси анъаналарига сўзсиз риоя қилишлари, жамият ва давлат олдидаги ўзларининг фуқаролик ва профессионал бурчларини англашлари, амалдаги қонунчилик меъёрларига асосланган ҳолда ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажаришлари, шу жумладан ўзларига юклатилган лавозим мажбуриятларига риоя этишлари ҳамда банк мижозларига юқори савияли банк хизматларини кўрсатишлари бўйича тушунча ва йўналишлар белгилаб берилди.
Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.
Семинар иштирокчилари банк раҳбарияти томонидан ходимларнинг билимини, савиясини, малакасини ошириш, маънавий-аҳлоқий етук замонавий фикрлайдиган, интеллектуал даражаси юқори кадрлар заҳирасини шакллантириш йўлида олиб бораётган ишларига юқори баҳо бериб, бу каби маънавий-маърифий тадбирларни тизимли равишда давом эттириш келажакда банк ходимларининг хизмат фаолиятларида ижобий натижалар беришини таъкидлаб ўтдилар.
Семинарда, "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" Давлат дастури ижросини таъминлашда банк тизими олдида турган устувор вазифалар ижроси борасида амалий таклифлар билдирилди.
Охирги вақтларда туризмни ривожи бўйича кўплаб Президентимиз қарорлари имзоланди. Имкониятдан фойдаланган ҳолда, «Туронбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан ходимларнинг билими ва савиясини ошириш билан бирга уларнинг маънавий дунёсини ҳам бойитишга алоҳида эътибор қаратилиб, ички туризмни ривожлантиришга, ходимларни туристик саёҳатларга жалб қилиш йўлга қўйилди.
Ички туризмни ривожлантириш, банк ходимларини туристик саёҳатларга жалб қилиш, уларнинг маънавий дунёқарашларини бойитиш мақсадида, 2018 йилнинг 11 март кунлари банкнинг Бош офиси ва вилоят филиаллари ходимлари билан биргаликда Жиззах вилояти ва Жиззах шаҳрида жойлашган тарихий қадамжолар ва зиёратгоҳларга, шунингдек, салқин ва мўътадил тоза ҳавоси, арчазорлари билан донг таратган Зомин тоғ-ён бағрларига саёҳат амалга оширдилар.
Ушбу саёҳат банк ходимлари учун нафақат эсда қоларли таассуротлар, балки уларга маънавий озуқа, кўтаринки руҳ ва яхши кайфият бериб, ходимларнинг келгуси фаолиятларида, жумладан мижозлар ва ҳамкасабалари билан мулоқотда албатта ижобий натижалар беради.
Саёҳат давомида “Жиззах” махсус индустриал зонасига ҳамда Жиззах шаҳрида ўзбек халқининг унутилмас сиймолари Шароф Рашидов, забардаст шоир Ҳамид Олимжон ва шоира Зулфияхонимга аталган ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрилди.
Банк ходимлари саёҳат давомида Жиззах шаҳрининг қадимий обидалари, гўзал архитектураси ҳамда ушбу заминнинг ўзига хос миллий анаъналари билан яқиндан танишдилар, шунингдек мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида бўлаётгани каби, бу ерда ҳам олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.
Семинар ва саёҳат иштирокчилари чуқур таасуротлар билан ўзлари фаолият юритаётган шаҳар ва вилоятларга қайтдилар.
Банк томонидан бу каби саёҳатларини бетакрор диёримизнинг бошқа тарихий қадамжолари ва сўлим масканаларига мунтазам уюштириб борилиши режалаштирилган.